«Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири — Конституциянинг тўғридан тўғри ишлаши». Ҳуқуқшунослар янгиланаётган Конституция ҳақида
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилишига бир ой қолди. Конституцияни ўзгартириш зарурати нимада? Ўзгаришлар Бош Қомуснинг амалда қўлланишига ижобий таъсир қиладими? Kun.uz суҳбатлашган ҳуқуқшунослар янги конституциявий маконга эҳтиёж борлигини асосламоқда.
Уларнинг фикрича янгиланаётган конституция қабул қилингач, унинг тўғридан тўғри ишлаши бўйича аниқ механизмлар ҳам ишлаб чиқилган.
Интервью давомида конституциявий қонун лойиҳаси бўйича шу каби бир қатор саволларга экспертлар жавоб беришди. Интервью меҳмонлари Жамоат хавфсизлиги университети профессори Сурайё Раҳмонова, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев, Тошкент давлат юридик университети доцентлари Дилдора Камалова ҳамда Ҳайитжон Турдиев бўлди.
— Ижтимоий тармоқларда ҳозир ҳам Конституцияни ўзгартириш керак эмас, деган фикрларга кўзимиз тушяпти. Конституцияни ўзгартириш учун қандай зарурат мавжудлигини содда ва лўнда қилиб айтиб бера оласизларми?
Ҳайитжон Турдиев:
— Дунёдаги энг барқарор конституция АҚШники. Муаллифлардан бири Томас Жефферсон барча жамоалар учун умумий бўлган ва доимий амал қиладиган конституция яратиш имконсиз, ҳар бир авлод ўз конституциясини яратиш ҳуқуқига эга, деган фикрни айтган. Дунёда 200 га яқин амалдаги конституция бор ва 65 та янги конституция қабул қилинди. АҚШ конституцияси энг барқарори бўлгани билан, ҳар бир штатида алоҳида ички конституция бор ва уларда ўзгаришлар жуда ҳам кўп. Франциянинг конституциясида 24 та ўзгариш бўлган. Энг муҳими шундаки, конституциявий ўзгаришлар давлат манфаатларидан кўра инсон ҳуқуқларининг кафолатини кучайтиряпти. Янгиланаётган конституция лойиҳасида ҳам шундай ўзгаришларни кўрамиз.
Амалдаги конституциямизга шу кунгача 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Уларнинг асосий қисми давлат бошқаруви, президент, ҳукумат ва сайлов тизими билан боғлиқ ўзгаришлар эди. Эндиги конституция ўзгаришида 50 фоиздан ортиқ ўзгаришлар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ. Давлат тараққиётнинг кейинги босқичига қадам қўймоқчи бўлса, янги конституциявий маконга эга бўлишни талаб қилади.
Сурайё Раҳмонова:
— Кўплаб ислоҳотлар бўлаётганини кўряпмиз. Шу ўзгаришлар фақат бугунги кун учун эмас, келажакда ҳам давом этиши учун уларнинг ҳуқуқий асослари конституциявий даражада мустаҳкамланиши керак. Вақт ўтиши билан ҳуқуқий эркинликларга муносабат ўзгариши хавфи бор, шулардан холи бўлиш учун ҳам конституциявий ислоҳотларга эҳтиёж бор.
— Нимага асосланиб Халқ Конституцияси дейилмоқда?
Ҳайитжон Турдиев:
— Одатда қандайдир қонун лойиҳасини давлат органлари ишлаб чиқиб, кейин муҳокамага қўйилади. Бу сафар биринчи марта аввал фуқаролар таклифи олиниб, кейин қонун лойиҳаси шакллантирилди. Муҳокамадан кейинги таклифлар асосида яна қайта таҳрир қилинди. Унда айнан фуқароларни қийнаётган кўплаб масалалар ўз аксини топди. Фуқаролар томонидан ҳуқуқий асосли аниқ таклиф қилиб берилмаган ғоялар ҳам мутахассислар томонидан такомиллаштирилиб киритилмоқда. Умумий жараёнда 5 млнга яқин фуқаро қатнашди.
Дилдора Камолова:
— Конституция қабул қилишнинг энг демократик усулларидан бири — референдум асосида қабул қилиш. Яъни бу жараёнда халқнинг бевосита иштирокини кузатиш мумкин. Айнан халқнинг ўзи овоз бериб қабул қилаётгани учун ҳам халқ конституцияси дейиляпти.
— Юқорида ҳам таъкидладик, Конституция 65 фоизга ўзгармоқда. Лойиҳа янги Конституциями ёки ўзгартиришлар тўғрисидами?
Ҳайитжон Турдиев:
— Бир йил олдин эълон қилинган конституциявий қонун лойиҳаси номи «Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш» деб номланган эди. Ўша пайтдаги биринчи босқичда 60 мингта таклиф тушди ва ўзгаришлар у қадар катта бўлмади. 150 минг таклиф тушгандан сўнг эса лойиҳа ҳажми ҳам кенгайди. Таклиф қилинаётган лойиҳада 128 та модда 155 тага кўпайган, 275 та меъёр 434 тага ошди, 91 та меъёрга фундаментал ўзгартириш киритилган. Янги конституция дейиш ҳам бир томондан нотўғри, чунки фундаментал асосий принциплар сақланиб қоляпти. Шунчаки катта миқдорда ўзгаряпти, 50 фоизидан кўп қисми ўзгараётгани учун ўзгартириш ва қўшимчалар деб қўёлмаймиз. Ижтимоий тармоқда турли савол қўяётганлар ҳам бефарқ бўлмасдан лойиҳанинг ўзи билан танишиб чиқишларини истардим. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар ўзгаряпти, давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 карра ошяпти.
— Лойиҳада Ўзбекистоннинг ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат деб белгиланмоқда. Бу асосий қонунни мафкуралаштиришга олиб келади, деган фикрлар ҳам янгради. Қолаверса, Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат деган билан ҳуқуқий давлат бўлиб қолмайди-ку?
Сурайё Раҳмонова:
— Ҳуқуқий давлат деганда нимани тушунамиз? Бу нарса фақат академик давралардаги маърузаларда қолиб кетадигандек кўринади. Ҳуқуқий давлатнинг ўз белгилари бор: қонун устуворлиги, барча тенглиги ва ҳисобдорлиги, ҳокимиятлар бўлиниши принципи асосида давлат ўз фаолиятини амалга ошириши, фуқаро ва давлат ўртасида масъуллик, инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги реал таъминланган бўлиши. Янги конституцияда давлатнинг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш, деб келтириляпти. Ва қандай таъминланиши ҳам аниқ кўрсатиляпти: давлат идоралари мансабдор шахслари инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини кўзлаш, унга хизмат қилиш керак, дейиляпти. Давлат мана шу ҳуқуқий давлат ғоясини эътироф этаётгани ва ўз зиммасига олаётгани жуда ҳам муҳим.
Тарихан, биламизки, жуда кўп шиорлар, ғоялар қўйилади, лекин шундайлигича қолиб кетади, уларнинг таъминланиши бўйича механизм ишламайди. Ҳозир эса давлат масъулиятни оляпти ва айнан бажарувчи субъектларни кўрсатяпти. Реал тарзда ҳуқуқлар таъминланса, фуқаро ҳам қонунга амал қилишни бошлайди. Давлат ва фуқаролар ўртасидаги «ижтимоий шартнома» Конституция бўляпти.
Ҳайитжон Турдиев:
— Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон ҳуқуқий давлат деб ўзига катта масъулият оляпти. Ривожланган давлатлар конституцияларида ҳам худди шундай белгиланган. Ва улар ҳар томонлама ривожланишга эришди. Тўғри, мансабдор шахслар билан боғлиқ, давлатнинг иқтисодий имконияти, давлат органлари фаолияти билан боғлиқ кўплаб муаммолар бор. Бизда ҳуқуқий давлат йўқ дейиш ҳам нотўғри, аслида. Энг катта муаммо қонунлар ижросида бўляпти. Ҳуқуқий давлатнинг биринчи белгиси — қонунларга ҳамма амал қилиши ва барча тенглиги. Янги конституцияга кўра, давлат ва фуқаролар ўртасидаги қарама-қарши ҳолатлар фуқаро фойдасига ҳал қилинади. Давлат ўзини чегаралайди фуқаролар билан муносабатда. Бир-икки йилда барчасига эришиш қийин, муҳими мақсад қўйиляпти ҳозир.
Конституциянинг ўзида қолиб кетмайди бу нарсалар. Кучга киргандан бошлаб 2 ой муддат ичида Вазирлар Маҳкамаси барча қонун ҳужжатларини мослаштириш бўйича ишларни амалга оширади. Ҳуқуқий давлатнинг энг катта белгиларидан бири — конституциянинг тўғридан тўғри ишлаши. 15-моддада айнан тўғридан тўғри ишлаши белгиланяпти. Олий суд конституциянинг тўғридан тўғри ишлаши бўйича пленум қарорини тайёрлайди. Ҳозиргача судлар ҳукмларда конституция меъёрларини ҳавола қилмаган, энди биринчи навбатда конституцияга мурожаат қилинади.
Сурайё Раҳмонова:
— Фуқаро қонунчиликда кўзда тутилмаган, лекин конституцияда кўрсатилган ҳуқуқи бузилди деб ҳисобласа, энди шуни тегишли тартибда талаб қилиши ва судда кўрилиши мумкин бўлади. Эндиликда судларда тўғридан тўғри конституциявий меъёрларни қўллаш амалиёти жорий қилинади. Ва бу амалиёт республика бўйича ягона суд амалиёти бўлишини таъминлаш Олий суд зиммасига юкланяпти. Олдин фақат адвокатлар шикоятида бўлган конституциявий меъёрлар бўйича ҳуқуқ талаб қилиниши, лекин шунда ҳам суд фақат бошқа кодексларда бўлса, муносабат билдиришини айтар эди. Энди мана шу нарсадан холи бўламиз.
— Бу ўзгаришлар ва янги нормалар оддий одамга, масалан, аҳоли қатламларидан келиб чиқадиган бўлсак, аёлларга, ёшларга, кекса инсонларга, мигрантларга нима беради? Янгилиги нимада?
Дилдора Камолова:
— Масалан, ҳомиладор аёлларни ишдан бўшатиш ёки олишда ҳомиладорлик важ қилиб кўрсатилиши мутлақ тақиқланяпти, бу — энг муҳим ўзгаришлардан бири.
Уй-жой масаласи бор. Конституцияда алоҳида меъёр сифатида ҳар бир шахс уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга экани белгиланяпти. «Снос» каби муаммоларга ҳам тўлиқ барҳам бериляпти, яъни энди фуқаролар уйини фақат суд қарори асосида олиб қўйилиши мумкин ва аввалдан компенсациянинг ярми тўланади.
Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳам кўрсатиляпти. Бунда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг таълим жараёнида бевосита иштирок этиши таъминланяпти. Иккинчидан, бундай фуқаролар барча билан тенг ҳуқуққа эга.
Ўқитувчиларга оид бўлган алоҳида меъёр киритиляпти. Мана шу меъёрга кўра, давлат ўқитувчиларнинг обрўйи, шаъни, моддий-ижтимоий таъминоти ҳақида ғамхўрлик қилиши белгиланяпти. Шу асосида ўқитувчиларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилади.
Сурайё Раҳмонова:
— Агар ҳомиладорликдан бошқа важ келтириб, лекин айнан шунинг учун ишга олмаса иш берувчи ва аёл суд мурожаат қилса, суд аёл тарафида бўлади.
Ўзбекистон халқаро доирада ногиронлиги бор инсон тўғрисидаги бир нечта конвенциялар аъзоси ҳисобланади. Халқаро стандартларнинг асосий мақсади — ногирон шахс жамиятдан ажралиб қолмаслиги керак.
Умид Обидхўжаев:
— 8 йилга яқин хорижда яшаганман ўзим... Шунинг учун хориждаги ватандошларимизга тегишли нормага эътибор қаратмоқчиман. Агар Ўзбекистон фуқароси хорижий давлатда қандайдир жиноят содир этиб қўйса, уни Ўзбекистон ҳукумати ўша фуқарони давлатга топширмаслиги тўғрисида модда киритиляпти. Қонунчиликда бор эди бу нарса, лекин конституцион даражада йўқ эди олдин. Бу дегани жазони давлатимизнинг ўзи беради, фуқаросини бошқаларга топшириб юбормайди.
Бундан ташқари «Снос» масаласи… Бу муаммо фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа давлатларда ҳам бўлган. АҚШда ҳам бу борада ўзгартиришлар киритилган конституцияга. Бизда шу масаланинг 4 баробарга ҳуқуқий асоси кучайтириляпти: суд қарори керак, қонунга зид бўлмаслиги лозим, компенсация олдиндан ва тенг қийматда тўланиши керак. Бу нарсани 4 босқичли ҳимоя деса ҳам бўлади. Амалиётга татбиқ этилса, ҳар бир фуқаро шуни талаб қилиши керак, чунки конституцион ҳуқуқи энди унинг.
Бундан ташқари, фуқароларнинг бурчлари ҳам бор: Конституциядаги қонунларга амал қилиш, маданий мерос ва тарихий объектларни ҳурмат қилиш, табиатни асраш, солиқларни тўлаш, Ватанни ҳимоя қилиш. Бунда ҳеч қандай ортиқча юклама йўқ.
Ҳалол рақобат меъёри киритиляпти, бу дегани монополия чекланади. Инфляцияга рақобат йўқлиги ҳам сабаб бўляпти. Энди ҳуқуқий асослар бор монополияга қарши. Буларнинг барчаси фуқаролар учун бўляпти, қайсидир қатламга хизмат қилмайди. Бизнинг миллий қадриятларда ҳам рози қилиш, лафз каби масалалар бор, аслида. Энди кучайтирилаётган конституция ҳаётга татбиқ этилиши ҳар биримизга боғлиқ бўлади. Ҳуқуқларни талаб қилиш учун эса уларни билиш керак аввало.
Сурайё Раҳмонова:
— Тўғри, фуқаролар билиши керак. Фуқароларимиз маълум бир вазиятларга тушиб қолганда ўзини қандай тутишни билмайди, чунки ўзининг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини билмайди улар. Оғир вазиятларга тушганда нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлаб кўришмайди. Янги Конституцияда ҳар қандай ҳолатдаги ҳуқуқлар бор. Фуқаролар шуни билиши ва талаб қила олиши лозим. Давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан суиистеъмолчиликка йўл қўйилишига сабаб фуқаролар ўз ҳуқуқини билмагани.
— Ушбу лойиҳада айрим меъёрлар мавжуд қонунлардан кўчириб қўйилган, деган эътирозларни ҳам эшитмоқдамиз. Буни қандай изоҳлайсизлар?
Ҳайитжон Турдиев:
— Айримлари шундай. Аксарият меъёрлар янги. Халқаро ҳужжатларда бор, лекин бизнинг қонун ва кодексларда йўқ. Айрим меъёрлар қонунлардан конституцияга ўтишига икки сабаб бор: конституциявийлаштириш, яъни қонунга конституциявий куч бериш; конституцияда бўлиши лозим бўлган халқаро меъёрларни киритиш.
Фуқаролар қандайдир ҳолатга тушмагунча конституцияни ўрганмайди, ҳуқуқларини билмайди. Энди боғчадан бошлаб ўргатилади ҳақ-ҳуқуқлар. Одамлар бошқа қонун ва кодексларни билмаса ҳам, ўша конституцияга киритилган моддалар орқали билади энди.
Сурайё Раҳмонова:
— Халқаро стандартларда конституцияларда белгиланиши тавсия этиладиган меъёрлар бор. Инсон ҳуқуқларига оид 90 та меъёр бўлса, шулардан 1/3 қисми киритилди ва уларнинг аксарияти янги, тармоқ қонунларда йўқ. Энди ўтиш қоидалари асосида 2 ойда тўлиқ мувофиқлаштириш бўлади. Мувофиқлаштириш жараёни якунига етмаган ҳолатда конституцияга кўра иш тутилади.
Айрим масалалар қатъий тарзда белгиланяпти. Масалан, ўлим жазоси масаласи, мажбурий меҳнат. ЕИ давлатлари конституцияларида инсон ҳуқуқларига оид меъёрлар бирма-бир кўрсатилган. Яна бир масала борки, тармоқ қонунлардаги масала бугун бор, эртага йўқ бўлиши мумкин. Лекин конституция барқарор бўлади. Шу нуқтаи назардан халқ манфаатини назарда тутади.
— Инсон ҳуқуқлари 3,5 бараварга ошмоқда, дейиляпти. Бу асосан қандай ҳуқуқлар? Фуқароларнинг мажбуриятлари ҳам ошмаяптими ёки фақат ҳуқуқлар қўшиляптими?
Дилдора Камолова:
— Инсон ҳуқуқлари 3,5 баробарга ошаётгани тўғри. Давлат органларининг асосий мақсади сифатида инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш, деб белгилаб қўйиляпти. Яъни ҳар қандай ҳолатда давлат органлари ва мансабдор шахслар фақат фуқаролар манфаати учун хизмат қилади. Бу принцип ҳар бир меъёрда ўз аксини топяпти. Яна бир масала: қўлланган ҳуқуқий таъсир чораси мутаносиб ва етарли бўлиши кераклиги белгиланяпти ва бу барча қонун ҳужжатларига тегишли бўлади. Баъзи ҳолларда қўлланган таъсир чораси кўп ёки кам бўлиши мумкин, бу эса кўзланган мақсадга эришишда тўсиқ бўлади. Энди бу нарса конституциявий даражада белгиланяпти. Бундан ташқари, қонунда белгиланмаган тарзда мажбуриятлар юклатилиши мумкин эмас. Баъзи бир ҳолатларда шундай мажбуриятлар бўлаётганини кўришимиз мумкин. Энди конституциявий кафолат бериляпти бундай ҳолатлар учун.
Судланганлик масаласи ҳам бор. Нафақат шахснинг ўзига, балки яқин қариндошларига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Ҳатто яқин қариндошнинг судланганлиги сабаб меҳнат шартномаси бекор қилинишигача олиб келган. Шунинг учун ҳам энди Конституцияда судланганлик шахсга ва унинг яқин қариндошларига таъсир қилмаслиги белгиланяпти.
Сурайё Раҳмонова:
— Инсон ҳуқуқлари кафолатлари белгиланаётган бўлса, автоматик тарзда давлатга ҳам мажбурият юкланяпти. Бу дегани ҳар бир соҳада бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар назарда тутилади бунда. Ҳуқуқни уни бузаётган шахснинг ўзи таъминлаб беришга мажбур бўлади. Жиноят ишлари юритуви бўйича кўп меъёрлар акс эттириляпти. Нима учунки, жиноят ишлари юритувида инсон ҳуқуқларининг чекланиши эҳтимоли жудаям катта. Барча фуқароларимизнинг ўзи ёки яқинлари шундай ҳуқуқ бузилиши ҳолатларига дуч келган. Дейлик, асоссиз ушлаб туриш, асоссиз жиноий таъқиб остига олиш, ҳибсга олишда хуқуқлар тушунтирилмаслиги каби ҳолатлар — буларнинг барчаси оғриқли ва долзарб. Масалан, айбсизлик презумпцияси конституцияда бор эди, энди халқаро стандартлар бўйича бор бўлган барча кафолатлар билан акс этяпти. Бунда шахснинг сукут сақлаш ҳуқуқи, ўзига қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи, яқинларининг қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи, айблов учун ягона далил айбланувчи иқрори бўлса, асос бўла олмаслиги каби меъёрлар белгиланяпти. Йиллар давомида шаклланган тергов ёндашувидан мутлақо янги инсонпарвар ёндашувга ўтилади. Кўплаб йиллар жавомида иқрорлик кўрсатмаларини мажбурлаб олиш бўлган, энди бу амалиётга чек қўйилади. Бу дегани терговларда, судларда ёндашув буткул ўзгаради.
— Ҳуқуқлар қўшиляпти деяпсиз-ку, лекин аввал бўлмаган чекловлар ҳам киритиляпти. Масалан, ахборот олиш эркинлигига 8 та чеклов ўрнатилаётганлигини қандай изоҳлайсиз?
Ҳайитжон Турдиев:
— Сўз эркинлиги бизга мажбурият ва масъулият юклайди. Яъни бу ҳуқуқдан фойдаланаётган пайтда ҳуқуқий чегараларга амал қилиш керак. Бир инсон ҳуқуқи тугаган жойда бошқа инсон ҳуқуқи бошланади, сўз эркинлиги шу чегарани бузиб қўймаслиги керак. Буни чеклов деб эмас, кафолат деб қабул қилиш керак балки. Чеклаш фақат Олий Мажлис қарор қилган ҳужжат бўйича чекланиши мумкин, қонун ости ёки идоравий ҳужжатлар билан эмас. 1966 йилда қабул қилинган фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактда ҳам ахборот олиш ва тарқатишда бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга асосланиши кераклиги белгиланган. Чекловлар жамоат тартибини ва дахлсизлигини сақлашга йўналтирилган бўлиши керак, шунда қонуний бўлади.
Масалан, яшаш жойини танлаш ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи меъёрида ҳам қонунда белгиланган ҳолатлар мустасно, деб ёзилган. Бу дегани пандемия ва шунга ўхшаш хавфсизлик масалаларида чекланади. Ёки суд қарорига кўра, маъмурий назоратдаги фуқаролар бор, ўшаларнинг ҳаракати чекланади. Сўз эркинлигида ҳам шундай. Бунда ахборот тарқатишни суиистеъмол қилишнинг олди олинади ва асоссиз равишда мансабдор шахс ёки давлат органининг чеклашига йўл қўйилмайди.
Умид Обидхўжаев:
— Дейлик, интернетдаги турли ўйинлар орқали болалар онгига, психологиясига таъсир қилиш масаласи бор. Аҳоли саломатлиги дейилганда шунга ўхшаш ҳолатлар назарда тутилган. Лекин бу журналистларнинг ишига аралашув ва чекловга сабаб бўлиши керак эмас. Яъни бу нарсани тўғри тушуниш керак, бўлиши мумкин бўлган сценарийларни назарда тутган бу меъёрлар. Эркинлик берилиши ва маълум вазиятда чекланиши деган нарса бошқа давлатларда ҳам бор.
— Давлат ҳокимиятига оид бўлимга, хусусан парламент, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимиятига оид ҳам анча ўзгаришлар киритиляпти. Бунга нима сабаб бўлди?
Ҳайитжон Турдиев:
— Маъмурий ислоҳотлар бошланган ҳозир. Умуман, давлат ҳокимиятида бир-бирини такрорлайдиган ваколатлар ва функциялар ёки бюрократик тўсиқлар жуда кўп эди ва ҳозир ҳам бор. Айнан вазирликлар ва давлат қўмиталари оптималлаштирилди. Энди конституцияда акс этяпти шу нарсалар. Парламентаризмда олдинга кетяпмиз. Давлат раҳбарининг ҳам айрим ваколатлари парламентга олиб бериляпти. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг бир-бирини такрорлайдиган назорат ваколатлари жуда кўп эди. Масалан, Ижро ҳокимиятининг Қонунчилик палатаси ҳам, Сенат ҳам назорат қилади. Халқаро стандартларга мос равишда ҳукуматни шакллантириш ва назорат қилиш Қонунчилик палатасига бериляпти. Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасидаги фракциялар маъқуллагач, лавозимга тайинланиши, вазирлар фаолияти бўйича камчилик бўлса, истеъфоси тўғрисида таклиф киритиш каби меъёрлар белгиланяпти. Парламент текшируви деган янги институт қўшиляпти. Энг оғир ҳолатлар юз берганда парламент ўрганиб, ҳуқуқий жиҳатдан баҳо беради. Энг муҳими, маҳаллий давлат ҳокимиятлари бўлиниши тўлиқ эмас эди, яъни ижро ва вакиллик органига ҳоким бошчилик қилар эди. Энди босқичма-босқич вилоят, туман ва шаҳарлардаги кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши ваколати ҳам чекланяпти. Натижада бу халқчил бошқарув ва ҳукуматни таъминлаб беради.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Жавоҳир Ғайратов.
Мавзуга оид
18:14 / 11.12.2024
Конституциявий суд прокурорларнинг иккита ваколатини бекор қилишга чақирди
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
08:59 / 27.05.2024
Ўзбекистонда “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси амалга оширилади
18:16 / 25.03.2024