Жаҳон | 11:17 / 16.02.2023
4707
2 дақиқада ўқилади

Техасдаги савдо марказида отишма: бир киши ҳалок бўлди

Эл-Пасо шаҳридаги савдо марказида номаълум шахс ўт очди. Камида бир киши ҳалок бўлди, яна уч киши яраланди.

Фото: AP

15 февраль, чоршанба куни Техас штатининг Эл-Пасо шаҳридаги Cielo Vista Mall савдо марказининг фуд-кортида номаълум шахс томонидан уюштирилган отишма оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, яна уч киши яраланди.

Гумондорлардан бири қўлга олинди, полиция унинг эҳтимолий шеригини қидиришни давом эттирмоқда, дея хабар берди Reuters полиция вакили Роберто Гомесга таяниб. Сержант Гомеснинг сўзларига кўра, савдо марказидаги отишма тартибсизликка сабаб бўлган, «қўрқиб кетган ташриф буюрувчилар қочишга тушган».

Расмийлар фуқароларни воқеа жойига яқинлашмасликка чақирди, чунки у ерда отишма билан боғлиқ ҳодиса ҳамон давом этмоқда. 

CNN маълумотларига кўра, яраланган икки эркак ҳозир Эл-Пасо университети тиббиёт марказида оғир аҳволда қолмоқда. Учинчи жабрланувчининг аҳволи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. 

Журналистлар Cielo Vista Mall савдо маркази Walmart супермаркети ёнида жойлашганига эътибор қаратди, у ерда 2019 йил 3 август куни ҳужум қилган шахс 23 кишини отиб ташлаган ва яна йигирмадан ортиқ одамни яралаган.

Мавзуга оид