Ўзбекистон | 17:39 / 27.03.2023
11726
2 дақиқада ўқилади

Педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди

Шавкат Мирзиёев педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов хабар берди.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилмоқда. Умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 30 млн сўмгача (100 баравар) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 45 млн сўмгача (150 баравар) жарима билан жазоланиши мумкин.

Жиноят кодексида ҳам педагогларга қарши ҳаракат учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди ва жазо кучайтирилди. Педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2,1 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача жарима, мансабдор шахсларга эса 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача жарима белгиланмоқда.

“Эътиборли жиҳати, илгари педагогнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш учун фақат жарима жазоси белгиланганди. Эндиликда ушбу қилмишни такроран содир этган мансабдор шахсларга 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланиши мумкин. Ушбу қонун жамиятда педагогларнинг нуфузи ва обрўсини ошириш йўлидаги навбатдаги мантиқий қадам бўлди.

Фақат илм, таълимни ривожлантириш орқали биз буюк давлат қура оламиз. Фақат илмлиларгина буюк ишларга қодир. Барча устозларимизга ушбу янгилик муборак бўлсин. Энди сиз қонун ҳимоясидасиз”, деб ёзади Комил Алламжонов.

Мавзуга оид