Ўзбекистон | 15:47 / 29.03.2023
17554
34 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ипакчилик: самарасиз бюрократик бошқарув сақланиб қолмоқда

​​​​​​​Ўзбекистонда пилла етиштиришдаги муаммолар, бошқарув тизимидаги нуқсонлар ҳамда соҳани ривожлантириш учун қандай ислоҳотлар зарурлиги ҳақида иқтисодчи Юлий Юсупов фикр юритади.  

Апрель ойи охирида Ўзбекистонда пилла боқишнинг янги мавсуми бошланиб, 30-40 кун давом этади. Пилла олинадиган ипак қурти одатда қишлоқ уйларида ёки тутзорларга яқин жойлашган алоҳида шийпонларда боқилади. Уни етиштиришда оиланинг бир ёки бир неча аъзоси (касаначилар ёки пиллакорлар) қатнашади. Касаначилар ипак қуртини тут барглари билан боқади. Бу жараёнда тегишли тозалик, ҳарорат ва намлик таъминланиши керак. Кўпчилик пиллахоналарни электр иситгичлар, газ ёки ўтин печлари ёрдамида иситади. Ипак қурти каттаргани сари оғзида ипак толасига айланадиган ёпишқоқ модда ҳосил қилиб, ундан пиллага айланади. Пилла тайёр бўлгач, уларни касаначилар тут шохларидан қўллари билан териб олишади. Кўпинча қўни-қўшни, қариндош-уруғлар пилла теримига таклиф қилинади.

Пилла етиштириш жуда меҳнатталаб ва толиқтирувчи жараёндир. Буни пиллакорлардан бири қуйидагича таърифлайди: “Апрель ойи охирида 5 қути қурт олдик. Дастлаб уч келиним 3-4 этакдан тут барги ташиди. Пиёда бориб келишарди. Масофа узоқ эмас. Кунига 2 марта. Эрталаб соат 4 дан 8 гача, кечқурун соат 4 дан 7 гача. Унгача мен қурт боқилаётган хонани шамоллатаман, супураман. Агар набираларим уйда бўлса, ёрдам беришади, намлигини сақлаш учун барк ўралган этакларни ҳўллашади. Агар ҳўлланмаса, барг тез қуриб қолиши мумкин. Қурт қуриган баргларни емайди, уларга янгиларини бериш керак. Бундан ташқари, набираларим тахта рафлардан тушиб кетган қуртларни териб, жойига қўяди. Агар улар дарҳол жойига қўйилмаса, чумолиларга ем бўлиши мумкин. Қурт учинчи уйқудан уйғонганидан сўнг энг қийин пайтлар бошланади. Биз яна кўпроқ барг олиб келишимиз керак. Ўғилларимнинг ёрдамисиз буни эплолмаймиз. Катта ўғлим тракторда барг ташийди. У келинларим билан саҳар соат 4 да жўнаб кетиб, соат 8 га яқин қайтиб келади, кейин дарров қуртларни озиқлантиришимиз керак, бу тахминан 2 соат вақтимизни олади. Шундан сўнг хонани яна тозалаш, шохларни эҳтиёткорлик билан тортиб олиш керак бўлади. Умуман олганда, бу қуртларга кунига 24 соат вақт сарфлашингиз керак, биз кунига узоғи билан 4-5 соат ухлаймиз”.

Фото: Тимур Карпов
Фото: Тимур Карпов

Германияда фаолият юритадиган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (Ўзбек форуми)нинг ипакчилик саноатидаги мажбурий меҳнат масалаларига бағишланган “Ўзбек фермерига ипак илмоқ” номли охирги ҳисоботи 2015 йилда эълон қилинган эди. Унда айтилишича, фермерлар, давлат ва бюджет муассасалари (маҳалла қўмиталари, мактаблар, шифохона каби ташкилотлар) давлат томонидан белгиланган режа кўрсаткичларига мувофиқ пилла етиштиришга мажбур қилинади. Улар кўпинча ишлаб чиқариш харажатларини қопламайдиган пиллани расман белгиланган паст нархда сотиши керак. Оқибатда Ўзбекистонда ипак ишлаб чиқариш жараёни ишлаб чиқарувчилар учун қимматга тушади, меҳнат талаб қилади ва фойда келтирмайди.

2015 йилдан бери вазият, албатта, сезиларли даражада ўзгарди. Шу сабабли бугунги кунда ушбу саноатда нималар содир бўлаётганини тушуниш, жумладан, қуйидаги саволларга жавоб олиш фойдадан холи бўлмайди:

  • Пилла етиштиришда иқтисодий бўлмаган мажбурлаш элементлари мавжудми?
  • Саноат бошқаруви қанчалик самарали?
  • Соҳада юритилаётган сиёсат қишлоқ аҳолиси даромадларини оширишга ва, умуман, мамлакат иқтисодиёти ўсишига қай даражада ҳисса қўшмоқда?

Биз бу саволларга Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми тадқиқотлари, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий база ва бошқа очиқ ахборот манбалари, жумладан, расмий статистика маълумотлари асосида жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Ушбу мақолада келтирилган маълумотлар Ўзбек форуми нашрга тайёрлаётган янги ҳисоботда ўз аксини топади.

Ипакчилик тармоғи рақамларда

Халқаро ипакчилик комиссияси (International Sericultural Commission - INSERCO) маълумотларига кўра, жаҳон тўқимачилик бозорида ипакнинг улуши ҳаттоки 0,2 фоиздан камроқ бўлишига қарамай, унинг ишлаб чиқариш базаси 60 дан ортиқ мамлакатга тўғри келади. Асосий ишлаб чиқарувчилар Хитой (2021 йилги жаҳон ишлаб чиқаришида 54,1%)  ва Ҳиндистон (40,4%) ҳисобланади. Ўзбекистон учинчи ўринда туради (2,4%).

Ўзбекистонда 1 қути ипак қурти уруғидан ўртача 55 килограммдан пилла ҳосили олинадиган бўлса, Хитой ва Ҳиндистонда бу кўрсаткич 80-85 килограммга етади. Таъкидлаш керакки, хомашё калибрлари ва узунлиги бўйича пилла турлари фарқланади. Ўзбекистонда пилланинг калибр бўйича биржинслилиги Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам ва Бразилиядаги 90-95 фоизга нисбатан ўртача 60 фоизни ташкил этади.

Сўнгги йилларда жаҳонда ипак ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада қисқарди.

Дунё бўйича ипак ишлаб чиқариш, метрик тоннада.

Манба: http://inserco.org/en/?q=statistics.

Айни пайтда Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб пилла етиштириш ҳажми ошмоқда.

Ўзбекистон Республикасида пилла етиштириш, минг тоннада.

Манба: https://stat.uz/ru/ofitsialnaya-statistika/agriculture.

Бироқ review.uz маълумотларига кўра, ипак хомашёсини мамлакатимизда қайта ишлаш улуши 25 фоиздан ошмайди, қолган қисми экспорт қилинади. Ўзбекистондан ипак, шу жумладан, ипак тола ва газлама экспорти ҳажми ошиб бормоқда: 2017 йилдан 2022 йилгача 30,9 миллион доллардан 92,5 миллион АҚШ долларига етди. Аммо унинг Ўзбекистон экспортидаги улуши унчалик катта эмас (0,5 фоиздан кам). Таққослаш учун: 2022 йилда Ўзбекистондан барча тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3,2 миллиард АҚШ долларини, шу жумладан, калава ип 1,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистон Республикасидан ипак, шу жумладан, ипак тола ва газлама экспорти, миллион АҚШ долларида.

Манба: https://www.trademap.org/, 2022 йил учун маълумотлар – https://stat.uz/images/uploads/docs/pressreliztashqisavdo202212ru.pdf.

Ўзбекистондан ипак экспорти таркибида (2021 йил учун маълумотлар) пилла чиқити ва хомашёси (68,2%) устунлик қилади. Ипак газлама ва тола улуши ҳануз кўп эмас (31,8%). Аммо сўнгги йилларда газлама экспорти сезиларли даражада ўсди: 2017 йилдаги 210 минг доллардан 2021 йилда 23,8 миллион долларгача (ўсиш 113,5 баробар).

Давлатнинг роли

2017 йилдан буён мамлакат президенти ва ҳукумати даражасида соҳани бошқариш тизимини ўзгартиришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди. Янги сиёсатнинг ўзаги ипакчилик кластерлари ташкил этишдан иборат бўлиб, улар ипак қурти уруғи етиштириш ва пилла боқишдан тортиб, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилишгача бўлган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг бутун жараёнини қамраб олиши керак. Шунингдек, ипакчилик саноати корхоналарига солиқ ва божхона юкини енгиллаштириш, транспорт харажатларини камайтириш, тармоқни кредитлаш шартларини яхшилаш, қолаверса, пилла етиштириш билан шуғулланаётган касаначиларни ижтимоий рағбатлантиришга қаратилган имтиёз ва преференциялар берилди.

Шу билан бирга, ҳукумат пилла етиштириш учун ер ажратиш, мажбурий ишлаб чиқариш режаларини ва қайта ишлаш корхоналари пилла етиштирувчилардан пилла сотиб олиш нархларини белгилаш орқали ипакчилик тармоғи устидан худди пахтачилик саноатидаги каби маъмурий назоратни сақлаб келмоқда. Пилла етиштириш режаси ҳукумат қарорлари билан белгиланган прогноз кўрсаткичлар ниқоби остида мавжуд бўлиб, улар асосида Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти ва туманига квота, яъни кейинчалик қайта ишлаш учун етиштирилиши керак бўлган пилла миқдори белгиланмоқда.

Ипакчилик тармоғини тартибга солувчи орган эса пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш вазифаси юкланган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси (2020 йилда ташкил этилган) ҳисобланади.

Аммо қўмитадан ташқари 2017 йилда асос солинган “Ўзипаксаноат” уюшмаси ҳам бор, унинг таркибига ипакчилик саноати корхоналари, шунингдек, “Агропилла” ипак қурти пилласини тайёрлаш тузилмалари киради. Уюшма Ўзбекистонда давлат томонидан яратилган, тўлиқ ва бутунлай давлатга бўйсунадиган, давлат томонидан молиялаштириладиган (бевосита ёки хўжалик юритувчи субъектлар учун мажбурий тўловлар йўли билан) функцияларни ўзида мужассам этган қатор тармоқлар учун хос бўлган хўжалик бошқаруви органидир:

  • тадбиркорлик субъекти;
  • ўз аъзоларининг манфаатларини ифодаловчи саноат уюшмаси;
  • соҳанинг давлат регулятори.
Фото: Тимур Карпов
Фото: Тимур Карпов

Бундай функцияларнинг бир ташкилотда жамланиши аниқ манфаатлар тўқнашувини англатади. Бундан ташқари, уюшманинг вазифа ва функциялари кейинроқ ташкил этилган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасиники билан деярли бир хил.

Соҳани бошқаришнинг навбатдаги бўғини пилла етиштириш бўйича режаларнинг бажарилишига масъул маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бўлиб, бунинг учун улар маъмурий мажбурлаш чораларини қўллайди. Қоидага кўра, улар пилла етиштириш режасини оддий фермерлар ўртасида тақсимлаб, бажарилишини назорат қилади.

Ипакчилик тармоғидаги давлат бошқаруви тизимининг яна бир муҳим бўғини ипакчилик кластерларидир. Расман улар мустақил, нодавлат тижорат ташкилотлари ҳисобланади. Аммо улар давлат билан чамбарчас боғлиқ: давлат қарори билан тузилади, “Ўзипаксаноат” квазидавлат уюшмасининг мажбурий аъзолари ҳисобланади, фермер хўжаликлари ўртасида пилла етиштириш бўйича режаларни мажбурий тақсимлашда иштирок этади, квазидавлат уюшмага аъзо сифатида имтиёз ва преференциялар олади. “Ўзипаксаноат” уюшмаси маълумотларига кўра, 2022 йил ноябрь ҳолатида Ўзбекистонда 74 та ипакчилик кластери фаолият кўрсатмоқда.

Пилла етиштириш бўйича вазифалар икки йўл билан тақсимланади. Кластерлар тўғридан тўғри ёки “Агропилла” уюшмасининг туман бўлимлари орқали:

  • фермерлар билан ҳамкорлик қилади ва улар билан бевосита шартномалар тузади (маҳаллий ҳокимият ва турли квазидавлат “жамоат ташкилотлари”нинг фаол ёрдами билан - қуйида кўринг). Фермерлар маҳаллий аҳоли ва фермер хўжаликлари ишчиларига ипак қурти уруғи тарқатади, жумладан, ўз оилаларида ҳам пилла етиштиради;
  • маҳалла қўмиталари ва бандлик агентликлари томонидан ёрдам кўрсатилаётган касаначиларга буюртмаларни тўғридан тўғри тарқатади.

Етиштирилган пилла одатда “Агропилла” туман бўлимлари томонидан ташкил этилган қабул пунктларига топширилади. У ердан пилла қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилади ва бирламчи қайта ишланади.

Пилланинг минимал харид нархлари давлат томонидан белгиланади. Кластерлар кўпроқ тўлаши мумкин, лекин кам эмас. 2022 йил охиригача касаначиларга топширилган 1 килограмм пилла учун давлат бюджетидан 5 минг сўмдан субсидия тўлаб берилди. Демак, 2022 йилда бир килограмм пилланинг расмий нархи 24 700 сўмни ташкил этган бўлса, субсидияни ҳисобга олганда якуний базавий нарх килограмми учун 29 700 сўмни (2,7 доллар) ташкил қилди. Бироқ 2023 йилдан бошлаб ушбу субсидия ўрнига қурт уруғи ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳар бир қутиси учун 120 000 сўм субсидия ажратилди. Субсидия 2026 йил охиригача берилади.

Фото: Тимур Карпов
Фото: Тимур Карпов

Фермерларнинг роли

Интервью қилинган фермерларнинг аксарияти ер ижарасига кўра пилла етиштириши шарт эмаслигини таъкидлайди. Аммо уларга ушбу турдаги фаолият билан шуғулланиш учун қатъий таклифлар билан мурожаат қилишади. Аксарият ҳолларда булар ҳокимликлар, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, сувдан фойдаланувчилар уюшмаси, маҳалла қўмитаси, шунингдек, пиллани қайта ишлаш корхоналари (кластерлар ва “Агропилла” бўлимлари) вакилларидир.

2022 йил давомида Ўзбек форуми 51 нафар фермер билан чуқурлаштирилган интервью ўтказганида улардан атиги 20 фоизи пилла етиштириш ёки етиштирмасликни танлаш имконияти борлигини айтди. Аксарият фермерлар пилла етиштиришдан бош тортиш “ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар билан боғлиқ муаммолар”га олиб келиши, шунингдек, “ердан маҳрум бўлиш”, яъни фермерга ижарага берилган ерни ҳокимлик қандайдир баҳона билан тортиб олиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Фермер билан суҳбатдан: “Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш механизми шундай тузилганки, фермер ҳеч нарсадан бош торта олмайди. Ер давлатники, фермер эса бор-йўғи ижарачи. Агар фермер юқоридан келган топшириқни бажаришдан бош тортишга қарор қилса, бошқалар ундан ўрнак олмаслиги учун ҳоким бутун қўрқитиш арсеналидан фойдаланади. Прокуратура, милиция, солиқ ва ҳоказоларнинг ҳаммаси сизга худди оч бўри каби ташланиб, турли томондан юлғилай бошлайди. Шу боис, бундай вазиятларда ҳар қандай фермер ўзига айтилган ишни жимгина қилишни афзал кўради. Пилла, ғалла ва пахта, байрам тантаналарини ўтказиш – буларнинг барчаси, албатта, фермернинг бўйнига тушади”.

Фермерларга режа кўрсаткичлари қай тартибда белгиланади? Улар тут дарахти сони ва ҳосилдорлигини ҳисобга олган ҳолда ёки фермер ихтиёридаги тут плантацияси майдонига қараб белгиланиши керак, дея тахмин қилинади. Амалда эса режа кўрсаткичлари кўпинча фермер ихтиёридаги ернинг умумий майдонига қараб белгиланади, баъзан эса тупроқ унумдорлиги ва сув билан таъминланганлик даражаси ҳисобга олинади. Андижон вилояти “Агропилла” корхонаси агрономи билан суҳбатдан: “Фермерларга ерининг майдони ва ҳолатига қараб қурт уруғи тарқатамиз. Тут дарахти мавжудлиги ҳам ҳисобга олинади. Ҳаммага ҳар хил тушади. Масалан, Улуғнор туманида (фермерлар учун) бир гектар ерга - 5 кг, Марҳамат туманида - 14-15 кг, Андижон туманида - 12 кг, Шаҳрихон туманида - 20 килограммдан пилла режаси белгиланган”.

Тут дарахти сони ва ҳосилдорлиги кўп ҳолларда режа белгилашда ҳисобга олинмайди. 2022 йилги сўровда қатнашган фермерларнинг 1/3 қисми тут баргларини сотиб олишга мажбур бўлганини тан олгани ҳам шундан далолат беради.

Баъзи ҳолларда режани камайтириш ёки пора эвазига пилла етиштиришни рад этиш мумкин. Бу ҳақда гувоҳлардан бири айтади: “Ҳоким ўринбосари мен унга 400 доллар берсам, ипак қурти етиштирмасам ҳам бўлаверишини айтди. Сўраган пулини бериб, пилладан қутулдим”.

Суҳбатда иштирок этган фермерларнинг катта қисми (80 фоизи) пилла учун белгиланган нархни адолатли деб ҳисобламаслигини, (75 фоизи) пилла етиштириш уларга фойда келтирмаслигини таъкидлаган. Ушбу позиция кўпинча қуйидаги далиллар билан асосланади:

  • Пилла етиштириш таннархи уни сотишдан олинган даромаддан юқори. Пилла учун тўлов, қоидага кўра, тўлиқ ёки деярли тўлиқ тарзда касаначиларнинг меҳнат ҳақини тўлашга сарфланади. Баъзида уларни қўшимча равишда рағбатлантиришга тўғри келади, масалан, озиқ-овқат ва бошқа имтиёзлар шаклида. Шунингдек, тут барги сотиб олиш, кесиш ва ташиш, тутни барг ўғриларидан ҳимоя қилиш каби харажатлар учун тўлаш, шунингдек, хоналарни иситиш учун ёқилғи сотиб олиш, биноларни таъмирлаш кераклиги таъкидланган.
  • Фермерлар дала ишлари мавсуми пайтида ишчилар ва моддий ресурсларни асосий фаолиятдан (одатда пахта ва ғалла етиштириш) ташқари йўналтиришга мажбур бўлади.
  • Ушбу турдаги фаолият учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ: озуқа базаси етарли эмас (сотиб олишга мажбур бўлинади), зарур бинолар йўқ (касаначилар пилла боқилгандан сўнг таъмирлаш заруратини туғдирадиган ўз уй-жойидан фойдаланишига тўғри келади).

Бундан ташқари, пилла учун тўлов кечикиши мумкин. Айрим ҳолларда етказиб берилган пилла учун тўлов йиллар давомида амалга оширилмай, фермерлар фақат аванс билан чекланади. 1,5 гектарли тутзор ижарачиси бундай дейди: “Ўз вақтида пулларимизни ололмаймиз. Кластер пилла етиштирувчилар ва фермерлардан 2020 ва 2021 йиллар учун пилла тўловлари бўйича қарздор эди. Кластер пилла учун пул тўламайди, лекин режа бажарилишини ва етказиб берилмаган пилла суммасининг 25 фоизи миқдорида жарима тўлашни талаб қилади. 2022 йил учун давлат субсидиялари (5000 сўм) ҳам тўлаб берилмаган”.

Фото: Тимур Карпов

Пилла етиштиришни даромадли деб ҳисоблайдиган фермерлар ҳам бор. Молиявий даромадни, асосан, норасмий бозорда режадан ортган пиллани расмий нархдан қимматроқ сотувчилар олади. Айниқса, тут дарахти кўп ва пилла етиштириш учун зарур бинолар мавжуд бўлган тақдирда, унумли ишлаб чиқаришни ташкил этаётган, ҳатто ортиқча пиллани режани бажара олмаган бошқа ишлаб чиқарувчиларга сотиш орқали нисбатан яхши даромад оладиган ишлаб чиқарувчилар бор.

Бу яна бир фермернинг ҳикояси: “Тутзор яқинида апрель-май ойларида ипак қурти етиштириладиган катта омборхонам бор. Тут шохларини ташиш учун ҳатто транспорт ҳам талаб қилинмайди. Хотиним (болалар ёрдам беради) ҳар йили ярим тоннага яқин пилла етиштиради. Аввал менинг режамни бажаради, кейин бошқа фермерларга сотади. Бу йил пилланинг 1 килограмми 30 минг сўмдан бошланди. Нарх икки-уч кун ичида тахминан 35-40 минг сўмгача кўтарилди. Мавсум сўнгида том ва мажозий маънода ҳокимдан шапалоқ еганлар келиб, килограммига 40 минг сўмдан тўлашди. Хотиним шу тариқа жорий йилда 14 миллион сўмдан ортиқ нақд пул ишлаб олди. Майли, буни ноқонуний даромад ҳисоблашсин, аммо бу хотиним ва болаларимнинг меҳнат ҳақи. Агар ҳаммасини давлат нархларида топширганимизда, биз ҳеч қандай фойда ололмаган бўлардик”.

Аммо кўпинча фермерлар молиявий бўлмаган фойда ҳақида гапиришади: ўтин сифатида тут шохларидан фойдаланиш, дарахтлар орасида экин экиш имконияти (бу ҳукумат қарорларида назарда тутилган), муҳтож оилаларга ишлаб олиш имкониятини бериш, ҳокимият органлари билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш. Қуйидагилар фермерларнинг типик фикрлари: “Ҳаммасини ҳоким буюргандек бажарсанг, у хўжалигингга кўз тикмайди. Агар у ҳатто қонунбузарликларни пайқаб қолса ҳам ўзини сезмагандек кўрсатади. Бунинг учун сиз ҳамма нарсани тўғри қилишингиз, режани мунтазам ва виждонан бажаришингиз керак. Оилангиз ҳам кечалари милицияни кутмай, тинч ухлаб, тинч яшайсиз”.

Айтиш жоизки, кўпинча фермерларнинг “қонунбузарлик”лари пахта ва ғалла учун ажратилган ердан “мақсадсиз фойдаланиш” билан боғлиқ. Фермерлар ўз ерида кўпроқ даромадли экинлар экишга ҳаракат қилса-да, бу қатъий тақиқланиб, ерни олиб қўйишгача бўлган жазога сабаб бўлади.

“Ўзипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шариповнинг айтишича, келгусида фермерларни пилла етиштиришдан озод қилиш режалаштирилган. Аммо фермерлар билан шартномалар 2026 йилгача тузилади. Фермерлар касаначиларга ипак қурти уруғи тарқатиш, шунингдек, уларни озуқа - тут барги билан таъминлаш учун жавобгардир.

Суҳбатда қатнашган фермерларнинг аксарияти уларни пилла етиштириш мажбуриятидан озод қилиш ва касаначиларни ишга олиш функциясини кластерлар ва “Агропилла” бўлимларига ўтказиш зарур, деб ҳисоблайди. Мана бу одатий гаплар: “Пилла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ташкил этилиши ёки кластер ишсизларни жалб қилиб, улар билан бевосита музокаралар олиб бориши керак. Қишлоғимизда катта ёшли камида 200 нафар ишсиз одам бор, уларни ишга жалб қилиш керак. Пилла етиштиришни фермерларга юклаш нотўғри. Агар кластерлар пилла етиштиришга фақат ишсизларни жалб қилса, уларга меҳнати учун бозор баҳосида ҳақ тўласа, одамлар қанча даромад олиши мумкин эди”.

Касаначилар

Тўғридан тўғри пилла етиштириш билан аҳолининг икки тоифаси шуғулланади:

  • тут плантациялари учун кластердан 3 гектаргача ер олиб, бунинг эвазига пилла етиштириши керак бўлганлар;
  • фермер хўжалиги ишчилари, фермернинг оила аъзолари ва кам таъминланган қишлоқ аҳолиси. Улар юқоридан туширилган режа кўрсаткичлари бўйича пилла етказиб беришга мажбур бўлган маҳаллий фермерлардан ёки “Агропилла”нинг маҳаллий бўлимларидан буюртмалар олади.

Кластерлар ва “Агропилла” вакилларининг таъкидлашича, касаначилар буюртмаларни ихтиёрий равишда қабул қилади, баъзилари эса ўзи мурожаат этади. Кўпчилик пилла етиштириш тажрибасига эга. Сўнгги йилларда пилла нархи ошгани, пилла пули ўз вақтида берилаётгани туфайли аҳоли бу ишга рози бўлмоқда. Бундан ташқари, касаначилар қўшимча имтиёзлар, моддий ва номоддий даромадлар олади, уларга қуйида тўхталамиз.

Фермерлар эса касаначилар давлат томонидан бериладиган маош эвазига пилла етиштиришни истамаслигидан шикоят қилишади. Шу сабабли уларга қўшимча рағбатлантиришлар берилиши керак. Кўпинча фермерлар қишлоқдошлари орасидан кўнгиллиларни топа олмагани сабабли ўз оилалари ва доимий ишчиларининг оила аъзоларини пилла етиштиришга жалб қилишга мажбур бўлади.

Фермерлар ёки кластер вакиллари пиллакорнинг имкониятлари (бино, ишчи кучи, озуқа базаси ҳажми)га қараб ипак қурти уруғини тарқатади. Ҳар бир қутидан муайян миқдорда пилла олиш тахмин қилинади.

Суҳбат қилинган касаначиларнинг аксарияти етказиб берилган пилла нархини адолатсиз деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, кўпчилик пилла етиштириш орқали етказиб берилган пилла учун бевосита тўлов билан боғлиқ бўлмаган манфаатдорликни таъкидламоқда:

  • ҳукумат қарорларида назарда тутилган бир йиллик (бир ойлик иш учун) иш стажини олиш имконияти;
  • ўтин сифатида тут дарахти шохларидан, ўғит сифатида эса чиқит ва қурт қолдиқларидан фойдаланиш мумкин;
  • режадан ортиқча пиллани норасмий бозорда юқори нархларда сотиш мумкин, айниқса, белгиланган режани бажариши шарт бўлган фермерларга;
  • кластер ёки фермер касаначиларга тутзорлар учун ажратилган ердан сабзавот ва бошқа экинларни етиштириш учун фойдаланишга рухсат бериши мумкин;
  • фермерлар пилла учун белгиланган тўловдан ташқари, баъзан касаначиларга қўшимча рағбатлантиришлар ҳам беради: ўтин, озиқ-овқат ва бошқалар;
  • баъзи ҳолларда буюртмачилар (катта эҳтимол билан фақат фермерлар) иш учун қўшимча ҳақ тўлайди.

Одамлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари, бандлик агентлиги, фермерлар билан яхши муносабатлар ўрнатиш мақсадида ҳам пилла етиштиришга рози бўлиши мумкин. Фермер билан яхши муносабатни сақлаб қолиш мақсадида унинг ишчилари кўпинча пилла етиштиришга рози бўлишади.

Шу билан бирга, интервью олинган касаначилар пилла етиштириш билан боғлиқ қийинчиликлар, харажатлар ва йўқотилган фойдаларни таъкидлашади:

§ Бу жуда кўп куч ва вақт талаб қиладиган жараёндир. Касаначиларнинг бу ҳақдаги такрорий иқтибослари: “Қурт боқиш жуда қийин иш. Тонг саҳарлаб уйғониб, соат 4-5 лар орасида баргга бориш, бошқа ишлар – чиқиндини тозалаш, пояга сочилган қуртларни ажратиб олиш”, “Уйда нечта одам бўлса, ҳаммамиз ишлаймиз. Бир ой давомида етарлича ухлаш йўқ, чарчоқ бизни тарк этмайди”, “Биз охирги ҳафта давомида уйқусиз ишлаймиз”.

§ Пилла етиштиришдан кўра мардикорлик орқали кўпроқ пул ишлаш мумкин. Тахминий ҳисоб-китобларга тўхталамиз (2022 йил нархларида). Бир оилага одатда 60 кг ҳосил олиш мумкин бўлган битта қути қурт уруғи берилади. Айтайлик, режа 50 кг эди. Улар 1 кг пиллани 30 минг сўмдан топширади. Режадан ортган (10 кг) маҳсулот норасмий бозорда килограмми 35 000 сўмдан сотилади. Жами: 1 850 минг сўм. Аммо бундай натижага эришиш учун бир ой мобайнида улар бутун оила аъзолари билан меҳнат қилади. Дейлик, улар катта ёшли 4 киши. Айни пайтда “мардикор бунга тенглаштирилган иш учун кунига 50 минг сўмдан олади”. Бу эса 4 киши учун ҳисоблаганда 6 миллион сўм бўлади.

§ Уй шароитида пилла етиштирилган тақдирда, “турар жой биноларимизни бўшатишимизга тўғри келиб, бу кўплаб ноқулайликлар туғдиради”. Шунингдек, биноларни таъмирлаш учун пул ва куч сарфлаш керак бўлади. Шу сабабли касаначилар кўпинча пилла етиштириш учун алоҳида иншоот қуриш зарурлигини айтишади.

§ Қурт боқиш учун тут барги ҳар доим ҳам етарли бўлмайди, баъзида уларни сотиб олишга мажбур бўлишади.

§ Қуртлар касаллик ёки ёмон экология туфайли нобуд бўлиши мумкин.

Айрим касаначилар фарзандлари меҳнатидан фойдаланганини (истамайгина) тан олишди: “Болаларим поядан тушган қуртларни теришади. Ёки эндигина ипак қурти олиб келинган пайтларда уларни барг теришга жўнатамиз”.

Хулоса ва тавсиялар

Ўзбекистонда ипакчиликнинг бой анъаналари мавжудлиги, қулай иқлим шароити, аҳоли зичлигининг юқори даражаси, қишлоқ жойларда меҳнат ресурслари кўплиги ипакчиликни қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш ва даромад келтирувчи истиқболли соҳага айлантиришга сабаб бўлиши керак эди. Бироқ Ўзбек форуми суҳбатлашган касаначилар ва фермерлар пилла етиштириш ўзлари учун даромадли иш эканига ишонмайди ва уларнинг кўпчилиги мажбуран шу иш билан шуғулланади.

Бунинг сабаблари нимада? Бунинг асосий сабаби иқтисодий тартибга солишнинг бозордан ташқари (маъмурий) воситаларини кенг қўллашга, жумладан, фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланишга бевосита мажбурлашга таянадиган сиёсатдир.

Шу ўринда, аввало, пиллачиликдаги давлат сиёсати Ўзбекистондаги умумий аграр сиёсатнинг бир қисми эканини таъкидлаш лозим.

Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг давлат томонидан энг кўп тартибга солинадиган тармоқларидан биридир. Асосий йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари (фермерлар)нинг ерга бўлган ҳуқуқлари ниҳоятда заиф ҳимояланган, ер исталган вақтда олиб қўйилиши мумкин, ундан фойдаланиш ҳуқуқи қайта сотилмайди, гаровга қўйилмайди (кредит олиш учун), унинг сублизинг имкониятлари чекланган. Шу сабабли ер эгаларида ерга ғамхўрлик қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш учун узоқ муддатли инвестиция киритишга рағбат йўқ. Ердан қисқа муддатли фойда олиш учун интенсив фойдаланилади.

Шу билан бирга, фермерларнинг аксарият ерларини айрим экинлар (пахта, ғалла, ипак) етиштириш учун давлат томонидан белгиланган нархларда ҳосилни сотиш режасини бажариш мажбурияти билан квоталаш сингари совет давридан қолган амалиёт сақланиб қолган. Бу амалиёт фермерларга тупроқ хусусиятлари, иқлим, сув мавжудлиги, ходимлар малакаси, бозор шароити, харажатлар миқдори ва қиёсий устунликнинг бошқа омилларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш тузилмасини оптималлаштириш имконини бермайди. Мажбурий давлат буюртмаси учун ажратилган ерда бошқа экин етиштириш кўпинча самаралироқ бўлади. Қолаверса, давлат буюртмаси бўйича ҳосил етиштириш бўйича белгиланган режалар фермерларни ердан интенсив фойдаланишга, алмашлаб экиш имкониятларини қисқартиришга мажбур қилмоқда.

Юритилаётган сиёсат салбий ижтимоий оқибатларга ҳам эга. Ерни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш бозор тамойиллари асосида эмас, балки мансабдор шахслар илтимосига биноан амалга оширилади. Ерни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш механизмлари ношаффоф ва коррупциялашган. Натижада қишлоқ аҳолисининг катта қисми учун ердан фойдаланиш имконияти чекланиб, бу ижтимоий кескинликка, иш билан бандлик ва даромадлар даражаси пасайишига олиб келади.

Ипакчиликни, умуман, қишлоқ хўжалигини бошқариш усуллари бозор иқтисодиёти тамойилларига мос келмайди:

  • Ер квоталари тамойили қўлланилади: ер қатъий равишда тут етиштириш шарти билан берилади.
  • Пилла ҳосилини давлатга ёки унинг вакилларига (ҳозир – ипакчилик кластерларига) топшириш бўйича мажбурий режа кўрсаткичлари сақланиб қолмоқда.
  • Пилла ҳосилини мажбурий тартибда топширишни назарда тутган нархлар давлат томонидан белгиланади.

Буларнинг барчаси ер эгаларининг тадбиркорлик эркинлигини чеклаб, рақобат ва нарх белгилашнинг бозор механизмлари ишлашига имкон бермайди. Бозор ўрнини мансабдор шахсларнинг ихтиёрий, табиийки, самарасиз бўлган қарорлари эгаллаб, устига-устак, коррупцияни келтириб чиқаради ва норасмий иқтисодиёт кўламини кенгайтиради. Хусусан, фермерлар режани қамайтириш, бажарилмаган режа “муаммосини ёпиш” ёки оддийгина пилла етиштириш мажбуриятидан халос бўлиш учун пора беришга мажбур бўлганида коррупция юзага келади. Амалдаги тизим норасмий пилла бозорини яратиб, бунда пилла етказиб берувчилар режани бажариш учун пилла сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Саноат бошқаруви тузилмаси самарасиз, ношаффоф ва манфаатлар тўқнашувига асосланган. Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда “Ўзипаксаноат” уюшмаси функцияларининг такрорланиши кузатилмоқда. Бундан ташқари, уюшма бир-бирига мос келмайдиган функцияларни бажаради: хўжалик юритувчи субъект, ўз аъзоларининг манфаатларини ифодаловчи тармоқ уюшмаси ва давлат томонидан тартибга солинувчи соҳа экани аниқ манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини англатади.

Манфаатлар тўқнашувининг яна бир кўриниши шуки, ипакни қайта ишлаш корхоналари – нодавлат тижорат ташкилотлари фермерларга пилла етиштириш бўйича мажбурий топшириқ бериш билан шуғулланиши хомашё нархини сунъий равишда пасайтириш ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш орқали рақобатбардош устунликларга эга бўлиш имконини беради. Бундан ташқари, хусусий корхоналар учун рақобатбардош устунликларга ҳукуматнинг барча даражадаги мансабдор шахслари кўмаклашиб, улар режа кўрсаткичларини белгилаш ва бажарилишини назорат қилишда кенг қамровли маъмурий босим воситаларидан фойдаланади. Ушбу фаолиятга кўпинча квазидавлат “жамоат ташкилотлари” ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари жалб қилинади.

Қолаверса, ипакни қайта ишлаш корхоналари давлат қарори билан ташкил этилган ипакчилик кластерлари таркибига киритилган ҳамда улар, ўз навбатида, “Ўзипаксаноат” квазидавлат уюшмасининг мажбурий аъзоси бўлиб, уюшма аъзоси сифатида имтиёз ва преференциялар олади.

Соҳада юритилаётган сиёсатнинг муҳим элементи фаолиятга иқтисодий бўлмаган мажбурлаш амалиёти сақланиб қолаётганидадир. Гап қуйидагилар ҳақида бормоқда:

  • Бозордан ташқари нархларнинг сунъий равишда пастлиги касаначиларнинг машаққатли меҳнати учун етарли маош олишига, фермерларнинг эса ташкилий ишлар учун ҳақ олишига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, фермерлар учун пилла етиштириш мажбурияти кўп ҳолларда моддий йўқотишларга олиб келади.
  • Кўпинча фермерлар ҳеч қандай қонуний асосга эга бўлмаган ҳолда пилла етиштиришга мажбур бўлмоқда, чунки аксариятининг ер ижараси шартномаларида бундай фаолият тури мавжуд эмас.
  • Даромад йўқлигига қарамай, рози бўлишга мажбур фермерларга босим ўтказиш учун маъмурий таъсирлардан фойдаланилади. Акс ҳолда уларга ер майдонларини олиб қўйиш (қонун ва тузилган ижара шартномаларини бузган ҳолда, лекин фермерлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун самарали ҳуқуқий воситаларга эга эмас), текширишлар ва фаолиятига бошқа шаклларда аралашиш билан боғлиқ бошқа жазо чоралари қўлланиши билан таҳдид қилинмоқда.
  • Санкцияларнинг расмий сабаблари фермерларни пахта ва ғалла етиштиришга мажбурлаш билан боғлиқ “ноқонуний хатти-ҳаракатлар” бўлиши мумкин. Бу экинлар уларнинг кўпчилигига даромад келтирмаяпти ҳамда пахта ва ғалла учун мўлжалланган ерларда бошқа турдаги даромадли экинларни етиштиришга мажбур қилмоқда.
  • Касаначиларга, жумладан, маҳаллий ҳокимият органларининг иштироки билан, айниқса, фермерлардан буюртма берилган тақдирда, маъмурий босим ҳам ўтказилиши мумкин.
  • Режа кўрсаткичлари кўпинча ўзбошимчалик билан белгиланиб, пилла етиштириш имкониятлари (озуқа базаси, бино, ишчи кучи билан таъминлаш) ҳисобга олинмайди, бу эса қўшимча харажатларга сабаб бўлади.
  • Касаначилар ва фермерлар харид қилувчи ташкилотни танлаш имкониятига эга эмаслиги уларни харидорга қарам қилиб қўйиб, ўз фаолияти учун энг яхши шароитларни (тўловларни ўз вақтида тўлаш, агроном маслаҳатлари, ипак қурти уруғи сифати ва ҳк.) танлаш ва, масалан, топширилган пилла учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини чеклайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қилишимиз мумкинки, ипакчилик соҳасини ислоҳ қилиш қуйидаги йўналишларни қамраб олган аграр ислоҳотнинг бир қисмига айланиши керак:

1.     Бозор иқтисодиёти тамойилларига зид, коррупция ва ердан норационал фойдаланиш манбаи бўлган “қишлоқ хўжалиги экинларини тақсимлаш”, ҳосилдорлик кўрсаткичларини меъёрлаш ва фермерларни кластерлар билан мажбурий шартнома тузиш амалиётини ўз ичига олган мажбурий давлат буюртмасидан қатъиян воз кечиш.

2.     Ҳозирги кунда давлат буюртмасига мувофиқ етиштирилаётган ва нархлари давлат томонидан белгиланадиган қишлоқ хўжалиги экинларининг эркин бозорларини шакллантириш.

3.     Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун ресурслар ва хизматларнинг эркин ва рақобатбардош бозорларини шакллантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш.

4.     Қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, шу жумладан, ерни тақсимлаш ва қайта тақсимлашда маҳаллий ҳокимият органларининг ҳуқуқларини чеклаш.

Ипакчилик соҳасига келсак, ислоҳот мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • ипак қурти пилласини етиштиришга мажбурий буюртма беришдан воз кечиш;
  • пилланинг эркин бозорини шакллантириш ва пиллага марказлаштирилган нарх белгилашдан воз кечиш.

Ипакни қайта ишловчилар пиллани эркин бозордан эркин нархларда сотиб олиши лозим. Шунингдек, улар пилла етиштирувчилар билан ўзаро манфаатли шартлар асосида узоқ муддатли шартномалар тузиши мумкин. Ниҳоят, ипакни қайта ишлаш корхоналари тут плантациялари учун ерни ижарага бериши ва касаначиларга ушбу ерда етиштириладиган пиллани узоқ муддатга етказиб бериш шарти билан субижарага бериши мумкин.

Пиллачилик тармоғида давлат сиёсати, давлат тартибга солувчи, тармоқ уюшмаси ва хўжалик фаолияти функцияларини ажратишга қаратилган маъмурий ислоҳот ҳам зарур. Юқоридаги барча функцияларни ўзида мужассам этган “Ўзипаксаноат” уюшмаси қайта ташкил этилиши керак. Соҳада сиёсат юритиш Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг вазифаларидир. Регуляторлик вазифаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг вазифаларига киради. Уюшма функцияларини квазидавлат тузилма эмас, балки тармоқ ишлаб чиқарувчилари томонидан яратилган ташкилот бажариши керак. Албатта, уюшмага аъзолик ихтиёрий бўлиши ва унинг аъзолари давлат томонидан белгиланган имтиёз ва ёрдамлардан фойдаланмаслиги керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифода этмаслиги мумкин.

Мавзуга оид