Ўзбекистон | 12:40 / 20.03.2023
15631
9 дақиқада ўқилади

“Ҳаёт ва ҳақиқийлик акс этган асар” – китобхон “Мартин Иден” романи ҳақида

Фото: Kun.uz

Инсон ҳаётда ўз олдига бирор мақсад қўяр экан, шунга яраша саъй-ҳаракат ҳам кўрсатмоғи керак. Мақсад қанчалар катта бўлса, ҳаракат ҳам шунча салмоқли бўлиши талаб этилади. Бу йўлда энг асосийси ирода мустаҳкамлиги. Мақсад юксак, орзу беқиёс, умид туганмас бўлса-ю, ирода суст бўлса барча ҳаракат нолга тенг. Кутилган натижаларингизга эришолмадингиз, режангиз амалга ошмади, муваффақиятсизликка учрадингиз. Хўш, нима қилиш керак? Ҳаммасини йиғиштиришми? Тушкунликка тушишми? Қилган меҳнатларингизга ачиниб, вақтни зое кетказишдир? Йўқ! Давом этиш керак! Қайта-қайта уриниб кўриш, режа ва амал устида қайта ишлаш керак. Биз билган муваффақиятли инсонларнинг қай бири омадсизликка учрамабди? Шу жойда ирода кучга келади. Ирода, сабр-бардош, узиликсиз меҳнат дейилса, “Мартин Иден” асарини ўқиганларнинг кўз олдига асар қаҳрамони Мартин келиши аниқ. Унинг ўз мақсадига етиш йўлидаги машаққатлари, қатъияти ҳар бир китобхон учун ибрат вазифасини ўтайди.

Сюжет:

Бир куни Мартин Иден исмли матрос йигит аслзода хонадонга меҳмонга бориб қолади. Хонадон эгаларининг бир-бирига нисбатан гўзал муомаласи, сўзлашув маданияти, илм-фан бўйича суҳбатлари, яшаш тарзидаги назокати, шу билан биргаликда, Руф исмли латофатли қизи Мартини ўзига шайдо қилади. Хонадонга бир неча бор ташрифи ва соҳибжамол билан суҳбатлари қаҳрамонимизнинг ҳаётида кескин бурилиш ясайди. Энди Мартинда билим олиш, илм чўққисига етишиш, аслзодалар хонадонига арзирли бўлиш, энг муҳими, Руфга етишиш истаги пайдо бўла бошлайди. У турли хил китобларни ўқий бошлайди. Кутубхонага пайдар-пай қатнаб туради. Матрослик сафарига ҳам фақатгина пул зарур маҳали чиқадиган бўлади. Иденда яна бир ғаройиб орзу — ёзувчи бўлиш истаги пайдо бўлади. Бир қанча ҳикоя ва қиссалар ёзиб, газета ва журналларга тарқатади. Вақт ўтган сари унинг ёзган, аммо ҳеч бир нашрга қабул қилинмаган материалларининг саноғига етиб бўлмай қолади. Бу орада у Руфнинг қалбини забт этади, денгиздаги сафарларга ҳам чиқмай қўяди. Оқибатда ўта ночор ҳолатга тушиб қолади, ҳаётини фақат моддий манфаат ипига боғлаган поччаси сабаб опасининг уйидан кетиб, 7 фарзандли аёлнинг ижара уйида ижарачи бўлиб яшай бошлайди. Унинг ҳоли шу даражага етадики, кунлаб оч юради, бор-будини гаровга беради ва ҳамма баққолдан қарздор бўлиб кетади. Аммо Мартин ўзининг мақсадидан бир сония бўлсин кечишни хаёлига ҳам келтирмайди. Муваффақиятсизлик кетидан муваффақиятсизликларга парво ҳам қилмайди. Ёзаверади. Ёзаверади. Руф уни ташлаб кетади, поччаларининг тазйиқи билан опалари ҳам юз ўгиради. Иден бутунлай ёлғизланиб қолди. Ниҳоят унга омад кулиб боқади ва битта асари жудаям машҳур бўлиб кетади. Бу муваффақиятдан сўнг илгари Мартиннинг асарларини рад қилиб юборган газета ва журналлар энди турли илтимосномалар юбориб, катта маблағ эвазига унинг материалларини сўрай бошлашади. Мартин энди бадавлат, машҳур ва обрўли шахсга айланиб қолади. Асарнинг кульминацияси ҳам айни шу жойда бошланади. Ундан юз ўгирган, доим камситган, ҳақорат қилган инсонлар, ҳатто Руфнинг оиласи ҳам машҳур ёзувчига нисбатан муносабатини кескин ўзгартиради. Уни овқатланишга, зиёфатларга, базмларга таклиф қила бошлашади. Айнан шу нарса Иденнинг кўнглига оғир ботади ва у бу жамиятдан, сохта инсонлардан безиб қолади. Оғир кунида қўлидан келган даражада ёрдами теккан саноқли инсонларнинг орзусини амалга оширади ва бу орқали яхшилик жавобсиз қолмаслигини исботлайди. Унинг тақдири фожиали якун топади. Юраги сохталикларга бардош беролмайди ва бу аҳмоқона жамият ва юзакилик асосига қурилган ҳаётни тарк этишга қарор қилади. Ўзини денгизга чўктиради...

Таҳлил:

Мартиннинг ҳаракатларидан, меҳнаткашлиги ва иродасидан китобхон яхшигина ўрнак олиши мумкин. Масалан, у олти соатгина уйқуни одат қилади. Ухлаб қолмаслик учун ҳатто ётоғига мих тираб чиқади. Ҳар бир дақиқасини қадрлайди. Ўрганишга, ўқишга бўлган иштиёқидан киши завқланади. Бир-икки мағлубият унинг руҳини синдиролмайди. Чунки у қачондир ютишига, ғалаба қозонишига ишонади, умид қилади. Айнан шу умид ва ишонч унинг олға интилишига туртки бўлиб туради.

Асарда яна бир ажойиб фикр илгари сурилади: Мартин аллақандай меҳмонхонанинг кирхонасида кир ювувчи бўлиб ишлайди. 16-17 соатлаб давом этадиган иш унинг силласини қуритиб ташлайди ва истаса ҳам китоб ўқиёлмай қолади. Тушуниб етадики, агар инсон узу-кун жисмоний меҳнат билан машғул бўладиган бўлса, бу борада меъёрдан ошса, унинг ҳайвондан фарқи қолмайди. Ўта оғир ва кўп жисмоний меҳнат инсоннинг инсонлигидан айириб қўяди, одам ўзига маънавий озуқа ололмай қолади. Инсон тан учун озуқага қанчалик муҳтож бўлса, руҳ учун ҳам шунчалик озуқага муҳтож. Руҳий озуқа йиғишга кетадиган энергияни жисмоний меҳнатга сарф қилиб юборилса, мувозанат бузилади ва ҳаёт рангсизлаша бошлайди.

Мартиннинг Руфга нисбатан туйғулари самимий эди. Шу билан биргаликда Руф ҳам Мартинни чиндан ёқтирарди. Аммо қизнинг олган тарбияси, ижтимоий ҳолати ва ёшликдан миясига сингдирилган фикрлари унинг муҳаббати беманфаат бўлишига тўсқинлик қилар эди. Бу нарсаларни Мартин кейинчалик тушуниб етади. Турли санъат асарлари, ёки бадиий ва илмий асарлардаги камчиликларни кўрган Мартин танқид қила бошлайди. Аммо бу танқидларга Руф эътироз билдиради. Шунда Мартин англайдики, Руф ва Руфнинг табақасидаги кўплаб инсонлар шу пайтгача ўзлари ёхуд жамиятнинг ўсиши учун эмас, обрў-эътибор, авомдан юқорироқ туриш учун билим олибди. Шу сабаб олийгоҳларда ўқибди. Аммо аслида ўзларининг шахсий фикрлари йўқ, ҳамма олқишлаган нарсани олқишлашади, танқид қилинган нарсани ютуқларига-да кўз юмиб пийпайди. Бу худдики диплом учун, “ўқиган” деган унвон учун таълим олгандек гап. Ўтакетган юзакилик эди.

Мартин аросатга тушиб қолади. Ўзи интилган, ҳавас қилган аслзода, ўқимишли ва маданиятли жамият у истагандек, тасаввур қилгандек бўлиб чиқмади. Бу жамиятга Мартин қўшилиб кетолмаслигини англаб турарди. Аммо у энди ўзининг қуйи табақасига ҳам қайтолмасди. Чунки илмнинг пиллапояларини бир-бир босиб анча юқорига кўтарилиб қолганди. Матрослик вақтидаги ҳаёт, дўстлари энди унга бегонадек. Энди у ақлли, машҳур, бадавлат. Истаган одамига, истаган нарсасига, умуман, ҳамма нарсага қўл чўзса етолади. Аммо у қўл чўзишни истамайди. Оч-наҳор, чорасиз ётган чоғида бир бурда нон бермаган, унинг ва ёзувчилик орзусининг устидан кулган, эшикларини юзига ёпган кимсаларнинг эндиги меҳрибончиликлари, тавозелари тобора уни бўғиб боради.

У ўзига савол беради: “Нега улар менга энди ҳурмат кўрсатишяпти, зиёфатларига таклиф қилишяпти? Ахир, мени машҳур қилган асарларимни мен очликда, ғарибликда, касал ҳолатда ўша кулбада ёзгандим-ку. Ахир, бу меҳрибончиликлари, бу ғамхўрликлари менга ўша пайтда керак эди-ку. Ўшанда оч, пулсиз эдим. Энди эса истаганимча пулим бор, қорним тўқ. Машҳурман. Буларнинг меҳмондорчилиги менга энди керакмас. Инсонлар наҳотки шунчалик тубан бўлса?!”

Айнан шу фикрлар уни безовта қиларди. Айниқса, Руфнинг қайтиши, айнан ота-онасининг Мартиннинг ёнига юбориши унга қаттиқ таъсир қилади. (Чунки Руфнинг ота-онаси Руфни Мартиндан айнитишиб, орани уздиришганди. Иденнинг келажаги йўқ деб ўйлашарди.) Бундай дил оғриқлари, руҳий синишлар Мартинни ҳаётдан бездиради ва у ўзини ўлдиради.

Ҳаётнинг шундай қора томонлари, одамларнинг шундай тубанликлари ҳамиша Мартин каби тоза қалбли инсонларни ё тубанлаштиради ёки ҳаётдан кетишга мажбур этади. Ҳар қандай вазиятда ҳам яхшилик жавобсиз қолмайди. Инсон инсонни ғариблигида ҳам севиши, қадрлаши — олийжаноблик. Аммо бу олийжанобликни ҳар доим ҳам учратавермаймиз. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Бу асар китобхонга манфаатли бўлишига ишонаман ва тавсия қиламан. Асар ўзбек тилига Қодир Мирмуҳаммедов томонидан таржима қилинган.

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзуга оид