Apple ўзининг онлайн дўконидан мустақил ОАВ иловаларини ўчириб ташлаётганига изоҳ берди
Apple Store дўконидан Россия ҳукуматининг талабига кўра мунтазам равишда мустақил ОАВ иловалари ўчириб ташланмоқда. Америка компанияси буни «демократик тамойиллар ҳақида қайғуриш» дея изоҳлади.
Apple Россиядаги App Store онлайн дўконидан мустақил ОАВ иловалари ва VPN-сервислар ўчириб ташланганини маҳаллий қонунчиликка риоя қилгани ҳамда мамлакат ҳудудида ўз хизматларини тақдим этишни давом эттирмоқчи экани билан изоҳлади. «Чегара билмас мухбирлар» сўровига расмий жавобда Apple вакиллари ўз ҳаракатлари қонуний чекловлар ва «демократик тамойилларни қўллаб-қувватлаш» вазифаси билан боғлиқлиги маълум қилди.
«Қонун талабларини бажармаслик Apple ушбу мамлакатда ўз контенти ёки App Store’ни қўллаб-қувватлай олмаслигига олиб келиши мумкин. АҚШ ҳукумати компанияларни Россия аҳолиси учун алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолишга ундайди, чунки ушбу хизматларнинг мавжудлиги демократик тамойилларни қўллаб-қувватлаш учун зарур», — дейилади корпорация хабарида. Apple, шунингдек, VPN-иловаларни фаол ўчириб ташлаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
Компания Россия ҳукуматининг талабидан келиб чиқиб мунтазам равишда ўз дўконидан мустақил ОАВ иловаларини ўчириб ташлайди. Ўчириб юборилган иловалар орасида «Озодлик радиоси» ҳам бор. Октябр ойида эса Роскомнадзор талаби билан онлайн дўкондан «Настоящее время» ўчирилган.
Apple майдончасига жойлаштирилган подкастлар билан ҳам шунақа ҳолатлар кузатилган. Хусусан, The Insider, «Медуза», шунингдек, «Эхо Москви», BBC рус хизмати материаллари ўчириб юборилган.
2024 йилда Apple VPN-сервисларни ҳам фаол ўчиришни бошлади. Ўчирилган иловалар — NordVPN, Proton VPN ва Red Shield VPN. Цензурани мониторинг қилиш билан шуғулланувчи GreatFire лойиҳасига кўра, ёз фаслининг икки ойида Apple Россиядаги App Store’сидан 60 та VPN иловани ўчириб ташлаган.