Ўзбекистон | 10:37 / 16.02.2023
17677
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида қор кўчди

Ҳозирда йўллар тозаланмоқда, йўловчилар учун иситиш пунктлари ташкил этилган. Фарғона водийсига қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

«Тошкент-Ўш» йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи қисми 15 феврал куни соат 22:40 лар атрофида қор кўчиши хавфи туфайли транспортлар ҳаракати учун вақтинча ёпилганди. Кейинроқ «Ўзгидромет» тунги соат 1:30 дан бошлаб йўлнинг 228−253 км қисмида қор кўчиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Ўзгидромет» ходими Эркин Абдулаҳатов соат 1:40 лар атрофида йўлнинг 239 км қисмига қор кўчкилари тушганини маълум қилди. Тонгда эса кўчки 234 км.да ҳам қайд этилгани маълум бўлди.

Фото: t.me/uzb_meteo.

Ўзбекистон ФВВ маълумотига кўра, тунда фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев довонга борган ва қор кўчкисидан огоҳлантириш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш ишларига бошчилик қилган.

Хоҳловчилар учун эса довоннинг ўзида исиниш нуқталари ҳам ташкил этилган.

Фуқароларни манзилларига етказиш мақсадида Оҳангарон ва Ангрендан Фарғона водийси йўналишида қўшимча поездлар қатнови амалга оширилмоқда.

«Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида водий вилоятларига боришни режалаштирган йўловчилар учун Ангрен ҳамда Оҳангарон вокзалларида Оҳангарон—Ангрен—Андижон қўшимча темирйўл рейси амалга оширилди.

Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамкорликдаги хизматлар иштирокида йўловчилар ўз манзилларига хавфсиз етиб олишлари таъминланди», дейилади хабарда.

Фото: ФВВ ахборот хизмати

Мавзуга оид