Ўзбекистон | 17:20 / 13.02.2023
24455
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбий қисмда ўзини отгани айтилган аскар ўлимида жиноят аломати йўқ деб топилди

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказган Тошкент ҳарбий прокуратураси ҳарбий қисмда суткалик наряд ва қурол-яроғни топшириш-қабул қилишда камчиликларга йўл қўйилганини аниқлаган.

Фото: KUN.UZ

Иш ҳужжатларида келтирилишича, 2023 йил 11 январь куни соат 10:00ларда оддий аскар Миржалол Имомов ҳарбий қисм назорат ўтиш пунктида суткалик нарядини ўтаётган вақтида дам олиш хонасига кириб, қурол сақлаш жавонида турган, бошқа бир навбатчи сержантга бириктирилган АК-74 русумли жанговар автоматни олган. Сўнг қуролдан ўзининг жағ қисмида отиб жонига қасд қилган.

Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатлар ва экспертизалар хулосаларидан келиб чиқиб, аскарнинг ўлимида бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмаган. Шу сабабли 2023 йил 11 февраль куни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Бош прокуратурага кўра, ҳарбий қисмда суткалик наряд ва қурол-яроғни топшириш-қабул қилишда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони номига тақдимнома киритилган. Қабул қилинган қарор қонунийлиги ҳарбий прокурор томонидан назорат тартибида ўрганилмоқда.

Аввалроқ марҳумнинг яқинлари Миллий телеканалининг “Миллар” дастурига берган интервьюсида аскар йигит уриб ўлдирилган деган гумонда эканини билдиришганди.

Аввалроқ Қашқадарёда, сўнгра Сурхондарёда ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар хизмат вақтида вафот этганди.

 

Мавзуга оид