Жаҳон | 08:33 / 29.03.2023
15517
2 дақиқада ўқилади

Туркия мухолифати Эрдўғанни президентлик сайловларидан четлаштиришни талаб қилди

Уч партия Туркия сайлов комиссиясига Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг бўлажак президентлик сайловларида номзоди кўрсатилиши устидан шикоят қилди. Мухолифат фикрича, у икки марта сайланган ва яна ўз номзодини қўя олмайди.

Фото: AFP

28 март, сешанба куни Туркиядаги уч мухолифат партияси вакиллари Олий сайлов комиссиясига амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанни май ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари учун номзодлар рўйхатидан чиқариб ташлашни талаб қилиб, ариза топширди.

Унинг номзоди конституцияга зиддир, чунки "Яхши партия", "Демократия ва ютуқ" партияси ҳамда "Ватан партияси"га кўра, Эрдўған аллақачон икки марта президент этиб сайланган. 2014 ва 2018 йиллардаги президентлик сайловларида ғалаба қозонган Эрдўған Туркия парламенти муддатидан олдин сайловлар эълон қилган тақдирдагина учинчи марта номзодини қўйиш ҳуқуқига эга бўлади, дея таъкидлайди мухолифатчилар. Аммо 14 май куни бўлиб ўтадиган овоз бериш президент фармони билан белгиланди.

Ўз навбатида, ҳукмрон "Адолат ва тараққиёт" партияси спикери Ўмер Челик 28 март куни Эрдўғаннинг сайловларда иштирок этишига ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтди. Унга кўра, 2018 йилда конституция ўзгартирилгандан сўнг у биринчи марта янги президентлик тизимида сайланган, шу боис унинг аввалги президентлик муддати ҳисобга олинмаган. Конституциявий ҳуқуқ соҳасидаги туркиялик экспертлар қонун нормалари Эрдўғанга яна номзодини қўйишга имкон берадими ёки йўқми, бу борада бир фикрга кела олмаяпти. Бу йилги сайловларда Туркия президентлигига номзодларнинг якуний рўйхати 31 март куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид