“Истиқлол жаллодлари” – Туркистон озодлигининг заволи ҳақида асар
Марказий Осиёдаги илк демократик ҳукумат – Туркистон мухторияти бор-йўғи 72 кун яшайди. Асар муаллифи ва ўша мухториятнинг ташқи ишлар вазири Мустафо Чўқай туркийларнинг бу мағлубиятини қуйидаги жумлада изоҳлаб ўтгандек туюлади:
“Сиёсатда энг буюк бахтсизлик объектив оғирликларни ва ўз камчиликларини кўра билмаслик ёки кўришни истамасликдир”.
Объектив омилларни четга суриб субъектив кўрсаткичларни алоҳида кўздан кечирсак, ҳозирда мавжуд бўлган деярли ҳамма миллий камчиликларимиз ўша даврлардан бери даво топмай келаётганини кўриш мумкин. “Истиқлол жаллодлари” ҳам айни шу камчиликларимиз атрофидаги хотиралар асосида ёзилган десам адашмаган бўламан.
Китоб ҳақида
Мустафо Чўқай хотиралари асосида ёзилган “Истиқлол жаллодлари” асари мустақил Ўзбекистон тарихида шу кунгача атиги бир марта, 1992-йилда нашр қилинган. Орадан 30 йил ўтиб 2022 йил китоб қайтадан нашр қилинди. Китобнинг янги нашри 96 бетдан иборат.
Рус муҳожироти хуружи ва оқибатлари
1917 йилдаги инқилобдан Чор Россияси ҳукмронлиги остида бўлган халқлар, тўғрироғи, ўша миллатларнинг зиёли кишилари буткул бошқа натижалар кутишгани, чоризмнинг ағдарилишидан қанчалик севинишганини кўриш мумкин. Чунки улар ҳукумат ўзгариши билан ҳақсизлик якун топишига, “ғайрирус ўлкаларда кенг миқёсда “Ички миллий идора” қурилишига, бу ўлкаларга босиб келаётган рус муҳожиротининг тўхташига” ишонишган. Натижаси не бўлганидан эса замонавий дунё одами сифатида етарлича хабарингиз бор деб ўйлайман. Юқорида муаммо ўлароқ келтирилган масалаларга батафсил тўхталиб ўтмаслигимни айтишдан аввал, ўша даврда рус муҳожиротининг ғайрирус ўлкаларига узлуксиз давом этиши ва бунинг мезбонларга бўлган зарарлари ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсам.
Бу даврда Чор Россиясидаги 30 мингга яқин мулкдор оилалар қўлида 64 млн 700 минг гектар, 10 миллион деҳқон оилалари жамоатида эса 68 млн 600 минг гектар ер мавжуд бўлган. Тенгсиз бўлинишдаги жуда катта фарқни кўряпсизми?
Рус чорлари ҳукумати, бир томондан, тахтининг таянчи саналган мулкдорларнинг неча асрлардан буён сақланиб келаётган “ҳақи”ни мудофаа этишга уринса, иккинчи томондан, деҳқонларнинг ўсиб келаётган инқилобий руҳиятини бостиришга ҳаракат қилади. Бу оғирликдан қутулиш чораси истило этилган ҳудудларга Кавказ, Сибир, хусусан, Туркистонга ерсиз русларни кўчиришда деб топилди. Асл ерли халқдан тортиб олиб русларга берилган ерларнинг кўламини ҳис этиш учун эса биргина Қозоғистон жумҳурияти доирасида 45 млн гектар ер ҳақиқий эгаларидан тортиб олинганини мисол келтириш мумкин. Ва бу кўрсаткичлар яна ошиб боргани боис, ғайрирус ўлкаларидаги миллат лидерлари доимий рус муҳожиротининг тўхтатилишига уриниб келишганига Мустафо Чўқай асаридан яна бир бор исбот топиш мумкин.
Ушбу хотира китобида айни шу мавзунинг нозик ва ҳозирги замон одамининг хаёлига келмайдиган томонлари ҳақида сўз юритилади. Мисол сифатида ерларни суғоришда уларга алоҳида устунликлар берилгани, керак бўлса аскарлар ёрдамида сувни рус деҳқонлари ерларига буриб кетганлиги ва ерли халқ экинлари баъзан хароб бўлганини айтиб ўтиш мумкин. Айни ўша йилларни туркистонликлар учун буғдойнинг кучли танқислиги сезилган давр деб қаралса, бунинг қанчалик даҳшатли ва аянчли эканини сезиш қийин эмас.
Ташқи ва ички зиддиятлар
Мустафо Чўқай Воли саройидаги руслар ва туркистонликлар учрашувини эслар экан, Некора исмли мустамлакачилар вакилининг сўзларини қуйидагича келтиради:
“Инқилобни рус инқилобчилари, рус ишчилари, рус солдатлари амалга оширдилар. Шунинг учун Туркистонда ҳам идора, ҳокимият биз русларникидир. Ерлилар биз нима берсак шу билан қаноатланишлари керак…”
Ҳа, улар доим ўзларини маҳаллий аҳолидан устун кўрган ва Туркистонни тўлиқ назорат остида ушлай билмаган пайтларида ҳам буни баралла айта олган. Сабаби нимада деб ўйлайсиз? Сабаби – ўзимиз. 1917 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган Бутун Туркистон мусулмонларининг фавқулодда 4-қурултойи Туркистон ўлкасини Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади. Бу минтақадаги дастлабки демократик ҳукумат эди.
Бироқ нега у бор-йўғи 72 кун яшади? Русларнинг бошқарув ҳукумати ҳали тайинли ўрнатилмаган, ўзларидан ортиб бошқа ҳудудларга айтарли таъсир қила олмаётган бир даврда нега бу ҳукумат таназзулга учради? Нега муваффақият қозона олмади? Бу саволларга жавоб тариқасида ўша ҳукумат аъзоси ва воқеликнинг шахсан гувоҳи бўлган Чўқай жаноблари шундай таъриф беради:
“Бу бир-бири билан уришиб тортишиб яшаган доиралар сиёсий ва мафкуравий програм жиҳатдан эмас, ёлғиз бошдаги кишиларнинг шахсий қаршиликлари юзасидан тортишар эдилар. Бу ҳол бизга ҳеч қандай яхшилик ваъда этмас эди. Буни руслар ҳам яхши текшириб, билиб борардилар”.
Шу каби ўзаро зиддиятларни санаб ўтар экан, энг кичкинасидан энг каттасигача тўхталиб ўтади. Юқори даражада ўзаро ҳокимият талашган “Шўрои Исломия” ва “Уламо Жамияти” ўртасидаги зиддиятларга сиёсий мафкура ёки ғоявий жанг кетгани эмас, балки айни бир неча кимсаларнинг шахсий адоватлари сабаб бўлганини алоҳида таъкидлайди. “Шўрои Исломия” билан “Уламо Жамияти”ни келиштириш йўлидаги уринишлар ҳеч қандай фойда бермади деб афсус ҳам чекади. Бу иккиси ўртасидаги келишмовчиликни эса: “бизнинг умуммиллий курашимизни заифлаштирмоқда ва ишларимизни чувалаштирмоқда”, дея таърифлаган.
Бу зиддиятнинг амалий натижаси ҳам кўп куттирмай, 1918 йилнинг февралида Туркистон ҳукумати қўлдан кетади. Ана шундан кейин, токи 1991 йилгача Туркистонда ҳам идора, ҳам ҳокимият русларники бўлди. Маҳаллий аҳоли эса улар нима берса шу билан қаноатланди. Қаноатланишга мажбур бўлди...
Асардан иқтибослар
– Биз энг қонуний ҳақ, даъволаримизни амалга ошира билиш имконидан маҳрум кўпчилик эдик.
– Умумий, ахлоқий ва фалсафий нуқтаи назардан яхши ва ёмон халқлар деган нарса йўқ ва бўлмайди.
– Сиёсатда энг буюк бахтсизлик объектив оғирликларни ва ўз камчиликларини кўра билмаслик ёки кўришни истамасликдир.
– Умид этамизки, яқин ўтмишимизнинг оғир ва аччиқ тажрибалари бошқа такрорланмасин. Ҳақиқатан ўз юртининг озодлигини тилаган ҳар бир киши аввал бирор рус фирқаларининг қайси бирига ишониб юришдан қатъий фурсатда воз кечишлари ва бутун ғайрирус халқлар кучларининг умумий кураш жабҳасида тўпланишлари йўлида жуда қатъият билан ишга киришишлари зарур...
– Миллий манфаатлар йўлида курашиш лозимлигини билганлари ҳолда туркистонликлар ўзаро кучли бирлик қура олмадилар ва бунга улгурмадилар.
– Яна шу бизнинг ҳозирсизлигимиз, жонли, техникавий кучларимизнинг озлиги, халқимиз табақасида сиёсий тушунча етишмаслиги қаршимизга чиқди.
Муҳиддин Нидо, китобхон
Мавзуга оид
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
20:43 / 17.10.2024
Туркистон атамаси – этник ўзлик ва минтақавий бирлик ифодаси
12:10 / 16.10.2024
Туркия Марказий Осиёни “Туркистон” деб атамоқда: ташқи дунёнинг муносабати қандай?
11:13 / 11.10.2024