Хитой TikTok орқали америкалик журналистларни кузатган бўлиши мумкин
АҚШ расмийлари суриштирув бошлади.
АҚШ Федерал қидирув бошқармаси (ФҚБ) ва АҚШ Адлия вазирлиги Хитойнинг ByteDance компанияси устидан суриштирув бошлади. Ушбу компания ўзининг TikTok ижтимоий медиа иловаси орқали америкалик журналистларга нисбатан жосуслик қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда терговдан хабардор Forbes ёзди.
Адлия вазирлиги ва Виржиниянинг Шарқий округи прокуратураси ByteDance компаниясидан ходимларининг TikTok иловаси орқали журналистлар ва фойдаланувчиларнинг манзили ва бошқа шахсий малумотларини қўлга киритишга уринишлари ҳақида малумот сўраган.
Ўз навбатида, ФҚБ ҳам жосуслик мавзуси билан боғлиқ бир нечта сўроқ ўтказган. Бошқарма бу хабарларга изоҳ бермаган.
Forbes 2022 йил октябр ойида ByteDance компанияси баъзи АҚШ фуқароларига нисбатан жосуслик қилиш учун TikTok иловасидан фойдаланаётгани ҳақида хабар берган эди. Декабр ойида компания томонидан ўтказилган ички текширув ижтимоий тармоқ ходимлари TikTok ҳақида ёзаётган журналистларни кузатиш учун аккаунт маълумотларидан фойдаланганини тасдиқлади.
Маълум бўлишича, компаниянинг хатти-ҳаракатлари Forbes нашрининг камида уч журналисти ва The Financial Times мухбирига таъсир қилган. ByteDance ички ёзишмаларига кўра, компания ўз ходимлари орасида оммавий ахборот воситаларига хабар сизиб чиқиши ҳақидаги тахминлар манбаларини аниқлашга ҳаракат қилган.
ByteDance компанияси жосусликка жалб қилинган ва энди компанияда ишламайдиган ходимларнинг ҳаракатларини «қатъий қоралаганини» айтди. «Бизнинг ички суриштирувимиз ҳали ҳам давом этмоқда ва биз ҳар қандай расмий тергов билан ҳамкорлик қиламиз», деди ByteDance вакили Женнифер Бэнкс.
АҚШ ByteDance компаниясини Хитой расмийлари билан ҳамкорлик қилганликда гумон этиб келади. АҚШ хорижий инвестициялар қўмитаси TikTok иловасини текширишни бошлади. Шу билан бирга, Хитой компанияси «Техас лойиҳаси» деб номланган бир қатор чора-тадбирларни таклиф қилди. Бошқа нарсалар қаторида, ByteDance америкалик фойдаланувчилар маълумотларини Қўшма Штатларнинг Oracle компаниясида сақлашга рози бўлди. Ушбу компания TikTok дастурини ҳам текшириб кўради.
Декабр ойида АҚШ Сенати ҳукумат ходимларига федерал ҳукумат қурилмаларида TikTok иловасидан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Худди шундай тақиқлар Буюк Британия ва Янги Зеландияда ҳам киритилган.
Bloomberg маълумотларига кўра, TikTok раҳбарияти АҚШ миллий хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун ByteDance компаниясидан ажралиб чиқиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ушбу параметр «Техас лойиҳаси» муваффақиятсизликка учраган тақдирда кўриб чиқилади.