Андижонда 700 гектар ғалла сувсизликдан нобуд бўлиши мумкин
Қўрғонтепа ва Жалақудуқ туманидаги 10 га яқин фермер ғалла майдонларига сув берилмаётганидан норози. Экилганидан бери суғорилмаган майдонлардаги ғалла нобуд бўлиш арафасида. Сабаб сифатида насос станциясига электр токи берилмаётгани айтилди.
Қўрғонтепа туманининг Бирлашган қишлоғидаги ҳамда Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ қишлоғидаги 10 га яқин фермер хўжалик майдонларига сув берилмаяпти. 700 гектарга яқин майдондаги ғалла ҳали бирор марта сув ичмагани айтилмоқда. Фермерларнинг таъкидлашича, бу нафақат ҳосилдорликнинг пасайишига, балки шунча майдондаги ғалланинг умуман нобуд бўлишига ҳам олиб келиши мумкин.
“25 гектар майдонга ғалла экканмиз. Шундан 20 гектарга яқини уруғ қадалганидан бери, кузда ҳам, баҳорда ҳам умуман суғорилмади. Қор ва ёмғир билан униб чиққан ғалла бир қарич бўй чўзиб, қотиб қолди. Аслида, нормал ҳолатда ўсган буғдой март ойининг охири ва апрел бошларида бошоқ чиқаришни бошлайди. Бизнинг ғалламиз эса ҳали бўй ололмаяпти. Туман ва вилоятдаги тегишли масъулларга бир неча бор мурожаат қилдик, эътибор ҳам беришмаяпти”, — дейди Қўрғонтепа туманидаги “Хўжамберди Турсиной” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ҳотамжон Хўжамбердиев.
Фермерларга кўра, кузда ҳудуддаги сой таъмирлангани сабабли сув бўлмаган. Баҳорда эса масъуллар сойда сув йўқлигини рўкач қилишган. Айни пайтда сойда сув бор, аммо Савай каналидаги насос агрегатлари ишлатилмаяпти. Насослар кичик қувватда маълум муддат ишлатилган ва яна тўхтатиб қўйилган.
Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ирригация бўлими бошлиғи Маъмуржон Рўзиматов билан суҳбатлашди. Унинг билдиришича, агрегатлар соз ҳолатда.
“Сув берилмаётганлигига сабаб электр энергияси билан боғлиқ. Мазкур насос станциясида 6 та агрегат мавжуд. Бу ерда март ойи учун берилган электр энергия лимити ишлатиб бўлинган. Ҳозирда муаммони ҳал қилиш чоралари кўриляпти. Эртага эрталаб агрегатлар ишга тушади ва фермерларга сув етказиб берилади”, — дейди Маъмуржон Рўзиматов.
Суғорилмаётган ҳудудларда ғалла ҳосилдорлиги 40-60 центнерни ташкил этади. Агар 700 гектардаги ғалла нобуд бўлса, бу ўртача 3 минг тоннадан ортиқ ҳосил йўққа чиқади дегани.
Мавзуга оид
14:37 / 27.12.2024
380 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган МЧЖ аниқланди
09:37 / 27.12.2024
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Авазбек Эргашев вафот этди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
16:13 / 20.12.2024