Фронтдаги вазият: Украинанинг қарши ҳужумига илк ишоралар пайдо бўлди
Аммо улар ҳозирча нафақат Бахмутда, балки Донецкдан шимолдаги Авдийивкада ҳам Россия кучлари ҳужумларини қайтаришига тўғри келмоқда.
Украина қуролли кучлари Бахмутни ҳимоя қилишда давом этмоқда, гарчи шаҳар атрофидаги вазият улар учун яхшиланмаётган бўлса ҳам. Аммо бу Украина қўмондонлигининг ягона муаммоси эмас: Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Донецкдан шимолроқда жойлашган Авдийивка шаҳридаги истеҳкомини қуршаб олиш мақсадида жиддий ҳаракат бошлаган. Россиянинг Бахмутдан шимолдаги Креминна шаҳри атрофидаги юришлари ҳам давом эттирилмоқда. Аммо айни пайтда Украина қуролли кучлари тез орада қарши ҳужумга ўтишига илк ишоралар ҳам пайдо бўлди (ҳаракатларга кўра, Донбассда ҳам, Запорижжяда ҳам).
Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский Украина қуролли кучлари Бахмут ҳудудига яқин орада ҳужумга ўтиши ҳақида гапирди. «Ҳеч нарсани аямай, улар сезиларли кучини йўқотяпти ва заифлашиб боряпти. Тез орада биз Киев, Харкив, Балаклия ва Купянск яқинларида бўлгани каби бу имкониятдан фойдаланамиз», деди Сирский.
Бахмут
- Украина қўмондонлиги Бахмут атрофига йирик захира кучлари ташлади. Бир неча янги батальонлар шаҳарни тўлиқ ўраб олишга тўсқинлик қиладиган участкада жойлашган. Улар «Вагнер» ёлланма жангчиларини Бахмутдан Хромово орқали ғарбга олиб борувчи «ҳаёт йўли»га яқинлаштирмасликка ҳаракат қилмоқда. Ижтимоий тармоқда Украина қуролли кучларининг «Вагнер»нинг йўлдан бир неча юз метр масофадаги позицияларига қарши ҳужуми акс этган видео пайдо бўлди.
- Украина қуролли кучлари Бахмутдан жануби-ғарбдаги бошқа йўл атрофида ҳам қарши ҳужум уюштирмоқда (Украина қўшини бу йўлдан фойдаланиши қийинлашган, чунки «вагнерчилар» анчадан буён Бахмутдан жануби-ғарбдан чиқиш йўлларини штурм қилмоқда). Ивановский районида (Красний) Украина қуролли кучлари зирҳли техникалари ёлланма жангчиларни олдинги чизиқдаги позицияларидан суриб чиқаришга муваффақ бўлган.
- Шаҳар атрофидаги бошқа йўналишлар ва шаҳарнинг ўзида эса вазият Украина томони учун у қадар яхши эмас. Хусусий ҳарбий компания жангчилари Бахмут марказига шимол ва жанубдан яқинлашиб келмоқда. Шимолдаги саноат зонасининг катта қисми (Артемовск рангли металлар заводи) эгаллаб олинган, жанубда эса ёлланма жангчилар тўғридан тўғри шаҳарнинг марказий қисми бошланувчи Мариупол кўчасига чиқишган. Шаҳардан жануби-ғарбий чиқиш йўлларида эса, юқорида айтилганидек, жанглар олиб борилмоқда.
- «Вагнер» ХҲК шимолда нисбатан сезиларли натижаларга эришмоқда. Ёлланма жангчилар Бахмут — Часив Яр темирйўли бўйлаб силжимоқда ва аллақачон Богдановка ва Орихиво-Василйевка қишлоқларига етиб бориб, тепаликларни забт этишган. Энди нафақат Бахмут қуршовга тушиши, балки ёлланма жангчилар шимоли-шарқдан Часивга чиқишининг реал таҳдиди юзага келган. ХҲК жангчилари Бахмут — Краматорск трассаси бўйлаб ҳам олдинга юрмоқда, бу йўналишда ёлланма жангчилар Зализнянское қишлоғини эгаллаган ва бу ерда ҳам тепаликларни назорат қилмоқда.
Авдийивка
- РФ қуролли кучлари Авдийивкадан шимолда ва жануби-ғарбда юриш бошлаган. Бунгача ушбу шаҳар ва унинг атрофига бир неча ҳафта давомида деярли ҳар куни авиазарбалар йўлланди. Икки томондаги манбалар россияликлар Авдийивкадан шимолда сезиларли даражада олдинга силжиганини хабар қилишган. Красногоровка посёлкаси эгаллангани ва Россия қўшини ундан ғарброққа ҳам ўтгани айтилган. Аммо ҳафта давомида бу маълумотларни тасдиқлайдиган видео ёки фотолар пайдо бўлмади. Россия томонидаги манбаларнинг айримлари РФ қуролли кучлари фақатгина Красногоровканинг ўзида «ўрнашгани», юриш қийин кечаётгани, қўшин катта йўқотишларга учрагани ҳақида хабар берган.
- Авдийивкадан жануби-ғарбида эса йўқотишлар бўлгани аниқ ва РФ қуролли кучлари учун юриш жуда оғир бўлмоқда: Водяное ва Северное посёлкалари орасида россияликларнинг зирҳли техникалари колоннаси яксон этилгани акс этган видеолар мавжуд.
- Аммо нима бўлганда ҳам россияликлар юриши Украина қуролли кучлари учун янги инқироз келтириб чиқаради. Авдийивка энди ярим қуршов ҳолатида, у ердан украин қўшинини олиб чиқиш эса Донецкдан шимолдаги бутун фронт қулашига олиб келиши мумкин. Украина қуролли кучлари шаҳарни ушлаб туриш учун ўзининг баҳорги юриши бошлангунига қадар ишлатмоқчи бўлмаган (лекин бу захираларнинг бир қисми барибир Бахмут мудофааси учун юборилди) захираларни юборишга тўғри келиши мумкин.
Запорижжя области
- Украина қуролли кучлари Запорижжя областида узоқ вақтдан буён илк бор йирик ҳужум уюштирди. Орихивдан жануби-шарқда украин бўлинмалари (уларнинг миқдори аниқ эмас) бир неча бор Токмакка борувчи йўл бўйлаб жанубга ёриб ўтишга ҳаракат қилди. Ҳужумлар қайтарилган, Украина қуролли кучларининг бир қанча техникалари жанг майдонида ёниб кетган. Бу ҳужумлар разведка жанглари ёки РФ қуролли кучларини бу участкага қўшимча куч юборишга мажбур қилишга қаратилган чалғитувчи зарба бўлиши (асосий зарба эса бутунлай бошқа жойда берилиши) ҳам мумкин.
Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига кўра, Россиянинг Украинадаги ҳужуми энг юқори нуқтасига етмоқда. Таҳлилчилар фикрича, кейинги ҳафталарда Россиянинг Донбассдаги ҳужум амалиётлари суръати секинлашди, бу Россия қуролли кучларининг баҳорги ҳужуми яқин орада якунланишидан далолат бериши мумкин.
Мавзуга оид
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024