Ўзбекистон | 11:35 / 22.02.2023
17582
2 дақиқада ўқилади

“Судьялар тўлиқ тергов органи измида қоляпти” – Наманган вилоят суди раиси

“Этни жунжиктирувчи статистика” ҳақида гапираркан Наманган вилоят суди раиси лавозимига тайинланган Алишер Усмонов адвокатлар билан учрашувда судьялар ҳамон тергов органи измида экани, суд амалда жазоловчи функциясини бажараётганини эътироф этди.

Суд раисининг айтишича, 2022 йилда Наманганда жиноят ишлари бўйича судларга қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашни сўраб 2029 та илтимоснома киритилган. Шундан 2024 та ёки 99,75 фоиз (!) илтимоснома қаноатлантирилган. Бошқа вилоятларда ҳам аҳвол тахминан шундай, нари борса бир фоиз ортиқ ёки кам бўлиши мумкин. Республика бўйича эса 97,8 фоиз ҳолларда судлар қамоқ эҳтиёт чорасини тайинлаган, деб Алишер Усмоновнинг сўзларини келтирмоқда advokatnews.uz нашри. 

А.Усмонов буни “этни жунжиктирувчи статистика”, дея баҳолаган.

“Ҳа, қиладиган иш ҳали кўп. Очиғи, биз чинакам одил судлов тизимини қуриш йўлининг бошида турибмиз холос”, дейди А.Усмонов.

Вилоят суди раисининг ушбу гаплари шунча йиллардан буён ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижа бераётганини жиддий савол остида қолдиради.

Маълумот учун, Президент маслаҳатчиси ўринбосари вазифасида ишлаган Алишер Атаханович Усмонов 2022 йилнинг декабрида судьялик лавозимидан бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Наманган вилояти суди раиси этиб тайинланганди.

Мавзуга оид