Жамият | 12:03 / 01.04.2023
28966
12 дақиқада ўқилади

«Болаларнинг бегонаси бўлмайди»: ўгай фарзандларни ўз боласидай тарбиялаган ота ҳақида ҳаётий ҳикоя

«Тоғ этагидаги қулай адирликка чиқаётганимизда оёғим тагидан нимадир портлади ва тўлқин мени улоқтириб юборди. Пиёдаларга қарши ишлатиладиган минага дуч келгандик. Одатда бундай миналар оёқлардан бирини узиб юборарди. Бироқ менда ундай бўлмади. Оёқларим бутун қолган, фақат танамга мина парчалари текканди. Ўшанда бекорга хурсанд бўлган эканман. Ўша мина парчалари ҳаётимни ўзгартириб юборди ва мени қийин синовларга дучор қилди».

Инсон дунёга келар экан, бошига турли синовлар тушиши табиий ҳол. Кимлардир ана шу синовларга бардош бера олмайди. Бошқалар эса сабр қилади ва роҳатини кўради.

Электрон почтамга мактуб йўллаган отахон ҳам бир пайтлар жуда оғир синовга дуч келиб сабр қилган инсонлардан бири экан.

«Оғир синовга дуч келганимда хаёлимга турфа ёмон ўйлар ҳам келган. Ҳатто ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлганман. Бироқ яхшилаб ўйлаб кўрсам, Худо берган жонни фақат унинг Ўзи олишга ҳақдор экан. Ўшанда жонимга қасд қилишим энг ёмон иш бўлишини англаб етдим ва барчасига сабр қилдим», дейди у мактубида.

Отахоннинг ёзишича, у совет даврида ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтаган ва урушда қатнашган. Ўша ерда пиёдаларга қарши ишлатиладиган минага дуч келиб, ортидан тузалмас дард орттириб олган экан.

Ўшанда бепушт бўлиб қолгач севган аёли билан ажрашишга мажбур бўлган. Сўнг икки боласи билан тул қолган аёлга уйланиб, унинг фарзандларини тарбиялаган экан.

«1980 йилда ўрта мактабни тугатдим. Ўша пайтда ўзимдан бир ёш кичик маҳалладош қизни яхши кўрардим, бироқ бу кўз уриштиришдан нарига ўтмасди.

Биз томонларда қиз ва йигитнинг севишиб учрашиб юриши мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат саналарди. Шу сабабли яхши кўрган қизимга ҳатто уни севишимни ҳам айта олмасдим. Қолаверса, у даврларда ҳаё, ибо қизларда ҳам, йигитларда ҳам кучли эди.

Мактабни битирган йилим ҳарбий комиссариатга чақиришди. Тиббий текширувлардан ўтдим. Бақувват йигит эдим. Тўйларда кураш тушиб юрардим, соғлом деб топишди.

Бироз ўтиб ҳарбий хизматга жўнаш вақти келди. Ўша пайтда Афғон уруши бошланганига икки йил бўлган, аксарият йигитларни ўша ёққа жўнатишаётган эди.

Қишлоғимизга уруш қурбони бўлган йигитнинг темир тобути келган, шу сабабли ота-оналар боласини урушга олиб кетишларидан хавотир қилиб яшарди. Бундай хавотир ота-онамда ҳам бўлди.

Отам «одамини топиб» бир-икки сўм харажат қилиб бўлса ҳам мени Афғонистонга эмас, СССРнинг бошқа шаҳрига хизматга жўнатишга уриниб кўрмоқчи бўлди.

У аввал вазиятни билиш учун туман ҳарбий комиссариатига борган экан, у ердагилар «хавотир олманг, ўғлингизни Афғонга жўнатмаймиз» дейишибди.

Отам ҳарбий комиссариатдан хурсанд бўлиб келди. Уйга қўни-қўшни, қариндош-уруғ, барчани чақирди. Боқиб қўйилган қўчқорни сўйиб ош дамлаттирди. Бояқиш, «сўраб келдим, ўғлимни Афғонга жўнатмас экан», деб барчага мақтаниб чиқди. Ҳамма хурсанд эди.

Бироқ ҳарбий комиссариатдагилар отамни алдашганини, Афғонга кетишимни кўнглим сезиб турарди. Мантиқан ўйлаганда ҳам баққувват, барча талабларга жавоб берадиган йигитни қурилиш батальонига жўнатишмасди.

Эртага кетасан дейишган куни қандай қилиб яхши кўрган қизимга мени кутишини тайинлаб қўйишни ўйлардим. Охири қўшнимизнинг аёлига дардимни ёрдим.

Янга қизни ўзининг уйига чақириб келишга ва ўша ерда гаплашиб олишимга ёрдам берадиган бўлди.

«Ҳозир қизнинг олдига бораман. Агар уни ҳам сизда кўнгли бўлса, хайрлашгани келади. Кўнгли бўлмаса келмайди. Мабодо келмаса кўз ёш тўкиб юрманг тағин. Эсон-омон келиб олинг, қишлоғимизда қиз кўп», деб у чиқиб кетди.

Бироздан кейин янга жилмайиб кириб келди. Қиз келганини тушундим. Қизга мени кутишини, Худо хоҳласа омон қайтишимни айтдим. Яна менга хат ёзиб туришини, унга ёзган хатларимни янганинг номига жўнатишимни айтдим. Қиз чиқиб кетди.

Эртаси куни ҳарбий комиссариатга бордим. Барчамизни аввал вилоят марказига, сўнг Термизга олиб кетишди. Тушундимки, бизни Афғонга юборишади.

Ота-онамга илк мактубни ёзганимда Термизда эканимизни айтмадим. Россиядаги шаҳарлардан бирининг номини ёзиб юбордим. Орадан бир неча ой ўтиб бизни Афғонистонга олиб кетишди.

Уруш даҳшатларини ҳозир эслагим келмаяпти. Мен учун энг ажабланарли ҳолат бизга қарши жанг қилиб асир тушганлар орасида ўзбеклар ҳам борлиги бўлди.

Афғонистонда 1930-йилларда коллективлаштириш даврида қочиб кетган ўзбекларнинг авлодлари яшашини билардим. Бироқ у ерда миллионлаб этник ўзбеклар азалдан яшаб келишини билмас эканман.

Ўшанда асирлардан бири менга жуда оғир гапларни гапирган эди:

«Минг лаънат бўлсин сенларга. Бу ерда кимга қарши жанг қиляпсан? Ватанини шўро армиясидан ҳимоя қилаётган миллатдошларинга қаршими? Ёки раббим Аллоҳ, пайғамбарим Муҳаммад алайҳиссалом деган диндошларингга қаршими? Айтганча, сенлар шўровий, диндан чиқиб кетгансанлар-ку. Биз сенлардан ёрдам сўрадикми? Нега бировнинг ерига бостириб келасанлар? Шунчалик осонми бировнинг уйини вайрон қилиб одам ўлдириш?»

Ўшанда дарё ортидаги миллатдошим анча гапларни гапирган ва ёмон қарғаганди. Бир неча кун унинг саволларидан, қарғишларидан таъсирланиб юрдим. Бироқ ўртада ҳаёт-мамот масаласи турганди. Сен ўлдирмасанг, сени ўлдиришади.

Кунлардан бир кун тоғ этагидаги қулай адирликка чиқаётганимизда оёғим тагидан нимадир портлади ва унинг тўлқини мени улоқтириб юборди. Пиёдаларга қарши ишлатиладиган минага дуч келгандик.

Одатда бундай миналар оёқлардан бирини узиб юборарди. Бироқ негадир менда ундай бўлмади. Икки оёғим ҳам бутун қолган, фақат танамга мина парчалари теккан эди.

Маълум бўлишича афғонлар адирлик атрофини миналаштирган, мен эса улардан бирини босиб олган эканман.

Дарҳол ортга қайтдик. Яраланганларни полк шифохонасига ётқизишди. Белимдан мина парчасини олиб ташлашди. Жароҳатим унча оғир эмас, оёқларим бутун қолганига кайфиятим яхши эди. Бироқ бу хурсандчилик узоққа бормади.

Эртаси куни менга қараётган ҳамшира негадир «бардам бўл аскар, ҳали ҳаммаси яхши бўлади» деди. Унинг гаплари мени ҳайрон қолдирди. Арзимаган мина бўлакчаси текканини айтмаганда айтарли жароҳат олмадим. Нега ҳамшира бунақа деяпти?

Ундан изоҳ сўрадим. «Агар врачга сотмасанг айтаман», деди. Ваъда бердим.

«Сен дуч келган мина оддий эмас, унга кимёвий моддалар билан ишлов берилган. Минанинг парчаси танага текканда инсонни бепушт қилади. Сенда ҳам катта эҳтимол билан шундай бўлади. Шу учун хурсанд бўлишга эрта. Ўзингга Худодан шифо сўра», деди у.

Ҳамширанинг гапларини эшитиб музлаб кетдим. Бироқ чорасиз эдим. Кўп ўтмай тузалдим ва яна жангга қайтдим. Бир неча ойдан сўнг хизмат муддатим тугади ва уйга жавоб беришди.

Кўп ўтмай уйдагилар яхши кўрган қизимга совчиликка бормоқчи бўлишди. Совчиларни жўнатишдан аввал мени икки йил кутган қизга барчасини билиши керак деган хулосага келдим. Унга Афғонда бўлган ҳодисани айтиб бердим.

Қизга гапирар эканман, танлов ўзида эканини, мен билан яшаса умуман фарзанд кўра олмаслиги мумкинлигини, шунга бир қарорга келиши лозимлигини айтдим. Шунда у «сиз билан бирга бўлсам барча синовларга чидайман», деди. Шу билан масала ҳал бўлди.

Тўй ўтди, ҳаммаси рисоладагидай, бироқ хотинимнинг бўйида бўлмасди. Аввалига фарзандли бўлмаётганимизга парво қилмаган онам тўйимизга икки йилдан ошгач ташвишга тушиб қолди.

Хотинимга бу ҳақда таъна қилиб гапирадиган бўлди. Шундай пайтларда хотинимдан кўра кўпроқ мен азобланардим.

Ахийри бир кун ҳеч кимга айтмай вилоят марказидаги шифохонага бордим. У ерда турли анализлар олишди, текширишди. Охирида врач гапнинг индаллосини айтди:

«Ука, ўзинг ҳам билиб турибсан, сен жинсий заиф эмассан, бепуштсан. Бу қандай содир бўлган билмадим-у, сенда эркаклик уруғини ишлаб чиқарадиган жойинг тузалмас бўлиб шикастланган. Сендаги дардни даволашга ҳозирча медицина ожиз. Мабодо Афғонда бўлмаганмисан?»

Бош ирғаб унга Афғонда бўлган ҳодисани гапириб бердим. Врач менга сабр тилашдан бошқа чораси йўқлигини айтди. Унинг олдидан умидсиз бўлиб чиқиб кетдим.

Ҳаётимиз жуда қийин ўта бошлади. Хотиним ёш болаларни кўрганда қандай таъсирланишини кўриш мен учун оғир эди. Иккинчи томондан онамнинг таъналари ҳар иккаламизга ҳам азоб берарди. Бор гапни онамга айтмасдан хотинимга таъна ва пичинглар «сотиб олиб бераётганим учун» мен икки карра қийналардим.

Ахийри бир кун ота-онамга барчасини айтиб бердим. Ҳақиқатни билишгач онам йиғлай бошлади. Отам ўйчан ўтирар, менинг эса елкамдан тоғ ағдарилган эди. Онам ўша заҳоти хотинимни чақириб, ундан кечирим сўради.

Шундан сўнг онам хотинимга меҳрибонлик қила бошлади. Унинг бу ишини «Раҳмат сенга, ўғлимнинг айбини бекитиб юрибсан», қабилида тушуниб ғашим келарди. Кейин билсам, хотинимда ҳам шу кечинмалар бўлган экан.

Кунлардан бир кун хотиним нарсаларини йиғиштира бошлади. Ҳайрон бўлдим. Шунда у бундай ҳаётга ортиқ чидай олмаслигини, шу учун отасиникига қайтишини айтди ва мендан талоғини беришимни сўради:

«Ортиқ чидай олмайман. Фарзандим бўлмагани учун эмас, ота-онангизнинг бизга раҳмлари келиб муомала қилишлари мени мувозанатдан чиқаряпти. Қани эди улар асл ҳақиқатни билишмаса, мен аввалгидай таъна ва пичинг гаплар эшитиб юраверсам. Энди уларнинг гапиришлари у ёқда турсин, кўз қарашларига ҳам чидай олмаяпман. Бунақада жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас. Шу учун кетганим яхши».

Ўша тобда унга ҳеч нарса дея олмасдим. Дейишга ҳаққим ҳам йўқ эди. Гарчи тўйдан аввал ҳаммасини айтган бўлсам-да, унга осон тутмаёгандим.

Инсон ўз имкониятларини ҳар доим ҳам тўғри баҳолай олмайди. Машаққатга дуч келишдан аввал чидайман деб ўйлаши, бироқ синовларга дуч келганда дош бера олмаслиги мумкин.

Барчасини ўйлаб кўрдим ва хотинимнинг жавобини бердим. У мен билан бир умр азобланиб яшашга мажбур эмас. Унинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққи бор.

Шундан сўнг қишлоққа сиғмай қолдим ва уйдан чиқиб кетдим. Вилоят марказига бориб бир неча кун тентираб юрдим. Ёнимда пулим қолмагач заводлардан бирига ишга кирдим.

Ўша ерда ишлаб қолиб кетдим. Уйга ҳар олти ойда бир бориб келардим. Кейинчалик хотиним қўшни қишлоқдаги бир эркакка турмушга чиқиб кетганини эшитдим. Бу хабарни шундай бўлиши керакдек оддий қабул қилдим.

Заводда ишлаб юрганимга 3-4 йил бўлиб қолганди, бўлимимизга бир аёл ишга келди. Эри вафот этгач икки ўғли билан ёлғиз қолган экан. Аёл билан яқиндан танишиб, унга бошимдан ўтган воқеаларни гапириб бердим.

Бироз ўтиб, у билан турмуш қурдик. Болалар аввалига бироз бегонасирашди. Кейин ўз боламдай бўлиб кетишди.

Шу тариқа болаларни улғайтирдик, уларни уйлантириб, уйли-жойли қилдик. Ҳозир ўғилларим, келинларим ва набираларимга бош бўлиб, уларнинг ардоғида юрибман.

Тўғри, бу гапларим кимларгадир эриш туюлар, бироқ ўтган ҳаётимдан битта яхши хулоса олдим – болаларнинг бегонаси бўлмайди».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид