Спорт | 14:35 / 06.04.2023
48053
18 дақиқада ўқилади

Бенземада тарихий натижа, Роттердамда қон ва олов. Европада кун ўйинлари

Ҳафта ўртасида Европа футболида бўлган асосий воқеалар ва ўйинлардаги голлар.

Фото: Getty images

Испания: Мадрид — Испания Кубоги финалида.

Испания Кубоги. Яримфинал
Жавоб ўйини
Барселона — Реал 0:4

5 апрел, «Камп Ноу» 
Голлар: Винисиус (45+1), Бензема (50, 58 пенальти, 81).
Барселона – тер Стеген, Араухо, Алонсо (Гарсия, 66), Кунде, Бальде, Серхи Роберто, Бускетс, Кессиэ (Фати, 59), Гави, Рафинья (Ферран Торрес, 66), Левандовски.
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба, Милитао, Камавинга, Модрич (Тчуамени, 87), Кроос, Вальверде, Винисиус (Себальос, 85), Родриго (Асенсио, 73), Бензема (Начо, 89).
Огоҳлантиришлар: Роберто (10), Винисиус (26), Гави (26), Гарсия (67), Карвахаль (71), Торрес (76), Араухо (84), Алаба (86), Бальде (86), Милитао (88), Фати (90+2).
Биринчи ўйин — 1:0.

«Камп Ноу»даги класико жамоаларнинг 2023 йилдаги тўртинчи ўзаро ўйини бўлди — «Реал» ва «Барселона» ҳар ойда бир мартадан ўйнамоқда. Январда Саудия Арабистонида Испания Суперкубоги учун баҳс бўлиб ўтганди, февралда — Мадридда мамлакат кубоги учун яримфиналнинг илк ўйини, мартда — Испания чемпионатида тур ўйини, энди эса — кубокдаги жавоб учрашуви. Бундай частота гап жаҳон футболининг асосий қарама-қаршилиги ҳақида кетганда ҳам кишини зериктириб қўйиши мумкин. Аммо, мухлислар бахтига ўйинларнинг ҳар бири турлича бўлди.

Суперкубокда мухлислар анча суст «Реал»га гувоҳ бўлишди, кубокдаги биринчи яримфинал ўйинида эса — «Барселона» автобус қўйди, чемпионатда икки ярим ҳафта муқаддам ўтказилган ўйинда — кўк-анорранглилар чемпионларга хос футбол намойиш этишди, мадридликлар ҳам яхши ўйин кўрсатди, аммо Марко Асенсио урган гол миллиметрлик офсайд туфайли бекор бўлди, кейин эса каталонлар ҳисобни очишди. Ўзгармай қолган нарса фақат — натижа эди, «Барселона» уч ўйинда ҳам ғалаба қилди.

Мадриддаги биринчи ўйинда тўп назоратида муаммога учраган «Барселона» «Камп Ноу»да тўпга эгалик қилди. Каталонлар тўп учун анча олдинда курашга киришиб, осонгина эгаллаб ола бошлади. Агар «Реал» босимдан чиқиб кетса ҳам, мезбонлар тактик фоллар қўллашдан тортиниб ўтирмади. Натижада меҳмонлар қарийб 45 дақиқада деярли вазиятга эга бўла олмади.

Хави яна мудофаанинг ўнг қанотига, Винисиус Жуниорни тўхтатиш учун Араухони жойлаштирди. Уругвайлик футболчи қатъий ҳаракатлардан ўзини тийиб ўтирмади, меҳмонларнинг чап қанотдаги форвардини максимал даражада шафқатсизлик билан кутиб олиб, унинг оёғига тинимсиз тепди. Шу билан бирга бразилиялик футболчи бир неча вазиятда уни ўз финтлари билан доғда қолдирди.

Унга нисбатан Гави ҳам қўпол ҳаракатлар амалга оширди, эпизодлардан бирида бу икки ёш футболчи ўртасида  тортишув келиб чиқди, ҳакам эса уларни сариқ карточка билан тинчлантирди.

«Барселона» учинчи дақиқадаёқ пенальти тепиши мумкин эди. Алаба жарима майдони ичида қўл билан ўйнади, аммо ҳакам Мунуэр бу вазиятда тўп ҳимоячининг таяниб турган қўлига теккан деб ҳисоблади, VAR ёрдамчилари ҳам бош ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлади. «Камп Ноу» трибуналари эса реферига ҳуштакбозлик қилди. Хави жамоаси ҳужумда урғуни ўнг қанотга қаратди, бу ҳудуддаги Рафинья чап қанот ҳимоясида ўйнаган ҳавбек Камавингага тинчлик бермасликка уринди. Биринчи бўлим охиригача бразилиялик ҳужумчи «Барса»да тўп билан энг кўп муомила қилган футболчи бўлди. Аммо Камавинга ўйин дебютида кичик жароҳат олганига қарамай, жуда ажойиб ўйин ўтказди ва охиригача ўйнаб берди. Ушбу ёш француз сўнгги ойларда жуда юқори савияда ўйин намойиш этмоқда, ўзи учун одатий бўлган майдон марказида ҳам, чап қанот ҳимоясида ҳам. Ўнг қанот эса у қадар ишончли кўринмади — у ерда Алехандро Бальде ва Гави вақти-вақти билан Даниэл Карвахални қийин аҳволга солиб қўйди, у ҳужумда ҳам Родригони қўллаб-қувватлай олмади.

Аммо вазиятлар деярли йўқ, аммо кураш, тўқнашув ва ҳакам ҳуштаги кўп бўлган бундай ўйин — кўпроқ «Реал» учун қулай, бу жамоа алоҳида эпизодлардан максимум натижа чиқариб олишда дунёда тенги йўқ. Шундай ҳам бўлди. «Реал» биринчи бўлим давомида ҳужумда вазиятларга эга бўлмади, Бензема тўпга жами атиги 14 бор тегинди, бўлим охирида эса кўк-анорранглилар ўз имкониятидан фойдалана олмади — Тибо Куртуа жарима майдони марказидан йўлланган зарбани қайтарди, бир неча сония ўтиб меҳмонлар қарши ҳужумда «учга уч» ҳолатига чиқиб кетишди. Ҳужум якунида Винисиуснинг зарбасидан кейин Кунде тўпни тўсганди, аммо тўп чўпчиб дарвоза чизиғини кесиб ўтди, Карим Бензема уни бутунлай дарвоза тўрига киритиб юборди (гол дастлабки зарбани йўллаган Винисиус ҳисобига ёзилди).

Танаффусдан кейин эса «назорат зарбалари» берилди, қотил ролида Бензема, унга Модрич ва Винисиус ассистентлик қилишди. Ҳисоб 0:2 кўринишига келганида «Барселона» вазиятни ўнглашга уринди, бир неча бор Куртуани сергакланишга мажбур қилишди, аммо барчасини Кессиенинг аҳмоқона фоли бузиб қўйди, у жарима майдони ичида Винисиусга қарши курашда Араухога ёрдамлашмоқчи бўлиб, пеналтига сабабчи бўлди. Натижада 58-дақиқадаёқ ҳисоб йирик кўринишга келди. Бензема эса бу билан кифояланмади ва ўйин охирида класиколардаги илк ҳет-тригини расмийлаштирди. Бундан ташқари, «Реал»нинг бу мавсумда барча турнирлар доирасидаги 100-голи «Барселона» дарвозасига Бензема томонидан урилди.

Бу кеча «Реал» ўзининг энг яхши версиясини намойиш этди. Бу ўтган йилги Чемпионлар лигасида барчани доғда қолдирган жамоа. Рақиб улардан Суперкубокни олиб қўйиши ва ўз музейига олиб кетиши мумкин. Рақиб уларни турнир нуқтайи назаридан ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда мағлуб этиши мумкин. Рақиб уларни қаторасига уч ўйинда мағлуб этиши ҳам мумкин. Аммо ҳақиқатан муҳим бўлган ўйинлар ва катта ишлар вақти келганида, бу жамоа ҳал қилади — Тибо, Карим, Лука, Тони, Вини катта саҳнага чиқади. «Барса» эса «ПСЖ», «Сити» ва «Ливерпул» каби жамоалар сафига ўтади.

Ўйинга бир неча кун қолганида Мадриддаги Marca нашри барчасини ҳал қиладиган 13 кунликни муқовасига чиқарган ва учта аниқ санани келтирганди: булар 5 апрел кунидан ташқари, 12 ва 18 апрел саналари (Чемпионлар лигасида «Челси»га қарши ўйинлар кечадиган кунлар). Албатта, бу ўзига хос айёрлик: «Реал» бу кунлардан муваффақият билан ўтса ҳам, бу ҳали соврин кафолатланган дегани эмас. Аммо «Камп Ноу»даги ўйин кўрсатдики, Европада ўтган йилги сценарий такрорланиши эҳтимоли йўқ эмас.

Испания кубоги финалида эса «Реал» «Осасуна» билан учрашади — ўйин 6 май куни Севилядаги «Ла Картуха» стадионига белгиланган.

Англия: «Тоттенҳэм» тўртликдан сиқиб чиқарилди, «МЮ» «Брентфорд»ни мағлуб этолди

Вест Ҳэм — Ньюкасл 1:5
Голлар: Зума (40) — Уилсон (6, 46), Жоэлинтон (13, 90), Исак (82).
Вест Ҳэм – Фабианьски, Керер (Цоуфал, 63), Зума, Агерд, Эмерсон, Соучек (Даунс, 63), Райс, Лукас Пакета, Бенраҳма (Корне, 63), Боуэн, Антонио (Ингз, 63).
Ньюкасл – Поуп, Триппьер (Манкильо, 87), Шер, Ботман, Берн (Таргетт, 85), Гимараэс, Лонгстафф, Мерфи (Уиллок, 64), Сен-Максимен (Гордон, 64), Жоэлинтон, Уилсон (Исак, 64).
Огоҳлантиришлар: Эмерсон (42), Жоэлинтон (52), Даунс (88).

Душанба куни турни «Эвертон»га қарши дуранг ўйнаб (1:1) якунлаб берган «Тоттенҳэм»нинг очко йўқотиши унинг тўғридан тўғри рақибларига қолдирилган ўйинларда ўз позицияларини яхшилаш имконини тақдим этди. Ва ўтган ҳафта охирида «МЮ» устидан ёрқин ғалабага эришган «Ньюкасл» сафарда «Вест Ҳэм»ни йирик ҳисобда тор-мор этди.

Сен-Максименнинг саъй-ҳаракатлари эвазига қулай имкониятга эга бўлган Уилсон ўзи учун севимли бўлиб қолган рақибни яна бир бор ранжитди. Иккинчи бўлимда ушбу форвард яна бир гол урди, бу гол ушбу ҳужумчининг ўз фаолияти давомида «болғачилар» дарвозасига урган 12-голи бўлиб, майдон эгаларини амалда таслим этди. Лондоннинг ушбу клубига ундан кўпроқ голни фақат Руни (14) ҳамда Оуэн (13) уришган, Уилсон эса ўз натижасига эришиш учун 13 ўйин етарли бўлган ва унда натижани яхшилаш учун ҳали имкон бўлади.

Дэвид Мойес жамоасининг умидларини кўмиб қўйган гол Фабинскининг хатоси туфайли рўй берди. У иккинчи бўлим бошида рақиб ҳужумчилари босими остидаги ҳимоячига тўпни ташлаб берди ва меҳмонлар бундан фойдаланишди. Ўйин охирларида эса дарвозабон яна бир қўпол хатога йўл қўйди, у ҳимоячилар вазифасини бажариш учун жарима майдонини ташлаб чиқди, аммо тўпни Исакка бериб қўйди ва норвегиялик ҳужумчи бўш қолган дарвозани осонлик билан ишғол қилди. «Вест Ҳэм» хавфли ҳудуддан узоқлашиш имконидан фойдалана олмади, «Ньюкасл» эса худди «МЮ» каби бешинчи ўриндаги «Тоттенҳэм»ни уч очкога ортда қолдирмоқда. Қолаверса, «шпорлар» битта кўпроқ ўйин ўтказган.

Манчестер Юнайтед — Брентфорд 1:0
Гол
: Рэшфорд (27). 
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Далот, Варан, Мартинес, Шоу (Маласиа, 37), Забитцер (Фред, 71), Фернандеш, Мактоминей, Санчо (Марсияль, 71), Антони (Линделёф, 86), Рэшфорд.
Брентфорд – Райя, Роэрслев (Хики, 75), Ми, Янссон, Пиннок, Генри, Нергор (Висса, 75), Йенсен (Баптист, 62), Дамсгор (Дасилва, 62), Мбемо (Шаде, 62), Тоуни.
Огоҳлантиришлар: Шоу (24), Мактоминей (42), Дамсгор (50), Фернандеш (59), Нёргор (61).

«МЮ» эса ўз ўйинини ёмғир остида ўтказди ва унда яна Рэшфорд гол урди. Забитцер ташлаб берган тўпни дарвозага жойлаган форвард жорий мавсумда барча турнирлар доирасида урган голлари сонини 28 тага етказиб қўйди. Бу шунчаки рақамлар эмас, у «қизил иблислар» сафида жамоани Алекс Фергюсон тарк этганидан буён бир мавсумда энг кўп гол урган футболчи бўлиб олди. Рэшфорд яқин вақтлар ичида Ибраҳимович ва Бруну Фернандешнинг натижасини ҳам янгилаши ҳақиқатга яқин. У — «Олд Траффорд»да қаторасига 23 ўйинда ютқазмаётган ва ҳозирнинг ўзида ўтган мавсум давомида қайд этилган барча ғалабаларни (16) такрорлаган жамоанинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлмоқда.

Германия: Розе «Бавария» ортидан собиқ жамоасини ҳам мағлуб этди

Лейпциг — Боруссия Д 2:0
Голлар: Вернер (22), Орбан (90+8). 
Лейпциг – Бласвих, Ҳенрикс, Орбан, Гвардиол, Симакан (Клостерманн, 79), Раум (Ҳальстенберг, 88), Лаймер (Кампль, 88), Айдара, Ольмо (Форсберг, 70), Собослаи, Вернер (Силва, 78).
Боруссия Д – Кобель, Ҳуммельс (Модест, 85), Зюле, Рюэрсон, Геррейру, Жан, Ўзжан, Вольф (Мукоко, 46), Ройс (Байно-Гиттенс, 76), Брандт (Беллингем, 63), Мален.
Огоҳлантиришлар: Рюэрсон (40), Раум (58), Беллингем (85), Мален (90), Ҳуммельс (90), Собослаи (90).

Кубокдаги чоракфинал «Боруссия» ва жамоада бир мавсум ишлаб ишдан бўшатилган Марко Розе ўртасида бу мавсумдаги қарама-қаршиликка якун ясаб бериши керак эди. Бу қарама-қаршиликнинг биринчи раундида Доменико Тедеско ўрнига «Лейпциг» бошқарувига келган мутахассис собиқ шогирдларини том маънода яксон этганди (3:0). Бир йил олдин эса «асаларилар» қийин ўйинда реванш олишди (2:1), энди эса улар бу ўйинга бундеслигада «Бавария»дан учралган йирик ҳисобдаги мағлубиятдан кейин келди.

Бу ўйиндаги воқеалар ҳам Мюнхендаги ўйинни эслатиб юборди. Фақат «Лейпциг» «Бавария»дан фарқли ўлароқ дастлаб ўз имкониятларидан фойдалана олмади, шанба кунги ўйинда ўта ёмон ўйнаган Кобел эса бу ўйинда қаҳрамонлик кўрсатиб турди. Аммо Вернер унга имкон қолдирмади ва биринчи бўлимда у биргина гол билан кифоялангани «Боруссия»нинг омади келгани эди. Ундан ҳам ёмонроғи — Эдин Терзич жамоаси ҳужумда ҳеч нарса кўрсата олмади.

Шунга қарамай, меҳмонлар ўйинга қўшиб берилган еттинчи дақиқада ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо мезбонлар дарвозабони Байно-Гиттенснинг зарбасини қайтарди. Бурчак зарбаси ижро этилаётганида дарвозабон Кобел ҳам рақиб жарима майдонига етиб келди, аммо мезбонлар қарши ҳужум уюштиришди ва бўш қолдирилган дарвозани ишғол этишди. Дортмунднинг муваффақиятсиз даври давом этмоқда, уларнинг собиқ бош мураббийи эса «Лейпциг»га яна бир кубок олиб бериш учун навбатдаги қадамни ташлади.

Нидерландия: Роттердамда олов ва қон

«Фейеноорд» — «Аякс» — 1:2 (С.Хименес, 45+2 — Тадич, 14. Классен, 51)

Икки ярим ҳафта муқаддам «Фейеноорд» ва «Аякс» Амстердамда ёрқин класико ўтказишганди. Ўша ўйинда илк дақиқаларда гол ўтказиб юборган мезбонлар кейинроқ олдинга чиқиб олишган, аммо Шиманьски мувозанатни тиклаган, ўйин охирида эса роттердамликлар ҳимоячиси Гертрайданинг голи ўйин масаласини ҳал қилганди (3:2). Натижада «Фейеноорд» турнир жадвалида ўз азалий рақибидан саккиз очкога ўзиб кетган, чемпионлик интригаси эса амалда ёпилганди.

Эрик тен Хаг кетгач қийин даврни бошдан кечирган ва фақат миллий жамоанинг собиқ ҳимоячиси, бунгача амстердамликларнинг ёшлар жамоаси билан ишлаган Жон Ҳейтинганинг тайинланишидан кейин жонланган «Аякс» учун Нидерландия Кубоги асосий турнир бўлиб қолди.

Трибуналардаги мушакбозлик ва тутун туфайли ўйин бошланиши ортга сурилиши амстердамликларга таъсир қилмади ва 14-дақиқада рақиб футболчиларининг ўзаро тушунмовчилигидан фойдаланган Тадич ҳисобни очди. Ушбу гол ўтказиб юборилишида айбдорлардан бири Жаҳонбахш эса қулай вазиятдан фойдалана олмади. Аммо барибир «Фейеноорд» яхшироқ ҳаракат қилди ва жамоанинг энг яхши тўпурари, ўйин бошида қулай вазиятни йўққа чиқарган Хименес танаффус арафасида қанотдан узатилган тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди.

Фақат класико ўйинида ҳеч нарсага кафолат йўқ ва иккинчи бўлим бошида Классен рақиб жарима майдонидаги пала-партишликдан фойдаланиб, жамоасининг иккинчи голини урди. У шу куни ўйинга жон-жаҳди билан берилганди ва боши ёрилганида ҳам ўйинни давом эттиришга тайёр эди. 

Бу вақтда, ўйиннинг 60-дақиқасида икки жамоа сардорлари Тадич ва Гўкче ўртасида низо келиб чиққан ва вазиятга бошқа футболчилар аралашганди, шунда трибунадан учиб келган буюм Классеннинг бошига тегиб, қонатиб юборди. Натижада ҳакам жамоаларни майдондан олиб чиқиб кетди. Ўйин бекор қилинадигандек эди, аммо 20 дақиқа ўтиб футболчилар майдонга қайтишди. 

Классен ҳам майдонга чиқди, аммо бир неча дақиқа ўтиб у ўйинни давом эттира олмаслиги аён бўлди. Майдонда қолган футболчилар эса жамоадошлари учун охиригача курашишди. Ўйин шу қадар шиддатли кечдики, икки жамоа жами 12 футболчи алмаштириш амалга оширишига тўғри келди, футболчиларнинг мияси чайқалгани туфайли қўшимча алмаштиришларга рухсат берилди.

27 октябрдан буён илк мағлубиятни қабул қилган «Фейеноорд»дан омад юз ўгирди. «Аякс»ни эса яна бир шиддатли кечадиган финал ўйини кутмоқда — ПСВ га қарши. Бир йил олдин бу икки жамоанинг финал ўйинида совринни эйндҳовенликлар олиб кетишганди.

Кун статистикаси

  • Мураббийликдаги етти класикосида Хави 2 бор сариқ карточка олди. У «Барселона» футболчи сифатидаги барча класиколарда фақат бир марта огоҳлантириш олганди.
  • «Фиорентина» ҳужумчиси Артур Кабрал феврал ойи бошидан буён барча турнирлар доирасидаги ўйинларда 8 гол уришга эришди. Бу давр оралиғида А Серияда ундан кўп гол фақат «Наполи» ҳужумчиси Осимҳенда (10).
  • «Фиорентина» 1960 йилдан буён илк бор барча турнирлар доирасида қаторасига 9 ғалабага эришди.
  • «Барселона» яримҳимоячиси Бускетс Испания кубоги доирасида 10-класикосини ўтказди, бу кўк-анорранглилар сафида ўтган асрнинг 40-60-йилларида ўйнаган Жоан Сегарранинг рекорди такрорланишидир.
  • «Реал» ҳужумчиси Бензема класиколарда гол ва пас тизимида 27 очко (16+11) жамғарди. Француз ҳужумчиси бу борада фақат Месси (26+14)дан ортда.
  • «Реал» футболчиси «Камп Ноу»да сўнгги бор 60 йил муқаддам ҳет-трик қайд этганди. Бу 1963 йилда Ференц Пушкаш томонидан амалга оширилганди, энди эса — Бензема бу ишни уддалади.
  • «Вест Ҳэм» ҳимоячиси Зума АПЛдаги голларининг 92 фоизини (12 тадан 11 таси) бош билан урган. Бу икки рақамда ифодаланадиган гол урган футболчилар орасидаги энг яхши кўрсаткич.

Мавзуга оид