Жамият | 14:26 / 22.03.2023
21276
7 дақиқада ўқилади

“Теҳрон жамиятининг панорамик манзараси ҳақида асар” – китобхон – “Ёлғонлар шаҳри” романи ҳақида

Фото: KUN.UZ

Реалликка қизиқиш инсон зотига хос. Ҳақиқий, бўлиб ўтган ва бўлиб турган воқеалар барчани қизиқтиради. Афсоналарга бой катта романдан кўра реал ҳаётга асосланган ҳикоячанинг ўқувчиси кўп. Шундай экан, Рамита Наваининг яқиндагина ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган “Ёлғонлар шаҳри” асари эътиборни тортмай қолмайди. Ундаги ҳар бир қаҳрамон ва уларнинг ҳаётида содир бўлган воқеалар ҳаётда мавжуд. Асарда Теҳрон ҳаёти тасвирланиб, ёзувчи ўз кўзи билан кўрган, қўли билан ушлаган, гаплашган, кузатган одамлар ва ҳодисаларни қаламга олган.

Муаллиф ҳақида

Рамита Наваи британиялик-эронлик ташқи ишлар журналисти бўлиб, Жанубий Судан, Афғонистон, Миср, Нигерия, Сальвадор ва Зимбабве каби ўттиздан ортиқ мамлакатлардан хабарлар тайёрлаган. У Channel 4s Unreported World сериали учун йигирмата ҳужжатли фильм суратга олди ва PBS Frontline учун Суриядан яширин репортажи учун Эмми мукофоти билан тақдирланди.

Таҳлил

Аввалига бетараф, кейин эса баландпарвоз, сохта, кераксиз ва ҳожати бўлмаган режалар-у мақсадларга алданиб, аросатда қолиб кетган Дариуш; бўғилган, иғволарга тўла, хурофотлар-у ғийбатларга тўлиб-тошган муҳитда яшаб, шу муҳитга бўйсуниб, панд егандан сўнг жасорат қилиб ботқоқликдан чиқолган, димиққан жамиятга ўз қарори ила тоза ҳаво киритган Сумайя; замона зулмидан жабр кўрган, гўдаклик чоғи бир вақтнинг ўзида ҳам отасидан, ҳам онасидан айрилиш аламидан мурғак қалби жароҳатланиб, қасос ўтида йиллаб азобланган Амир; Теҳрон кўчаларида тентираб, чорасизлик гирдобида ўрнини фоҳишалар орасидан топган Лайло; ўз ота-онаси томонидан бир-икки доза афюн пулига сотилган Пари – бу тақдирларнинг ҳаммаси бор ва бир жойда, бир кўчада яшаяпти – Вали Аср кўчасида. Ҳар хил тана аъзолари бирлашиб, бутун бир организмни ташкил қилади. Вали Асрни тана деб олсак, “Ёлғонлар шаҳри” қаҳрамонлари турли хил органлардир.

Ёлғонлар шаҳрида ҳеч ким алдамай туролмайди. Ёлғон одамларнинг қон-қонига сингиб кетган. Бу шаҳарда давлат ва дин ўртасидаги муносабат шунчалар чалкашки, оқибатда тузум, қонунлар, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларида тартиб йўқолган. Бу шаҳарда “Менга мумкин, бошқаларга йўқ” тушунчаси мавжуд. Фоҳишалик тақиқларига масъул шахснинг ўзи ишратбоз бўлса одамлар қаерга борсин? Зино қилиш гуноҳ дея амру маъруф қилган муллалар ёш гўдакларни зўрлаб турса, халқ додини кимга айтсин. Қўштирноқ ичидаги диндорлар ўзларини Худо билиб, вақтинчалик никоҳдан ўтилган бўлса, гуноҳи йўқ дея фоҳишалар қўлига ҳужжат тутқазса, бандалар гуноҳ ботқоғига ботмай нима қилсин.

Бу шаҳарнинг у боши билан бу бошидаги тартиблар, қадриятлар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Униси бунисига тўғри келмайди. Теҳронда ҳамманинг бир-биридан беркитган чиркин сирлари етарлича. Улар болаликдан оғуга, фаҳшга қандай ўрганган бўлса ёлғонга ҳам шундай ружу қўйган. Айрим муллалари ҳукуматга лицензияли исловатхоналар ташкил қилиш таклифи билан чиқар даражада калтафаҳм. Бу шаҳар худди усти тиниқ сувдан иборат ботқоқликка ўхшайди: тартиб-қоидалар қатъий, жазолар тайин ва оғир. Арзимас хато ҳам мумкин эмас. Аммо кунига каттадан кичик шундай хатолар содир бўладики, кўрмасликка олинади. Чунки балиқ бошидан сасийди. Ҳукумат тепасидагиларнинг сўзи амалига тўғри келмаса, қуйидагилардан нима кутиш мумкин. Чўпон наҳс босган бўлса, экинзорга ўтиб кетган подада нима айб.

Теҳронни қўйиб, атрофимизга қарайлик, бутун умр мажбурликда, севгисиз, ҳиссиз турмуш кечирган, эримнинг жаҳли чиқмасин, шубҳаланмасин, нотўғри ўйламасин дея кундалик ҳаётдаги, ҳатто тўшакдаги истакларини жиловлаб яшаган Фотималар; ўзини диндор кўрсатиб, аёлини алдаб, аслида бир оёғи исловотхонада бўлган Ҳожи оғалар; балоғат ёшигача пок юриб, не-не орзулар билан турмушга чиққач бахти топталган гулдек Сумайялар, бокиралигини жар солиб, аслида ўз “иши”ни қилиб юрган қизлар, қўли муқаддас китобда-ю, кўзи “олма-кесак тераётган” муллалар ўзимизнинг жамиятимизда йўқми? Ёки қиз болани ҳар томонлама чекловчи, бирор йигит билан турганини кўриб бузуққа чиқарувчи, шаҳарда ўқиса, енгилтак деб атовчи қишлоқдошлар, қиз болага шартмас дея қизининг орзусини бўғувчи оталар, аёлининг фикри билан ҳисоблашмайдиган, истаклари билан қизиқмайдиган, хотинини фақат хизматкор ва ҳирсини қондириш учун восита деб билгувчи ҳайвондан фарқи йўқ эрлар учрамайдими? Бу оғриқли нуқталар бутун дунё бўйлаб бор. Чунки нафс деган нарса одам боласи билан қўшилиб туғилади. Одамлар, жамиятлар бир-биридан шу нафсни қанчалик жиловлай олгани билан фарқланиб туради.

Асар алоҳида 7 қисмдан иборат бўлиб, бир кўчада яшовчи 7 олам, 7 хил қадрият, 7 тур тақдирни ҳикоя қилади. Ҳар бир қисмни алоҳида шарҳлаб, таҳлил қилинса арзийди. Қаҳрамонлардан ниманидир ўрганасиз. Воқеалар ривожи узоқ вақтлар хаёлингизда айланиб юриши, сизни ҳаяжонга солиши, асардаги қайсидир образ қўшнингиз, ё қариндошингиз, дўстингиз, балки қизингиз, умуман ҳар кимингиз бўлиши мумкин.

Асарни инглиз тилидан ўзбек тилига Зиёдахон Ғуломова таржима қилган.

Китоб ҳақида ОАВ ва машҳурлар фикри:

«Ёлғонлар шаҳри — бу Ғарб деярли танимайдиган ва кўпинча қўрқадиган мамлакат ҳақида ғайриоддий тушунча.»

– «Vogue»

«Чиройли ёзилган профиллар тўплами.»

– «Publishers Weekly»

«Наваининг ҳикояларига ақл бовар қилмайди. Улар ижтимоий, сиёсий, жинсий ва диний қарама-қаршиликларга тўла Теҳронни очиб берадики, кимдир кундалик ҳаётнинг оғир лабиринтидан қандай ўтишини тасаввур қилиш қийин. Наваи тафсилотларга эътибор қаратиши билан китобхонни ҳайратда қолдиради.»

– «Sunday Telegraph (London)»

«Наваи, британиялик-эронлик журналист, ўқувчиларни хиёбон бўйлаб юқорига ва пастга, шимолий нуқталарнинг улуғворлигидан, француз мустамлака давридаги безакли уйлар ва одамлар гавжум савдо марказларига саёҳатга олиб боради, жанубдаги ишчилар синфи ва қашшоқроқ ҳудудлар...Наваи мушт билан ёзади, бу саҳифаларни зудлик билан варақлашга мажбурлайди.»

– «Booklist»

«Китобнинг ҳар бири турли эронликларга қаратилган саккизта бобни бирлаштириб, шаҳарнинг даҳшатли портрети тасвирланган... Китобхонларга Теҳрон жамиятининг панорамик манзараси тақдим этилади: янги бойликлар жойлашган сохта юнон қасрларидан шаҳарнинг шимолига, сўнг талабалар, савдогарлар ва ёш аёллар билан гавжум шаҳар марказидан Теҳрон жанубидаги қашшоқликкача.»

– «Уолл-стрит журнали»

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзуга оид