Ўзбекистон | 18:04 / 05.04.2023
7689
2 дақиқада ўқилади

Австрия федерал президенти Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштириляпти

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев Австрия федерал президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Герта Фогл билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Учрашувда Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг янги истиқболли йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.

Г.Фогл сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги икки томонлама алоқалар янги даражага кўтарилганлигини таъкидлар экан, Австрия ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонда фаолият юритишга қизиқиши тобора ортиб бораётганини қайд этди.

Томонлар учрашув доирасида Австрия федерал президенти Александр Ван дер Белленнинг Ўзбекистонга олий даражадаги ташрифини амалга ошириш масаласини ҳам муҳокама қилди.

Г.Фогл Ўзбекистон Австриянинг сиёсий алоқаларни ривожлантириш бўйича устувор давлатлар рўйхатига қўшилганини алоҳида таъкидлар экан, бунинг асосий омиллари сифатида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, мамлакатда янги ташкил этилган ташқи сиёсий фаолият ҳамда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги етакчилик ўрнини қайд этди.

Хориж томони ташриф доирасида Австрия йирик ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга бизнес миссиясини ташкил қилиш ҳамда Ўзбекистон-Австрия бизнес форумини ўтказишга алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди.

Мавзуга оид