Спорт | 12:32 / 19.03.2023
33641
2 дақиқада ўқилади

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар жамоаси — Осиё чемпиони (фоторепортаж)

Ўзбекистон мезбонлигида ўтган Осиё Кубоги U-20 мусобақаси якунига етди. 

Фото: tribuna.uz

Финалда мезбонлар Ироқ ёшларига қарши майдонга тушиб, худди гуруҳ босқичида бўлгани каби 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Иккинчи бўлимда Аббос Файзуллаев ишлаган пенальтини Умарали Раҳмоналиев голга айлантирди.

Беллашув давомида Асад Жўрабоев, Аббос Файзуллаев ва Нодирбек Абдураззоқовда ҳам гол уриш учун имкониятлар юзага келди. Меҳмонларнинг бирга бир вазиятида эса Отабек Боймуродов супер сэйви билан жамоаси жонига ора кирди.

Шу тариқа Ўзбекистон турли ёшлар тоифасида 3-бор, бош мураббий Равшан Ҳайдаров эса 2-марта чемпионликни қўлга киритди. Бунгача U-17 ва U-23 миллий жамоалари ҳам Осиёда тенгсиз деб топилганди.

Муҳими — ушбу қитъа чемпионатидаги муваффақиятли иштирок эвазига U-20 жамоаси 2 ойдан сўнг Индонезияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги мундиалга йўлланма олди.

Чемпионлар медаллар ва кубокни шахсан президент Шавкат Мирзиёевдан қабул қилиб олишди. 

Эътиборлиси, Ўзбекистон ёшлар жамоаси сардори Умарали Раҳмоналиев финалнинг, қанот яримҳимоячиси Аббос Файзуллаев турнирнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Отабек Боймуродов эса энг яхши дарвозабонга айланди.

Тақдирлаш маросими ва ундан кейинги ҳиссиётли лаҳзалар Tribuna.uz фотомухбири объективига муҳрланди.

Суратлар муаллифи — Аъзамжон Иззатиллаев

Мавзуга оид