Жаҳон | 22:50 / 30.03.2023
43517
3 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг Хитойни урушга тайёрламоқда - ОАВ 

У ўз нутқида генераллардан «жанг қилишга журъат этишни» сўраган. 

Фото: AP Photo/Kin Cheung

Хитой етакчиси Си Жинпинг урушга тайёрланаётганини айтди. Хитой парламенти ва унинг олий сиёсий маслаҳат органининг март ойида бўлиб ўтган йиллик йиғилишида Си Жинпинг урушга тайёрлик мавзусига тўхталиб ўтган, бир ҳолатда ўз генералларидан «жанг қилишга журъат этишни» сўраган, деб ёзди Foreign Affairs. 

Унинг ҳукумати, шунингдек, Хитойнинг мудофаа бюджетини 7,2 фоизга оширганини эълон қилди, бу қиймат сўнгги ўн йил ичида икки баравар кўпайди. 

Нашрнинг таъкидлашича, «Хитойнинг урушга тайёрлигини» тасдиқловчи бошқа белгилар қаторида 1 март куни Коммунистик партия журналида «Си Жинпинг бошчилигида армия кучаяди ва ғалаба сари олға боради» сарлавҳали эссе чоп этилган. Мақолада Хитой қуролли кучларини хусусий компаниялар ва фуқаролик институтлари ҳисобидан модернизация қилишга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш зарурлиги айтилган. 

Бундан олдин ҳам, Хитой раҳбарлари эҳтимолий можарони режалаштирган бўлиши мумкинлигига ишоралар бор эди. Декабрь ойида Пекин Халқ Озодлик Армиясига (ХОҚ) захира кучларини осонроқ жойлаштириш ва уруш ҳолатида жанговар қисмларни тўлдириш тизимини ташкиллаштириш имконини берувчи янги қонунни эълон қилди. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, бундай чоралар Си Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги муваффақиятсизликларидан сабоқ олганини англатади. 

Декабрь ойидан бери Хитой ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб, жумладан Пекин, Фужиан, Хубей, Хунан, Ички Мўғулистон, Шандун, Шанхай, Сичуан, Тибет ва Уханда кўплаб миллий мудофаа сафарбарлик офисларини очди. Шу билан бирга, Тайван бўғозининг нариги томонида жойлашган Фужиан провинциясидаги шаҳарларда бомба бошпаналарини ва камида битта «уруш давридаги тез тиббий ёрдам шифохонаси»ни қуриш ёки модернизация қилиш бошланди, деб хабар берди Хитой давлат матбуоти. 

Шунингдек, истеъфога чиқаётган бош вазир Ли Кецян 2023 йилга мўлжалланган 1,55 триллион юань (тахминан 224,8 миллиард доллар) қийматидаги ҳарбий бюджетни эълон қилди, бу ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга кўпдир. Ли, шунингдек, «урушга тайёргарлик»ни кучайтиришга чақирди. 

Ғарб экспертлари узоқ вақтдан бери Хитой мудофаа харажатларини камайтириб кўрсатаётганига ишонишади. Масалан, 2021 йилда Пекин мудофаа учун 209 миллиард доллар сарфлаганини айтди, аммо Стокголм халқаро тинчлик тадқиқот институти ҳақиқий кўрсаткични 293,4 миллиард доллар деб баҳолади. Ҳатто Хитойнинг расмий кўрсаткичи ҳам АҚШнинг Тинч океани шартномаси бўйича барча иттифоқчиларининг (Австралия, Япония, Филиппин, Жанубий Корея ва Таиланд) ҳарбий харажатларидан ошиб кетади. 

Мавзуга оид