АҚШ «Қиёмат куни самолёти»ни Европага кўчирди
Ушбу самолёт ядровий урушда қуролли кучларни бошқариш учун мўлжалланган ҳаво қўмондонлик пунктидир.
Қўшма Штатлар E-6B Mercury «Қиёмат куни самолёти»ни Европага кўчирди. Бу ҳақда 28 феврал куни Америка қўшинларининг Европадаги қўмондонлиги маълум қилди.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг ҳаво қўмондонлик пункти вазифасини бажарувчи самолёт Исландияга қўнди.
«АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг E-6B Mercury самолёти АҚШ стратегик қўмондонлигининг биринчи қаноти томонидан бошқарилади ва яқинда Исландияга етиб борди. У АҚШ Европа қўмондонлиги масъулият ҳудудида ишлайди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, самолёт экипажи аъзолари Исландияда АҚШ элчиси ва бошқа дипломатлар ҳамда ҳарбий хизматчилар билан учрашган.
Исландия ҳудудида Кефлавик аэродроми жойлашган бўлиб, АҚШ армияси 1941 йилдан 2006 йилгача ундан фойдаланган. Аммо кейин мамлакатни тарк этган. Орадан 10 йил ўтиб, 2016 йилда АҚШ ва Исландия Америка қўшинларини оролга қайтариш бўйича келишув имзолади. Исландия расмийлари бу қадамни Европадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани билан изоҳлади.
E-6B Mercury - Америка ҳарбий стратегик қўмондонлик ва бошқарув самолёти, шунингдек, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари учун ҳаво-десант қўмондонлик пункти. У «Қиёмат куни самолёти» деб ҳам аталади, чунки ядровий урушда қуролли кучларни бошқариш учун мўлжалланган ҳаво қўмондонлик пунктидир.