Жаҳон | 13:07 / 26.03.2023
22549
7 дақиқада ўқилади

Миллионлаб французлар кўчага чиқди, улар нима хоҳлаяпти?

Францияда президент Эммануэл Макроннинг пенсия ислоҳотига қарши намойишлар тўхтамаяпти. 23 март куни 1 миллиондан ортиқ франциялик пенсия ислоҳотига қарши намойишга чиқди.

Касаба уюшмалари 2030 йилгача пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга кўтариш ҳақидаги қонун лойиҳасини қайтариб олишни талаб қилмоқда.

Намойишчилар темирйўл вокзаллари, Париждаги Шарл де Голл аэропорти, нефтни қайта ишлаш заводлари ва портларни тўсиб қўйди.

Тезюрар ва минтақавий поездлар, Париж метроси ва бошқа йирик шаҳарлардаги жамоат транспорти тизимлари ишламай қолган. Парижнинг Орли аэропортида парвозларнинг 30 фоизга яқини бекор қилинган.

Kun.uz билан суҳбатда Францияда яшайдиган ўзбекистонлик Дониёр Рўзметов намойишлар кўлами ҳақида гапириб берди.

“Францияда намойишлар бўлиб туриши одатий ҳол. Чунки Франция анча сиёсийлашган жамият ҳисобланади. Норозилик ифодалари турли кўринишларда юз бермоқда: парламентда, кўчаларда ва иш ташлашлар орқали. Масалан, мактаблар, банклар ва бошқа соҳаларда ишлайдиган давлат хизматчилари; автобус ҳайдовчилари каби кундалик ҳаётда муҳим ўрин тутадиган одамлар иш ташлайди ва ҳаётни блоклаб қўйишади. Йўлларни тўсишади – ишга кетишингиз керак, аммо мактабдаги ўқитувчилар иш ташласа, ўша куни болани мактабга олиб бориб бўлмайди. Ўзингиз ҳам ишга кетолмай ўтирасиз. Қийинчиликларга дуч келасиз: автобусга чиқиб ишга боришингиз керак, аммо автобуслар юрмайди. Ҳукуматга бу норози одамларнинг босимидир”, – дейди Дониёр.

У одатда намойишларнинг легитимлигини йўқотишга уринадиган яширинча кучлар бўлиши, улар [намойишларга] аралашиб дўконларни бузиб, машиналарни ёқиб, намойишлар легитимлигини пасайтиришини таъкидлайди.

 “Аммо ҳозирги вазиятда халқ ўз норозилигини шу кўринишда билдиряпти”, – дейди Франциядаги ҳамюртимиз. 

Полиция намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланяпти.

Ғарбий Нант, Ренн ва Лориен шаҳарларида маъмурий бинога ҳужум уюштирилган, полиция бўлими ҳовлисига ўт қўйилган ва деразалари синдирилган.

26 март куни Британия қироли Чарлз III тахта ўтирганидан буён илк марта Францияга бориши кутилганди. Аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан бу ташриф қолдирилди. Чунки Франция касаба уюшмалари қиролнинг ташрифи вақтида кўпроқ иш ташлашлар ва норозилик намойишларини ўтказишга чақирган.

Мамлакатдаги тозалаш хизматлари иш ташлашлар ўтказаётгани сабаб Франция кўчалари, хусусан, Париж чиқиндига тўлди. Французлар чиқиндиларни шаҳар кўчаларига ташлашмоқда ва бу намойишларнинг ўзига хос рамзига айланди.

Сиёсатшунос Камоллиддин Раббимов пенсия ислоҳоти Макрон давридан бошланмагани, унгача бир қанча президентлар бу масалани жиддий равишда кўтариб келганини айтади.

Сиёсатшунос Франциядаги намойишларни таҳлил қиларкан катта қадамларни президент Николас Саркози бошлагани, ундан кейин Франсуа Олланд давом эттиргани ва навбат Макронга келганини таъкидлайди.

Улар босқичма-босқич маълум бир давр ичида пенсия ёшини 60 ёшдан 65 ёшга кўтариш ислоҳотини амалга оширишга киришган. Хўш, бунда муаммо нимада?

“Пенсия ёши (60 ёш) 2 жаҳон урушидан кейин, 1945-1955 йилларда белгиланган эди. У пайтда французларнинг умр кўриш максимал бир даври 70 ёш атрофида эди. Яъни одамлар 60 ёшда пенсияга чиқади ва тахминан 10 йил пенсия оларди. Лекин ўтган 70 йилда умр кўриш даври анчагина чўзилди. Мен Францияда яшаганимда шундай қўшниларим бор эди: 60 ёшда пенсияга чиққан, ҳозир улар 85-90 ёшда. Яъни 35-40 йилдан бери пенсия олади. Бу ерда иккита катта ҳақиқат бор: давлатнинг ҳақиқати шундаки, 60 ёшда пенсияга чиққанидан кейин, одамларни пенсия билан таъминлаш учун пенсия фондлари давлатдан жуда катта қарз олади. Яъни одамларнинг фондга тўлаётган пуллари пенсияга чиққанларни таъминлай олмаяпти.

Жамиятнинг ҳақиқати шундаки, 60 ёшдан кейин ишлаш ниҳоятда оғир. [Пенсия ёшини Саркози 60дан 62 ёшга кўтарди. Макрон эса 64 ёки 65га кўтармоқчи] Чунки Францияда одамлар ҳар хил секторларда ишлайди – оғир ишлар бор. Масалан, 62 ёшга кирган одам ҳафтасига 37, баъзан 40 соатлаб ишлаши осон эмас. Инсоннинг вақтини сотиб олаётган компаниялар уни максимал даражада эксплутация қилишга ҳаракат қилади. Шу сабабли бир томондан касаба уюшмалари, жамият ҳамда давлат ва иш берувчилар ўртасида қаттиқ кураш кетяпти”, – дейди Раббимов.

Эммануэл Макроннинг сайловолди дастурида келтирган бу қонун лойиҳаси президент учун ниҳоятда муҳим ва ҳукумат уни қайтариб олмоқчи эмас. Аввалроқ Макрон пенсия ёшини 65 гача оширмоқчи эди, аммо муҳокамалар вақтида 64 ёш танланди. Франция ҳукумати пенсия ислоҳоти натижасида минимал пенсия миқдорини 1200 еврога оширишни ҳам ваъда қилган.

Франция пенсия ёшини 64 га оширса ҳам, Европадаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолади. Таққослаш учун, Италия ва Германияда пенсия ёши 67, Буюк Британияда 66, Испанияда 65 ёшни ташкил қилади. АҚШда ҳам 1960 йилдан кейин туғилганлар фақат 67 ёшда пенсияга чиқиши мумкин.

Камоллиддин Раббимов Франциядаги намойишларни келтириб чиқарган пенсия ислоҳотини қилишдан олдин сиёсат олдиндан моделлаштирилиши ҳамда президентлар халқнинг кўчага чиқишини билишини таъкидлайди.

“Ижтимоий масалаларда ниҳоят кучли ижтимоий намойишлар кўп бўлади. Ташқи дунёдаги урушлар, иммиграция, миграция масалалари французларни анча кейинги даражада безовта қилади. Биринчи ўринда ижтимоий масалалар: ойликлар, пенсия, минимал иш ҳақи кабилар туради. Ўйлайманки, Макрон бу лойиҳани қайтариб олмайди. Намойишларнинг қизғин палласи ўтади. Ўйлашимча ва кўпгина экспертларнинг фикрига кўра, кузга бориб бу лойиҳа барибир тасдиқланади. Чунки Францияда мухолиф партиялар ва сиёсатчилардан кўра касаба уюшмалари жуда кучли. Улар миллионлаб инсонларни кўчага олиб чиқа олади. Француз президентлари учун энг катта муаммо яратадиган сиёсий куч ҳам касаба уюшмаларидир. Улар бунга йўл қўймасликка ҳаракат қиляпти, лекин ҳукумат бундай ислоҳотларни бошлашдан олдин яхшилаб ҳисоб-китоб қилади.

Макрон бу ислоҳотларни ўзининг биринчи беш йиллик муддатида қилмади. Агар ўшанда бошлаганда эди, у иккинчи муддатга ўта олмасди. Бугун Макроннинг рейтинги ўтган даврдаги энг паст даражага тушиб кетди. Саркози бу ислоҳотларни биринчи муддатда бошлаганди, шу сабабли иккинчи муддатга ўта олмади. Макрон бу нарсани биринчи муддатда қилмади, ўйлайманки, у бу нарсанинг охиригача олиб боради”, – дейди сиёсатшунос.

23 мартдаги умуммиллий норозилик намойишлари январ ойидан бери касаба уюшмалари томонидан уюштирилган тўққизинчиси бўлди. Ўшанда ҳам мухолифлар парламент Макроннинг пенсия ёшини ошириш режасидан воз кечишга умид қилганди.  

Мадина Очилова
Абдусалим Абдувоҳидов, Kun.uz

Мавзуга оид