Хоразм вилоятига янги раҳбар тасдиқланиши ортидан тўрт туманга янги ҳокимлар тайинланди
Қўшкўпир, Урганч, Боғот ва Тупроққалъа туманларида янги раҳбарлар иш бошлади.
1 апрел куни халқ депутатлари Қўшкўпир туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туманнинг янги ҳокими маълум бўлди.
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Қўшкўпир тумани ҳокими лавозимига Бобурбек Давлатназарович Эгамов номзодини тавсия этди. Музокарада сўзга чиққанлар номзодни якдиллик билан қўллаб- қувватлади, овоз бериш натижаларига кўра Бобурбек Эгамов Қўшкўпир тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Эгамов бунгача иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК директори ўринбосари вазифасида ишлаб келган.
- Маълумот учун, Қўшкўпир туманига 2019 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Жўрабек Раҳимов 2022 йил декабрида Хоразм вилояти ҳокими в.б этиб тайинланганидан кейин туман ҳокимлиги лавозими бўш қолаётганди. 31 март куни Раҳимов президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги сессияда вилоят ҳокимлигига тасдиқланди.
1 апрел куни Хоразм вилоятида яна уч туманда — Урганч, Боғот ва Тупроққалъа туманларида туман кенгашларининг навбатдан ташқари сессиялари бўлиб ўтди ва янги ҳокимлар тасдиқланди.
Хусусан, Ғайратжон Пўлатович Султанов Урганч тумани ҳокими лавозимига маъқулланди.
Ғайратжон Султанов бунга қадар Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
- Урганч туманига 2018 йил ноябридан буён Фрунзе Шарипов ҳокимлик қилиб келаётганди.
Боғот туманига Жаҳонгир Баҳромович Назаров янги ҳоким этиб тасдиқланди.
У бунга қадар Давлат активларини бошқариш агентлигининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
- Туманга 2020 йил декабридан буён ҳокимлик қилиб келган Шавкат Қурамбоевич Яхшибоевнинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот берилмаган.
Шунингдек, Тупроққалъа туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Шуҳрат Қурвондурдиевич Аҳмедов Тупроққалъа тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Ш.Аҳмедов бунгача Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Мавзуга оид
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
17:52 / 11.12.2024
Тимур Ишметов Марказий Банк раиси этиб тайинланди
15:57 / 10.12.2024
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
18:28 / 06.12.2024