Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
Россиянинг ўз тарихий ҳудудларини тиклашга кучи етади, бунга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас, жуда катта дастуримиз бор, деди Владимир Путин 19 декабр куни “Прямая линия”да. У “Россиянинг тарихий ҳудудлари” деганда қаерларни назарда тутяпти? Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар ушбу савол атрофида баҳс юритди.
Бектош Бердиевнинг фикрича, бундай баёнотдан мақсад – кўплаб экспертлар томонидан айтилаётган “Украина билан урушда Россиянинг ресурслари деярли тамом бўлди” деган фикрни рад этиш.
“Иккинчидан, тарихий ҳудудлар деганда Марказий Осиёни назарда тутдими-йўқми, бу ҳақда ҳали аниқ бир гап айтиш қийин. Қолаверса, тарихий нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлсак, янги катта ўйин бошланганидан кейин Россия томонидан босиб олинган. Лекин унгача бўлган даврдаги тарихий ҳудудлари сифатида айнан бугун уруш кетаётган Украина ва бошқа ҳудудлар кўрилади”, – дейди у.
Абдували Сойибназаров ҳам бу фикрга қўшилишини, гап Молдова ва Украина ҳудудлари ҳақида кетаётганини таъкидлади.
“Марказий Осиёни қўшиб олиш ёки босиб олиш учун учун Владимир Путиннинг умри етмаса керак. Чунки бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари Россиянинг иттифоқчилари ҳисобланади. Ўзбекистон ва Россия 2005 йилда иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома имзолаган. Россия иттифоқчилик шартномаларини Озарбойжон, Арманистон, Қозоғистон ва бошқалар билан ҳам имзолаган. Менимча, яқин 50 йил ичида Марказий Осиё ва Кавказдаги давлатлар билан Россия ўртасида иттифоқчилик муносабатлари сақланиб қолади. Украина билан бундай шартномаси ҳеч қачон бўлмаган”, – дейди у.
Шуҳрат Расул юқоридаги фикрларни рад этаркан, суҳбатдошлар “Россияга адвокатлик қилаётгани”ни айтди.
“Жаноб Путин нимани назарда тутди, ўзи билади. Биз буни билмаймиз. Лекин бир ҳафта олдин ҳам Россия марказий телевидениесидан уларнинг бир қанча “экспертлари” Ўзбекистонга яна ҳужумларини уюштирди. Гўёки “Тарихда Россия империяси Марказий Осиёни босиб олган эмас, қўшилди” дейиляпти. Бу мутлақо ёлғон. Аждодларимиз уларни гуллар билан эмас, қуроллар билан кутиб олишган. Пётр шахсан ўзи, 18-асрнинг бошида, Бекович бошчилигида уч мингта казакни гуллар билан эмас, милтиқ билан жўнатган эди-ку Хоразмга. У нима билан тўлаганини ҳаммамиз биламиз”, – дейди Шуҳрат Расул.
Тарихчи Ихтиёр Эсонов эса Путин Марказий Осиёни ҳам назарда тутган бўлиши мумкин деган фикрда.
“Путин Марказий Осиёни ҳам назарда тутган бўлиши мумкин, ҳар ҳолда АҚШдан Аляскани қайтариб ололмайди-ку. Ёки Узоқ Шарқда Хитой назоратидаги ерларга даъво қилолмайди. Украина билан эса шундоқ ҳам урушда.
Агар жаноб Путин Пётр II дан кейинги бўлган даврни назарда тутаётган бўлса, у менимча, бизга ҳам урғу берди, яъни бу ерда энг кучсиз деб ҳисоблаётган айнан Ўрта Осиё мамлакатларига урғу беряпти”, – дея қайд этди Эсонов.
Мавзуга оид
08:36
АҚШ Ҳелсинки комиссияси Россияда номақбул деб тан олинди
00:31
Apple ўзининг онлайн дўконидан мустақил ОАВ иловаларини ўчириб ташлаётганига изоҳ берди
22:30 / 25.12.2024
Россия юк кемасининг Ўрта Ер денгизидаги ҳалокати. Ҳозиргача нималар маълум?
21:53 / 25.12.2024