Мева ва сабзавотлар аввалгидек тўйимли ва витаминларга бой эмас: бунга сабаб нима?
Ҳозирги мева ва сабзавотлар таркибидаги озуқавий моддалар 1950-йиллардагидан 38 фоизгача камайганини халқаро тадқиқотлар исботлаган. Бу қисқариш инсонни касалликлардан ҳимоя қиладиган иммун тизим ишлашини ҳам секинлаштириши мумкин.
8 млрддан ошган инсониятни тўйдириш учун дунё супермаркет расталарида катта ва ялтираб, иштаҳани очиб турадиган мева ва сабзавотлар кўпайиб боряпти. Бироқ тадқиқотларга кўра, бундай мева ва сабзавотлар таркибидаги озуқавий моддалар 70 йил олдингиларидан 38 фоизгача камайган.
Тақчиллашган озиқ моддалари
Деҳқончилик маҳсулотлари таркибидаги озиқ моддаларнинг камайиши ҳақидаги илк йирик тадқиқотлардан бирини 2004 йилда Техас университети олимлари ўрганишган. Улар 43 хил экинни 1950 ва 1999 йилларда йиғилган USDA озуқавий моддалар маълумотлари билан таққослашган. Танлаб олинган экинларда 13 хил озуқавий модда миқдори ўзгаргани аниқланган.
Жумладан, B2 витамини — 38 фоиз, калций — 16 фоиз, темир моддаси — 15 фоиз, фосфор — 9 фоиз, протеин — 6 фоизгача камайгани қайд этилган. Хусусан, брокколи, карам, ханталда калций; бодринг ва шолғомда темир моддаси; C витамини миқдори эса турли кўкатларда қисқарган.
Foods журналининг 2022 йил январ сонида чиққан тадқиқотларда ҳам шундай ҳолат кузатилган. Австралияда етиштирилган ширин маккажўхори, қизил картошка, гулкарам, яшил ловия, яшил нўхат ва нўхатларда темир моддаси 30 фоиздан 50 фоизгача камайган.
Scientific Reports журналининг 2020 йилги сонидаги тадқиқотда эса дон маҳсулотларидаги озиқ моддалар камайгани исботланган. Буғдой таркибидаги протеин миқдори 1955 йилдан 2016 йилгача 23 фоизгача пасайган бўлса, марганец, темир, рух ва магнийда ҳам сезиларли пасайиш кузатилган.
Озиқ моддаларнинг камайиши кимга қандай таъсир қилади?
Дунё олимлари одамларни кўпроқ ҳўл мева ва сабзавотлар истеъмолига чақираётган бир пайтда, маҳсулотларнинг тобора тўйимсиз бўлиб бораётгани ташвишли ҳолат.
«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибида озиқ моддалар камлиги сурункали касалликларга қарши ҳимояни таъминлайдиган тизимларнинг кучсизланишига олиб келади. Одамлар ўзларини сурункали касалликлардан ҳимоя қила олмай қоладилар», — деган Остондаги Техас университети геморфология профессори Девид Р.Монтгомери.
Бу фикрни Сиэтллдаги Вашингтон университетининг иқлим ўзгариши ва саломатлик бўйича мутахассиси Кристи Эби ҳам маъқуллаган. Унга кўра, қайта ишланган маҳсулотлардан ўзини тиядиган ва барра маҳсулотларни афзал кўрадиганлар ҳам бобо-бувилари вақтидагидек озуқани тополмайди.
Буғдой ва гуруч бутун дунё бўйлаб истеъмол қилинадиган калорияларнинг 30 фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Озуқавий моддаларнинг пасайиши донли маҳсулотларни кўп истеъмол қиладиган кам даромадли давлатлар аҳолисига кўпроқ таъсир қилади.
«Хотин-қизларда темир моддаси танқислиги камқонликни келтириб чиқаради», — деган Эби.
Ҳайвонлар озуқаси олдингидек тўйимли бўлмай қолгани инсонлар учун гўшт ва гўшт маҳсулотларини ҳам тўйимсиз қилганини айтади Монтгомери.
Озиқ моддалар қисқаргани сабаблари
Экинлардаги озиқ моддаларнинг камлигига бир қанча факторлар таъсир қилади. Биринчиси, экинлар ҳосилдорлигини оширишга қаратилган замонавий деҳқончилик усуллари.
«Ўсимликларни каттароқ ва тезроқ ўстиришга уриниш ўсимликлар тупроқдаги озуқа моддаларини сингдира олмаслиги ёки озуқа моддаларини ичкарида синтез қила олмаслигига сабаб бўлади», — дея тушунтирган Техас университетидан Доналд Р.Девис.
Қишлоқ хўжалигининг суғориш, ўғитлаш ва йиғиш усуллари ўсимликлар ва тупроқ замбуруғлари ўртасидаги ўзаро таъсирни бузяпти. Бу — тупроқдан озуқа моддаларининг сўрилишини камайтиради.
Яъни, фермерлар кўпроқ ҳосил оламан деб, тупроққа кўп ўғит сепишади ва маҳсулотнинг шакли катталашиб, озиқ модда камаяди.
Яна бир омил — экинлардан кўпроқ ҳосил олишга уриниш. Энди тупроқ кўпроқ ҳосил бераман деб ўзидаги озуқа моддаларини олдингидан ҳам кўпроқ маҳсулотга сарфлайди. Натижада ҳосил кўп, лекин озиқ моддалар кам бўлади. Дейлик 1 гектар ер олдин 1 тонна маҳсулотга озиқ модда етказган бўлса, энди 1,5 тоннага етказиши керак.
Учинчи омил — атмосферадаги карбонат ангидрид миқдорининг ошиши.
Барча ўсимликлар фотосинтез жараёни орқали атмосферадан карбонат ангидрид сўриб олиб, уни парчалайди ва ўсиш учун углероддан фойдаланади, деб тушунтиради Эби. Аммо буғдой, гуруч, арпа ва картошка каби экинлар юқори даражадаги карбонат ангидрид сўрганда, таркибида кўпроқ углеродга асосланган бирикмаларни ҳосил қилади. Бундан ташқари, карбонат ангидрид концентрацияси юқори бўлганда экинлар тупроқдан камроқ сув сўради, дейди Эби.
Science Advances журналининг 2018 йилги сонидаги тажрибалар 18 турдаги гуручда карбонат ангидрид миқдори юқори бўлганда оқсил, темир, рух ва бир қанча B витаминлари концентрацияси пасайганини тасдиқлаган.
Нима қилиш керак?
Тупроқни яхшилаш усулларидан бири бу регенератив деҳқончилик деб маслаҳат беради халқаро тадқиқотлар. Бу — қайта тикланадиган деҳқончилик, тупроқ унумдорлигини тиклай оладиган кенг қамровли, босқичма-босқич бажариладиган амалиётлар тўплами дегани.
PeerJ: Life & Environment журналининг 2022 йил январ сонидаги тадқиқот шуни кўрсатадики, регенератив деҳқончилик амалиётлари тупроқдаги органик моддалар, тупроқ сифати кўрсаткичлари, баъзи витаминлар, минераллар ва фитокимёвий моддалар даражаси юқори бўлган экинларни беради.
Бунда биринчи қадам, ерга ишлов беришни камайтиришдир. Яна тупроқ таркибини яхшилаш учун беда, жавдар ўти каби экинларни алмашлаб экиш жуда муҳим. Чунки бу ўсимликлар эрозиянинг олдини олади ва бегона ўтларнинг ўсишини камайтиради, ерни тозалайди. Ўсимликларни алмашлаб экиш кейинги экинларнинг озуқавий таркибини яхшилаши мумкин.
Харидорлар эса турли хил ва рангдаги маҳсулотларни харид қилиш орқали, ўзларига етишмаётган озуқа моддалари ўрнини қисман тўлдира олишлари мумкин, деб маслаҳат берди, Алабама университети доценти Кристи Кроу-Уайт. Чунки қайсидир маҳсулотда кам бўлган витамин ўрнини бошқаси билан тўлдирса бўлади.
Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади
Мавзуга оид
08:52 / 09.12.2024
Черногория Ўзбекистон сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари импортини кенгайтиради
12:25 / 26.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон мавсумий мева-сабзавотларни ўзаро етказиб беради
12:00 / 09.10.2024
Улкан бақлажондан узун ловиягача. Англиялик пенсионер гигант сабзавотлар етиштириш бўйича 25 марта рекорд ўрнатди
07:39 / 01.07.2024