Иқтисодиёт | 17:24 / 12.03.2023
54235
10 дақиқада ўқилади

Постсовет мамлакатлари Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беряптими?

Хитой, Арманистон, Туркия, БАА, шунингдек Марказий Осиёдаги айрим давлатлар тақиқланган товарларни Россияга ноқонуний етказиб бериш учун «транспорт пунктлари» вазифасини бажараётган бўлиши мумкин. АҚШ Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашишда тавсиялар берди ва шубҳали ўтказмаларга эътиборли бўлишга чақирди.

Кўплаб давлатлар Россия Украинага бостириб киргач у билан иқтисодий алоқаларни узди ва Россия иқтисодига зарба бериш учун санкциялар жорий қилди. Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия Россияга қарши жиддий иқтисодий чекловлар киритди, мамлакатнинг юзлаб бадавлат шахслари ва ҳукумат амалдорларини санкциялар рўйхатига қўшди ҳамда Москвани халқаро молия тизимидан сезиларли даражада узиб қўйди. Шунингдек, Россияга илғор технологиялар экспорти тўхтатилди ва Россия авиакомпанияларининг Ғарбга парвозлари тақиқланди.

Коллектив Ғарб евроҳудуддан Россияга қўшни давлатларга экспорт кескин ўсаётганини қайд этган. Уларнинг шубҳаланишича, бу Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни айланиб ўтишга уриниш бўлиши мумкин. Россия компанияларига ёрдам бераётган учинчи давлатлар ташкилот ва шахсларига нисбатан иккиламчи санкциялар таҳдиди кундан кунга ортмоқда. Ўзбекистон ҳам Россия учун санкциялардан қочиш йўлакларидан бирими?

Иқтисодий санкциялар ва уларнинг моҳияти

Иқтисодий санкциялар бу – хавфсизлик ёки ташқи сиёсат масалалари билан боғлиқ маълум мақсадларга эришиш учун савдо ва молиявий операцияларни чеклаш ёки тўлиқ тўхтатиш. Санкциялар ҳам алоҳида давлатлар, ҳам халқаро ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга, ташкилотларга ёки давлатларга нисбатан қўлланиши мумкин. Санкция жорий қилган ва санкцияга учраган мамлакатлар ўртасида иқтисодий боғлиқлик қанчалик юқори бўлса, чекловлар ҳам шунчалик самарадор ҳисобланади.

АҚШ иқтисодий санкциялардан энг кўп ва фаол фойдаланадиган мамлакат бўлиб, буни асосан долларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ҳукмрон роли билан изоҳлаш мумкин. Халқаро ҳисоб-китобларда долларнинг юқори улуши санкциялар режимларининг бузилишини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади ва Қўшма Штатлар жорий қилган чекловларни четлаб ўтиш эҳтимолини минималлаштиради.

Европа Иттифоқи хавотирлари

Евроиттифоқнинг санкциялар ижроси бўйича халқаро махсус вакили Дэвид О’Салливаннинг сўзларига кўра, Россияга экспорт ҳажмини ошираётган айрим давлатларга Европа Иттифоқидан ҳам экспортнинг «шубҳали» ўсиши қайд этилган. 

О’Салливаннинг таъкидлашича, бу нимадир нотўғри кетаётганини кўрсатиши мумкин. Мисол тариқасида у Сербия, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларини келтириб ўтган.

«Гап бу мамлакатларни танқид қилиш эмас, балки улар билан юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилишда. Иттифоқчиларимиздан фарқли ўлароқ, бу давлатлар санкцияларга қўшилмаслик йўлини танлади, лекин улар санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беришни истамаслигини айтди. Биз уларнинг ўз ваъдасига амал қилаётганини текширамиз, нима бўлаётганини, қандай чоралар кўрилаётганини ўрганамиз», деган у.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки таҳлилига кўра, Арманистон ва Қирғизистонга ғарб мамлакатларидан импорт ҳажми ҳам, ушбу мамлакатлардан Россияга экспорт ҳажми ҳам кескин ошган.

«2022 йил май-июл ойларида инфляцияни ҳисобга олган ҳолда Россияга Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британиядан экспорт 2017-2019 йиллардаги ўртача кўрсаткич билан солиштирганда икки баравардан кўпроққа камайган. Ўз навбатида, Европа ва АҚШдан Арманистон ва Қирғизистонга экспорт ҳажми 80 фоиздан кўпроққа ошган. Бу икки давлат, ўз навбатида, худди шу даврда Россияга экспортини икки баробардан кўпроққа кўпайтирган. Европа Иттифоқидан Марказий Осиёга автомобиллар, электроника, қишлоқ хўжалиги техникаси ва насослар экспорти асосан Қозоғистон ҳисобига ошди», дейилади ЕТТБ ҳисоботида.

Euromonitor International 2022 йил мартидан ноябригача Европа Иттифоқидан Россияга товарлар экспорти 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга (36,3 миллиард еврогача) камайганини қайд этган. Шу билан бирга, Россияга қўшни бўлган МДҲ давлатларига (Беларус, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга) Европа товарларини етказиб бериш 48 фоизга ошган (20,3 миллиард еврогача).

Қайд этилишича, чеклов ўрнатилганидан кейин Европа Иттифоқидан баъзи товарларни Россияга етказиб бериш 71 фоизга камайган. Бироқ айнан шу товарларни Россияга қўшни бўлган олти давлатга экспорт қилиш 95 фоизга ошган.

АҚШ эҳтиёт бўлишга чақирмоқда

АҚШ Савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан тузилган санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш бўйича тавсияномалар эълон қилинди. Департаментлар биринчи навбатда Америка маҳсулотлари ёки чекловларга дучор бўлган бошқа товарлар билан савдо қилувчи компанияларни ҳушёр бўлишга чақирди. Шунингдек, санкциялар бузилиши белгилари мавжуд бўлса, қўшимча текширувлар ўтказишни тавсия қилди. 

Санкцияларни четлаб ўтишга уриниш бўлиши мумкинлигини кўрсатадиган белгилар («қизил байроқлар») қуйидагилар:

  • харидор маҳсулотдан нима мақсадда фойдаланмоқчи экани ҳақидаги маълумотни беришни истамаслиги, шу жумладан махсус ҳужжатни тўлдиришдан бош тортиши;
  • халқаро банк ўтказмалари учун қалбаки компаниялардан фойдаланиш;
  • сотиб олинган товарларни ўрнатиш, ўргатиш ёки техник хизмат кўрсатишдан бош тортиш;
  • мижознинг IP-манзили ва у томонидан кўрсатилган манзил ўртасидаги фарқ;
  • интернетда кам тавсифланган ёки умуман нотаниш ташкилотлар билан операциялар;
  • товарларни Хитой (шу жумладан Ҳонгконг ва Макао), шунингдек, Россияга яқин бўлган бошқа мамлакатлар – Арманистон, Туркия, Ўзбекистон орқали етказиб бериш;
  • харидорга алоқадор бўлмаган компаниядан тўловни қабул қилиш ва бошқалар.

АҚШ ҳукумати санкцияларни четлаб ўтиш учун транзит нуқтаси сифатида фойдаланиш мумкин бўлган давлатлардан Хитой, Арманистон, Туркия ва Ўзбекистонни алоҳида ажратиб кўрсатган.

«Ҳар қандай корхоналар ўрнатилган тартибга мувофиқ ҳаракат қилишлари керак, акс ҳолда улар ва уларнинг бизнес шериклари жавобгарликка тортилиши мумкин», дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистон учун хатарлар

Ўзбекистоннинг санкцияга учраган маҳсулотларни Россияга олиб ўтишда транзит бўлиши мумкин бўлган «шубҳали» давлатлар қаторига қўшилиши ўз ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилишга уринаётган расмий Тошкент имижига салбий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, истиқболда АҚШ ва Европа Иттифоқи бозорларида фаолият юритувчи компаниялар россиялик контрагентлар билан ҳамкорлик қилишда чекловлар хавфини чуқур таҳлил қилишлари керак бўлади.

Банклар молиявий хизматларини тақдим этиш орқали бутун иқтисодиётда кўприк ролини ўйнайди. Шу жиҳатдан, биринчи навбатда Ўзбекистондаги тижорат банкларининг санкцияларга учраган Россия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш жараёнида иккиламчи санкцияларга тушиб қолиш эҳтимоли ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Аввалроқ, Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан «Капиталбанк», «Анорбанк» ва «Равнақ-банк» иқтисодий санкциялар ва экспортга тақиқлар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир юклатилган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйгани сабабли огоҳлантирилганди.

Kun.uz юқоридаги 3 та банк айнан қандай камчиликларга йўл қўйганига ойдинлик киритиш мақсадида Марказий банк ахборот хизмати билан боғланди, аммо бу борада қўшимча маълумотлар очиқланмаслиги маълум қилинди.

Санкция хатарларини минималлаштириши мумкин бўлган омиллардан бири доллар ўрнига миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китобларга ўтиш бўлиши мумкин. Аммо шартли рублда савдо қилиш, биринчи навбатда, рублни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бу эса кўпроқ Ўзбекистон зиёнига хизмат қилиши мумкин. 

Мутахассислар фикрига кўра, Марказий Осиёдаги дистрибюторлар билан ишлаш санкцияларни айланиб ўтиб, Россияга маҳсулот олиб кирмоқчи бўлаётган компанияларга хавфни камайтириш имконини беради. Бу эса яқин ва ўрта истиқболда бу каби амалиётлар кўпайиши эҳтимолларини оширади.

Ўзбекистон эса Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бера оладиган кам сонли давлатлар қаторига киради, бироқ бунинг натижасида Ўзбекистоннинг ўзи оғриқли иккинчи даражали санкциялар остида қолиши мумкин. Шу жиҳатдан, бундан кейинги даврда тегишли давлат ташкилотлари тижорат банклари ва ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи компанияларни иккиламчи санкциялар хавфи тўғрисида хабардор қилиш бўйича ишларни ташкил этиши ва назоратни кучайтириши зарур.

Уруш бошланганидан буён АҚШ Давлат департаменти фақат бир марта, санкциялар режимини бузгани учун Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган «Promcomplektlogistic» компаниясига нисбатан чекловлар жорий қилган.

Россия – жаҳондаги энг кўп санкциялар остидаги давлат

2023 йилнинг 16 феврал ҳолатига кўра, Россияга нисбатан 14 минг 81 та санкциялар жорий этилган. Бу КХДРга нисбатан санкциялар сонидан 7 баробар, Эронга қўлланган санкцияларга нисбатан 3,5 баробар кўп.

Ғарб санкциялари ва нархларнинг юқори чегараси жорий этилиши ортидан Россиянинг 2023 йил январида нефт ва газ экспортидан даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 40 фоизга қисқарган.

Маълумот учун, Европа Иттифоқининг Россия нефт маҳсулотларини денгизга етказиб беришни тақиқлаши 5 февралдан кучга кирди. 2022 йил 5 декабрдан Россиянинг Европа Иттифоқига нефт етказиб беришига эмбарго амал қиляпти. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи ва «Катта еттилик» мамлакатлари учинчи давлатларга сотиладиган Россия нефтининг бир баррелига 60 доллар, Россия нефт маҳсулотларига эса хомашё турига қараб бир баррел учун 45 ва 100 доллар миқдорида нарх чегарасини белгилади.

Украинага босқин бошланганидан кейинги даврда Россия учун нефт экспортини деверсификация қилиш имконияти чекланиб, Ҳиндистон ва Хитойга боғлиқлик ниҳоятда кучайган. 2023 йил январ ойидаги кўрсаткичларга кўра, Россия нефт экспортининг 57 фоизи (Хитой – 31 фоиз, Ҳиндистон – 26 фоиз) ушбу икки мамлакат ҳиссасига тўғри келган. 2021 йил апрел ойида бу кўрсаткич 10 фоизни (Хитой – 9 фоиз, Ҳиндистон – 1 фоиз) ташкил этганди. Айни пайтда Россияда бу икки бозордаги талаб ўзгаришига қарши кучли инструментлар мавжуд эмас.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид