Ўзбекистон | 14:34 / 13.04.2023
26364
2 дақиқада ўқилади

Шофиркон тумани ҳокими ўзгарди 

Туманга 2021 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Жамшид Шаропов саломатлигидаги муаммо туфайли лавозимдан кетган.

Халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.

Ботир Зарипов Жамшид Шароповни саломатлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли ўз аризасига биноан Шофиркон тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.

Сессияда Давлат солиқ қўмитаси молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Алишер Файзиллоевни Шофиркон тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисида вилоят ҳокими қарори қабул қилингани депутатларга маълум қилинди. 

Алишер Файзиллоев 1979 йилда Бухоро туманида туғилган. 2003 йилда Тошкент молия институти тамомлаган. Мутахассислиги —молия.

У меҳнат фаолияти давомида Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бош иқтисодчиси, Тошкент шаҳар Чилонзор ва Сергели туманлари молия бўлими мудири, Транспорт вазирлиги Иқтисодиёт ва тариф-нарх сиёсати бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Транспорт вазирлиги Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 

Алишер Файзиллоев айни вақтга қадар Давлат солиқ қўмитаси Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Жамшид Шаропов Шофиркон туманига 2021 йил декабридан буён раҳбарлик қилиб келаётганди.

Мавзуга оид