Жаҳон | 10:12 / 17.03.2023
10613
2 дақиқада ўқилади

ISW: Патрушев Пригожиннинг ахборот кампаниялари нишонига айланиши мумкин

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин ўзининг муҳимлигини кўрсатиш учун Кремлда ўзига қарши фитна уюштирилаётгани ҳақидаги воқеани ўйлаб топган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Америка урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари. 

Фото: РИА Новости

16 март куни Пригожиннинг матбуот хизмати Россия ОАВдан бирининг президент Владимир Путин ва РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев «Вагнер гуруҳи» келажаги ҳақида гўёки муҳокама ўтказгани тўғрисида изоҳ бериш учун юборган «сўровига» жавобни эълон қилди

Патрушев Путинга «бир ярим ой ёки икки ой ичида «Вагнер»дан ҳеч нарса қолмаслигини» айтган ушбу «муҳокама» ҳақидаги маълумотлар Россия ва Украинанинг Telegram-каналлари орқали тарқалди. Пригожин бу каби музокаралар ҳақида эшитмаганлигини айтиб, «матбуотга изоҳ бериш сўровига» жавобан аудиоёзувни эълон қилди.

ISW Путин ва Патрушев ўртасида бундай мулоқот бўлганлиги ҳақида ҳеч қандай белгилар топмади, шунингдек, ахборот майдонида ушбу мавзунинг фаол муҳокамасини кузатилганини қайд этмади. 

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Пригожин ахборот операцияси учун «тил бириктириш» ҳақидаги хабарни тўқиб чиқарган бўлиши мумкин. 

Бундан ташқари, Патрушев Россия Мудофаа вазирлиги ва Бош штабга қарши кузатилган кампанияларидан сўнг Пригожиннинг навбатдаги нишонига айланиши мумкин, дейди ISW экспертлари. 

Аввалроқ «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Россияда спорт клублари негизида бир нечта ёллаш марказларини очганди. Бу ҳақда 4 март куни Россиянинг Украинага қарши уруши воқеаларини ҳар куни сарҳисоб қилиб борувчи ISW маълум қилди. 

Хабарда таъкидланганидек, «Вагнер» ХҲКга қабул қилиш пунктлари Ростов-Дон шаҳридаги «Антарес» спорт клубида, Тюменда бокс федерацияси биносида, Самарада «Динамо» спорт жамияти биносида очилган. Бундан ташқари, «Вагнер гуруҳи»нинг ўз маълумотларига кўра, Москвадаги саккизта спорт клуби негизида қабул қилиш марказлари иш бошлаган.

Мавзуга оид