«Варданян» операцияси: Кремл ўз миллиардери ёрдамида Қорабоғдаги вазиятни қандай беқарорлаштирди?
Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги талаш ҳудуд атрофидаги зиддият нега Россия учун фойдали? Кремл томонлар узил-кесил тинчликка эришишига қандай тўсқинликлар қилмоқда? Кавказшунос эксперт ўзининг бу борадаги фикрларини баён этди.
Қорабоғ ҳамон қайноқ нуқталигича қолмоқда. Шу кунларда арманлар ва озарбойжонлар ўртасида яна отишма бўлган. Ереван ва Хонкендини боғловчи ягона йўл — Лочин йўлагидан ҳамон блокада олинмаган. Боку томонидан минтақавий беқарорлик яратишда айбланган бизнесмен Рубен Варданяннинг вазирликдан олиниши ҳам ёрдам бермади.
Нега Қорабоғ урушидан икки йил ўтиб, Озарбойжон ва Арманистон ҳамон сулҳ шартномасини имзолай олишмаяпти. Пат вазиятдан чиқиш имконлими? Бу ҳақда Republic россиялик кавказшунос ва сиёсатшунос Нурлан Қосимов интервьюсини эълон қилди.
— Сўнгги ҳафталарнинг энг шов-шувли янгилиги Тоғли Қорабоғ давлат вазири, россиялик миллиардер Рубен Варданяннинг истеъфоси бўлди. Бу нима эди? Ахир у Қорабоғдаги арманлар назорати остидаги ерларни ривожлантириш учун улкан режалар қураётганди…
— Аввалига, Варданяннинг шу лавозимга тайинланишига сабаб бўлган контекстни англаб олиш керак. Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг Боку ва Хонкенди норасмий музокаралар ўтказаётган, лекин улар очиқ эълон қилинмаётганди. ОАВда мулозимлар ва ҳарбийлар учрашиб, умумий муаммоларни ҳал қилишга киришгани ҳақидаги ахборотлар сизиб чиқа бошлади. Масалан, Сарсанг сув омборидан биргаликда қандай фойдаланиш, газ таъминотини тартибга солиш борасида. Бу масалаларга ечим ҳам топилган.
Жанубий Кавказда барча сиёсий жараёнларни ўз назоратига олган Россия бу ноформал алоқаларни ёқламаётганди. Томонлар бу форматни ҳеч ким билан келишмаган ва бу Кремлни ғазаблантираётганди. Варданяннинг ҳудудга жўнатилиши бу «ўзбошимчалик»ка жавоб бўлди. Ўзини Тоғли-Қорабоғ Республикаси деб атовчи жойда вазир бўлгач, россиялик бизнесмен музокараларда қатнашган ҳарбий Баласанянни ишдан бўшатди. Бу билан Москва Боку ва Хонкендига унинг ортидан иш қилиш қандай оқибат келтириб чиқаришини кўрсатиб қўйди.
Варданян — Кремлнинг «троя оти» эканини аввал бошдан нафақат Бокудагилар, балки Еревандагилар ҳам жуда яхши билиб туришган эди.
Гарчи олигархнинг ўзи Россия раҳбарияти билан яқин алоқаларини рад этиб келган бўлса-да, Россияда доллар ҳисобидаги миллиардер бўлиш Кремл атрофидаги олий лавозимдаги танишлар ёрдамисиз мутлақо имконсиз экани ўз-ўзидан тушунарли.
Давлат вазири бўлгач, Варданян Қорабоғ ҳудудининг барча хўжалик ва иқтисодий ҳаётини ўзига бўйсундирди. ТҚР деб аталувчи айирмачиларнинг амалдаги президенти Араик Арутюнян ҳам кўп ваколатларидан воз кечиб, иккинчи планга ўтиб қолди. У фақат мудофаа ва хавфсизликка масъул бўлди, қолган ҳамма иш билан Варданян шуғуллана бошлади.
Айнан Варданяннинг тайинланиши билан Боку ва Москва муносабатларида инқироз бошланди. Илҳом Алиев «аллақандай Россия фуқаролари» Қорабоғда бошқарувни ўз қўлига олишга ҳаракат қилаётгани, бироқ Озарбойжон улар билан гаплашмаслигини бир неча бор такрорлади. Ереван ва Хонкендини боғловчи ягона йўл — Лочин йўлагининг блокланиши Варданяннинг тайинланишига ўзига хос реакция эди. Озарбойжон шу йўл билан Кремлга минтақада хаос келтириб чиқарувчи сохта мулозимларга чидамаслигини тушунтириб қўйди.
Мен шу давр ичида Боку ва Москва ўртасида Вардаяннинг шахси устида музокаралар борганига ишончим комил. Параллел равишда Лочин йўлаги блокланиши давом этди. Натижада Кремл ортга тисарилишга мажбур бўлди ва тайинланган вазир истеъфо берди. Бунгача бир ой аввал арман нашрлари Арутунян Россияга норасмий музокараларга боргани ҳақида ёзишди, бир ҳафта ўтиб Варданяннинг ўзи ҳам борди. Афтидан, улар Лочин йўлагини муҳокама қилишган, Кремл қўл силтагач, давлат вазири деб аталувчи шахс лавозимини тарк этган.
— Қорабоғда мулозимлик қилган чоғда Варданян бирор фойдали иш қилганми ўзи?
— Варданяннинг медиа сиёсатига тан бериш керак. Бизнесмен турли ОАВ, хоҳ у Россия пропагандаси бўлсин, хоҳ эркин медиа бўлсин, тинмасдан интервю бериб турди. BBC’даги таниқли HARDTalk дастурида ҳам иштирок этди. Бу Варданянни информацион тўсиқни ёриб ўтган самарали менежер сифатида характерлайди. Одамлар ҳаттоки Украинадаги урушни бир четга суриб, Қорабоғдаги муаммоларни тилга ола бошлашди.
Иккинчиси — Варданян ҳудуддаги хўжалик ҳаётини изга тушириш, инвестициялар жалб қилиш, инфратузилма объектлари қурилишини бошлашни ваъда қилган эди. Бироқ, Лочин йўлаги озарбойжонлик экофаоллар томонидан қамал қилингач, Қорабоғнинг арманлар назорати остидаги қисмида иқтисодий ҳаёт музлаб қолди. Ҳозир бу ерлар фақат ҳуманитар ёрдам ҳисобига кун кўрмоқда. Умуман олганда, Варданян ҳақида шундай дейиш мумкин: Мавр Москва олдидаги вазифасини бажарди, Мавр энди кетиши мумкин.
— Агар Варданян Россиянинг Боку ва Хонкендининг ноформал алоқаларига халақит бериш учун ёлланган спойлери экан, демак Москва Қорабоғ зиддияти ечилишидан манфаатдор эмас экан-да? Нега?
— Бу ерда мантиқ оддий. Москва постсовет ҳудудларидаги барча жараёнлар унинг рухсати билан амалга ошишини истайди. Бу Абхазия ва Жанубий Осетиядаги можаролар бўладими, Қорабоғ ва Днестрбўйидагисими — фарқи йўқ. Донбасс бўйича Минск келишувлари атрофидаги эпопея ҳам — тартибга солиш бўйича барча музокаралар фақат Кремлнинг санкцияси билан олиб борилган.
СССР қулагандан кейинги ўттиз йиллик тарих шуни кўрсатдики, Россия ҳеч қачон можароларнинг узил-кесил ҳал бўлишидан манфаатдор эмас. Унга можаро зонасидаги бошқарилувчи хаос керак, холос.
Қорабоғни олайлик. Агар муаммо тўла-тўкис ҳал бўлса Россия тинчликпарвар кучларига эҳтиёж қолмайди. Бу ҳолатда нафақат Лочин йўлагида дислокация қилинганлар, Арманистоннинг ўзидаги Гюмри ҳарбий базасидаги руслар ҳам кераксиз бўлиб қолади. Москва истар-истамас ҳудудни тарк этишга мажбур бўлади. У Жанубий Кавказга ҳарбийларидан бошқа нима ҳам таклиф қила олади? Моҳиятан ҳеч нарса. Озарбойжон, Гуржистон аллақачон Туркия, Европа, АҚШ ва Хитой билан хўжалик, иқтисодий ва сиёсий алоқаларни ўрнатиб бўлган. Ҳаттоки Арманистон ҳам Кремл сиқувидан чиқиб, ташқи алоқаларини диверсификация қилмоқчи.
Минтақада Россия қанақадир қабиҳликни амалга ошириши мумкин бўлган таҳдид ўлароқ қабул қилинади. Худди шу сабаб туфайли у билан жанжаллашмасликка ҳаракат қилишади.
Варданян атрофидаги воқеалар Россия Жанубий Кавказда ҳамма нарсани қандай назорат қилмоқчи бўлганига битта мисол. Бизнесменни Қорабоғга жўнатар экан, Кремл Арманистон билан боғлиқ узоқни мўлжалловчи мақсадларни кўзлаган. Путин Пашинянни у кўчадаги инқилоб орқали ҳокимият тепасига келгани учунгина ёқтирмайди эмас. Россияга қўл-оёғи билан боғлиқлигига қарамасдан, Арманистон бош вазири мустақил сиёсат юритишга уриниб кўрди. Россиянинг Украинага тажовузидан сўнг Пашинян ғарб давлатлари билан алоқаларини фаол ривожлантира бошлади, уни Европа ва АҚШдаги форумларга тез-тез чақиришмоқда.
Табиийки, бу Москвани ғазаблантирмоқда ва у Варданян орқали секин ишга тушувчи минани ишга солмоқчи бўлди. Агар Қорабоғда «Варданян» лойиҳаси иш берганида, бу бизнесмен учун Арманистоннинг сиёсий ҳаётида ҳам иштирок этиш учун трамплин бўларди. Устига-устак, Пашинян келгунча Қорабоғ клани Арманистонда етакчи позицияларга эга эди. Мамлакатнинг собиқ етакчилари Роберт Кочарян ва Серж Саргсян Қорабоғдан чиқишган. Москва худди улар каби, Варданяндан арман сиёсатида Пашиняннинг ғарбга мойил йўналишини сусайтириш учун фойдаланишни кўзлаган эди.
— Яъни узоқ муддатли истиқболда Крмел Варданяндан Ереванни Москва сателлитига айлантириши керак бўлган арман Януковичи сифатида фойдаланмоқчи бўлганми?
— Энг камида Арманистон доимо Москванинг оғзини пойлаб ўтирадиган, Россия ташқи сиёсати доирасида ҳаракат қиладиган дўстона давлатлар сирасига кириши керак эди. Варданянга эса бу масалада бош рол топширилган эди. Агар Украинадаги уруш бўлмаганида, Озарбойжон Лочин йўлаги атрофидаги воқеаларни қуриши қийинроқ бўларди. Объектив қаралса, ҳозир Россиянинг Кавказ билан шуғулланишга вақти йўқ, унинг ташқи чегаралардаги позициялари сусаймоқда. Бу ҳам «Варданян» лойиҳаси барбод бўлишига сабаб бўлди.
— Арманистон Бокунинг Хонкенди билан норасмий музокаралари ва Варданяннинг тайинланишига қандай реакция билдирди?
— Арманистон учун ҳам Вардаяннинг Қорабоғга кўчиб келиши мутлақо кутилмаган ҳол бўлди. Бундан бироз аввал Пашинян ва Алиев Прагада учрашган эди. Сулҳ шартномаси томон қандайдир силжишлар бўладигандек туюлганди. Томонлар 1991 йилги Алмати декларацияси асосида бир бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олишга келишиб олганди. Бу ҳужжат МДҲ тузилиши учун асос бўлган, имзо қўйган давлатлар совет чегараларида бир бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олишини тасдиқлаган эди. Бинобарин, Арманистон ўшанда Қорабоғ билан бирга Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олган. Чехияда Алиев ва Пашинян Алмати декларацияси асосида музокаралар ўтказишга келишиб олишганди. Бу Қорабоғнинг кимга тегишлилиги хусусидаги масала, гарчи арманлар оғриниб тан олса-да, кун тартибидан олинишини билдирарди. Москвани бу келишувлар ниҳоятда ғазаблантирди. Путин ҳаттоки ўшанда Алмати декларациясини тан олгани учун Пашинянни очиқ айблади. Бундан келиб чиқадики, Путин ҳозирги ноаниқлик ҳолати имкон қадар узоқроқ сақланиб қолишини истаётганини тан олган.
Умуман, Ереван ўтган йилдан бошлаб сўзлашув оҳангини ўзартирди. Аввал агар улар Қорабоғнинг арманлар назорати остидаги ерларни уларни қутқариб қолиш учун ажратиб олиш кераклиги ҳақида гапиришган бўлса, ҳозир урғу у ерда яшовчи арман аҳолисининг хавфсизлигига қаратилмоқда. Яъни арманларда қандай ҳуқуқ ва имтиёзлар бўлиши ёки Озарбойжон таркибидаги автономия каби муаммолар муҳокама қилинмоқда. Давлат вазири бўлган Варданян эса эски риторикани давом эттириб, Қорабоғ ҳеч қачон Озарбойжон таркибига кирмаслиги, Боку билан тенг шартларда музокара ўтказилишини талаб қилиб келган. Ўзининг бу талаблари билан у музокара жараёнини ҳам тўхтатиб қўйди…
— Бу Россия учун ҳам манфаатли бўлди...
— Ҳа. Путин очиқдан очиқ Қорабоғ статуси билан боғлиқ муаммоларни келгуси авлодларга қолдириш керак эканини айтди. Ҳозирча Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал қилишни таклиф этди. Бу тезисни Сергей Лавров ҳам такрорлади. Бу билан Москва Боку ва Ереваннинг Ғарб шафелиги остидаги музокараларидан норози эканини билдириб қўйди. Европа ва Россиянинг модераторлиги ўртасидаги энг аҳамиятли фарқ ҳам шунда.
Кремл музокаралар имкон қадар чўзилишини истайди, Европа Иттифоқи эса, аксинча, муаммо тезроқ ҳал бўлишидан манфаатдор. Қорабоғ статуси ҳал бўлиши ҳамоно Россиянинг Жанубий Кавказда ҳеч кимга кераги бўлмай қолади.
— Томонларнинг бир-бирига ён бермаслиги Россия тегирмонига сув қуймайдими: у масалан, бизнинг тинчликпарвар кучларимизсиз Қорабоғ муаммосини ҳал қилиб бўлмайди, шу сабабли уларнинг мандатини чўзиш керак, деган таклиф билан чиқиши мумкин?
— Гарчи ҳозирги статус-кво Россия учун фойдали бўлса-да, у можаро томонлари учун манфаатли эмас. Шу сабабли ҳудудда европаликлар ҳам фаоллашиб қолди. Агар Украина инқирозигача улар Қорабоғ муаммосини ҳал қилишни Россия ихтиёрига топшириб қўйишган бўлса-да, эндиликда модераторликни ўз қўлига олиб, томонларни муаммони узил-кесил ҳал қилишга яқинлаштирмоқчи. Лекин европаликларнинг ёндашувини озарбойжонлар ва арманлар тушуниши қийин бўлмоқда. Бу иккиланиш ҳам Кремл учун фойдали. Агар муаммо россиялик тинчликпарвар кучлар Лочин йўлагини тарк этиши керак бўлган 2025 йилгача ечилмаса, уларнинг мандати узайтириб берилади.
Агар Боку Россия тинчликпарвар кучлари ёрдамига ортиқ эҳтиёж йўқ, деб эълон қилган тақдирда ғам, Москва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини чақириб, Қорабоғ арманларининг тақдири масаласини ўртага қўяди. Москва урушдан беш йил ўтиб ҳам Боку арманларни ўз жамиятига интеграция қилиш учун ҳеч бир иш қилмаганини важ қилиб кўрсатади, шу сабабли тинчликпарвар кучларнинг мандати чўзиб берилмаса янги можаро бошланишини айтади. Боз устига, ҳудудга тўлақонли халқаро тинчликпарвар миссия киритиш, ҳарбийларнинг ҳуқуқ мажбуриятлари белгиланиши, улар томонидан қурол қўлланиши имкониятлари ҳам ёзилади. Бу ҳолда томонлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорига қарши чиқа олишмаса керак.
— Қорабоғда халқаро тинчликпарвар кучлар жойлаштирилишининг ҳозир у ерда бўлиб турган россиялик тинчликпарварлардан афзалроқ жойи борми?
— У ерда қандай тинчликпарвар кучлар турмасин, уларнинг киритилиш фактининг ўзиёқ Қорабоғ муаммоси узил-кесил ҳал бўлмаслигини билдиради. Халқаро миссия жойлаштирилиши муаммонинг ҳал бўлишини яна номаълум муддатга суради, буни Москва ва Ереван кутмоқда. Лекин муаммо Боку кутаётганидек, ўз-ўзидан ҳал бўлмайди: арманлар ҳеч қачон у ерларни тарк этишмайди. Тинчликпарвар кучлар борлиги томонлар отишмага қўл урмаслигини билдиради, холос. Минтақавий хавфсизлик бундан яхшиланиб қолмайди. Янги музлатилиш ва янги статус-кво пайдо бўлади.
— Лочин йўлаги атрофидаги нима бўлмоқда, нега экофаоллар қамални ечишни исташмаяпти?
— Бу саволга жавоб бериш қийин. Озарбойжон экофаоллари нимани истаётганига бирор марта тушунарли қилиб жавоб берилмаган. Тахмин қилиш мумкин, холос. Масалан, экспертлар Бокунинг мақсади Лочин йўлаги зонасида назорат ўтказув пункти ўрнатиб, Қорабоғга Арманистондан кираётган товарларни текшириб киритиши.
Бу у ерда россиялик тинчликпарвар кучлардан ташқари, озарбойжонлар ҳам бўлади дегани. Бу фақат тахмин, холос. Омма олдида эса озарбойжонлар фаолларни Қорабоғнинг арманлар назорати остидаги ерларига киритиб, экология ва конлар аҳволини таҳлил қилишга рухсат берилишини талаб қилмоқда.
Менинг фикримча, Лочин йўлаги қамал қилиниши Варданяннинг тайинловига тезкор реакция. Агар Қорабоғга олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган товарларни назорат қилиш муаммосини жиддий ечиш керак бўлса, экофаолларни ишга солмасдан ҳам буни қилса бўларди. Боз устига, 2020 йилги Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги учтомонлама баёнотда бу тартиб ёзиб қўйилмаган, Бокуни ҳам бу масалада чеклай олмайди. Ҳужжатда Озарбойжон юклар, машиналар ва инсонларнинг эркин ҳаракатланиши учун хавфсизлик кафолати белгиланган, холос. Назорат ўтказиш пункти ўрнатиш текширувни англатади, чекловни эмас. Бундай пунктлар барча давлатларнинг чегараларида бор. Нега бу йўл ўрнига энг мураккаб ва шовқинлиси танлангани тушунарсиз.
— Украинадаги уруш Қорабоғ муаммосини тартибга солишда қандай акс этади? Акс этадими ўзи?
— Украина инқирози постсовет давлатлари ҳудудида Россия позициясини сезиларли даражада сусайтирди. Бундан фойда кўраётганлар Жанубий Кавказда иштироки кучаяётган Туркия, Хитой ва Ғарб бўлмоқда. Минтақадаги вазият кўп жиҳатдан Украинадаги уруш қандай якунланишига қаттиқ боғлиқ. Агар Россия ютқазмаса бу бир масала. Агар мағлубият муқаррар бўлса, поствосет давлатларида мутлақо бошқача вазият ҳукмрон бўлади. Шу сабабли ҳозир ҳамма кутиш режимида қотиб қолган. Хавфсизлик ёстиқчаси сифатида Ғарб билан зиддиятга бормасликка ҳаракат қилишмоқда. Бу йўналишда айниқса Арманистон жуда фаол.
Арманларнинг ҳадиксираши ва алоқаларни диверсифакция қилишга уринишлари тушунарли. Россиянинг хавфсизлик соябонидан умид қилмаса ҳам бўлади. Улар АҚШ ва Франция томонидан қандайдир хавфсизлик кафолатлари излашмоқда. Ҳаттоки Туркия билан ҳам алоқа йўлга қўйилмоқда. Туркиядаги вайронкор зилзиладан сўнг Ереван у ерга ўз қутқарувчиларини жўнатди. Ундан сўнг Арманистон ТИВ раҳбари Арарат Мирзоян ҳам бориб, турк ҳамкасблари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳаракатлар арман жамоатчилигида турли реакциялар келтириб чиқарган эса-да, Ереваннинг Москвадан мустақил сиёсат юритишга бўлган ҳаракати кўриниб турибди.
— Умуман, арманлар ва озарбойжонларнинг бир бирига адовати ҳисобга олинса, ўрта муддатли истиқболда Қорабоғ муаммосини ечишнинг уддасидан чиқишади, дейиш мумкинми?
— Бу масалада оптимист бўлиш қийин. Токи Озарбойжон Қорабоғда арманлар яшашда давом этишини ҳисобга олиб, йўл харитаси тақдим этмас экан, режалар тузиш қийин. Боку бу масалани жамоатчилик мулоқоти даражасида ҳам муҳокама қилмаяпти. Ечимга ҳар икки давлатнинг оддий фуқаролари ҳам қўшилиши мумкин эди, лекин ҳозир арманлар ва озарбойжонлар бир бири билан дурбинлар ва милтиқларнинг нишонга олувчи кўзгуси орқали гаплашишмоқда. Буларнинг барчаси бўлажак тинчлик жараёни учун салбий фон яратмоқда. Украинадаги уруш якунлангач, бу борада қандайдир тушунчага келинар. Ҳозирча шу статус-кводан манфаатдорлар бор экан, Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик ҳақида гапириш қийин.
Токи давлат уларни қўллаб-қувватлаб, йўналтириб турмас экан, одамлар ҳам бир-бири билан тил топишиши қийин. Ҳозир ҳар икки давлатда пропаганда қўшни давлат сиймосида душман образини яратмоқда. Бунга параллел равишда чегараларда отишмалар рўй бермоқда. Мулоқот бошланиши учун энг камида ахборий кун тартибини форматлаш керак, бир-бирини иблислаштиришдан воз кечиш керак. Фуқаролик жамияти ўртасида ҳеч қурса нейтрал ҳудудда учрашувлар ўтказиш керак. Бундай амалиёт тўқсонинчи, нолинчи йилларда бор эди: томонлар, масалан, Гуржистоннинг чегарадаги Текали қишлоғида учрашиб туришган.
Агар инсонлар ўртасида қандайдир мулоқот бошланса, у дарҳол жамоатчилик ва ахборот фонини тезгина ўзгартира олмайди, албатта. Лекин шу ҳам қайсарлик ва бир жойда депсиниб туришдан кўра яхшироқ.
Мавзуга оид
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
00:59 / 21.11.2024