Эрдўған Туркия президентлигига номзод сифатида кўрсатилди
Президентлик сайлови 14 май куни ўтказилади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 21 март куни «Республика альянси»дан президентлик сайловида ягона номзод сифатида расман кўрсатилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Тегишли ариза Олий Сайлов Кенгашига (YSK) ҳукмрон «Адолат ва Тараққиёт» партияси (АТП) ва унинг альянсдаги иттифоқдоши Миллатчилар ҳаракати партияси (МҲП) томонидан тақдим этилди.
Олдин эълон қилинган сайлов тақвимига кўра, Туркия президентлигига номзодларнинг аризалари YSK томонидан 19-23 март кунлари қабул қилинади. Амалдаги парламентда партиялари бўлмаган номзодлар 22-27 март кунлари 100 минг сайловчи имзосини тўплаши керак.
31 март куни YSK президентликка номзодларнинг якуний рўйхатини эълон қилади ва сайлов кампаниясини бошлайди.
Туркияда 14 май куни умумхалқ сайловлари – ҳам президент, ҳам парламент сайловлари бўлиб ўтади. Президентлик сайловининг иккинчи босқичи, агар зарурат туғилса, 28 май куни ўтказилади.
Эрдўғанга бўлажак сайловда Туркиянинг «Миллатлар альянси» ва Республикачилар партиясидан ягона номзод Камол Қиличдорўғли асосий рақиб бўлиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
17:38
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:52 / 17.12.2024