Жаҳон | 10:40 / 13.04.2023
37291
7 дақиқада ўқилади

Украиналик асирлар қатли акс этган видеолар тарқалди: бу ҳақда нималар маълум?

18+ Диққат: матнда қотилликнинг даҳшатга солувчи тафсилотлари мавжуд.

Фото: YANA SIDASH/GLOBAL IMAGES UKRAINE

Интернетда боши кесилган ҳарбий хизматчиларнинг даҳшатли видеолари пайдо бўлди. Катта эҳтимол билан, улар украиналик. Тахминларга кўра, бу ваҳший қотилликлар Россия ҳарбийлари томонидан содир этилган. Икки видео ҳам очиқ манбаларда мавжуд, таҳририят ахлоқий сабабларга кўра уларга ҳавола бермайди.

Биринчи бир ярим дақиқалик видеода оқ лентали (одатда Украинадаги рус ҳарбийлари томонидан идентификация учун ишлатилади) ва ниқоб таққан ҳарбий кийимдаги одамлар Украина нишони туширилган формадаги тирик одамнинг бошини кесиб ташлаган.

Видеода рус ҳарбийларидан бири рация орқали музокаралар олиб борган ва иккинчисига (пичоқ билан қотиллик қилганга) кўрсатмалар берган. Суҳбат рус тилида олиб борилган.

Ерда ётган сариқ лентали формадаги (уруш даврида бундай ленталардан Украина ҳарбийлари фойдаланмоқда) эркак қичқириб, раҳм-шафқат сўраган: «Оғрияпти! Керакмас!» Яқин атрофдаги одамлар пичоқли қотилни олқишлаган.

Кейин видео иштирокчилари камерага Украина нишонлари туширилган зирҳли нимчани кўрсатади, шундан сўнг: «Сумкага *****. Командирга юборилсин» деган ибора янграйди.

Фото: Видеодан кадр

Видеонинг ҳақиқийлиги ҳали расман тасдиқланмаган. Видеода ёрқин яшил барглар кўринган, шунинг учун бу видеоёзув ўтган йили ёзда ёзиб олинган бўлиши ҳам мумкин.

Бу билан деярли бир вақтда тармоқда Украина кийимидаги боши кесиб олинган аскарлар акс этган яна бир видео пайдо бўлди.

Бу видеодаги кадрларда ҳалокатга учраган зирҳли машина ёнида ерда ётган, боши кесилган икки жасадни кўриш мумкин. Ҳалок бўлган аскарларнинг қўлларидаги панжалар ҳам кесиб ташланган.

Россия телеграм-каналлари ушбу видео «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари томонидан Бахмут атрофида олинганини тахмин қилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Украина реакцияси

Украина президенти Володимир Зеленский видеоларга муносабат билдирар экан, дунёнинг ҳар бир мамлакати етакчиси бу ваҳшийликка муносабат билдириши кераклигини айтган.

«Дунёда ҳеч ким эътиборсиз бўла олмайдиган нарса бор: бу ҳайвонлар инсонни қанчалик осон ўлдиряпти. Украиналик асирнинг қатл этилиши акс этган бу видеони бутун жаҳон кўриши керак. Бу Россиянинг ҳақиқий юзини кўрсатган видео... Бу биттагина эпизод эмас, олдин ҳам шундай бўлганди. Бучада минглаб марта шундай қатл бўлган... Биз ҳеч нарсани унутмаймиз ва қотилларни кечирмаймиз. Барчаси учун қонуний жавобгарлик бўлади», деган Украина президенти.

PRESIDENT.GOV.UA

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Россия ҳарбийлари ҳаракатларини Россияда тақиқланган ИШИД билан таққослаган. Бу террористик ташкилот жангарилари ҳам асирларнинг бошини кесиб ташлаши акс этган кўплаб видеолар тарқалганди. Вазир ИШИДдан фарқли ўлароқ Россия БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилишига эътибор қаратган.

«Россиялик террорчилар Украина ва БМТдан чиқариб юборилиши ва жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши керак», деб ёзади Кулеба твиттерда.

12 апрел куни Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) жиноят кодексининг «қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ уруш қонунлари ва қоидаларни бузиш» моддаси бўйича тергов бошланганини эълон қилди.

«Биз бу махлуқларни топамиз. Агар керак бўлса уларни ер остидан ёки дунёнинг нариги бурчагидан бўлса ҳам топиб келамиз. Аммо шуниси аниқки, улар қилган иши учун албатта жазоланади», дея ваъда берган УХХ раҳбари Василий Малюк.

Россиянинг реакцияси

Фото: GETTY IMAGES

«Биз яшаётган фейклар дунёсида бу кадрларнинг ҳақиқийлигини текшириш лозим», дея видеоларга изоҳ берган Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.

«Дастлаб, бу даҳшатли видеоларнинг ҳақиқийлигини текшириш керак. Шубҳасиз, булар даҳшатли кадрлар. Ва кейин, албатта, бу шундай бўлгани ёки йўқлигини текшириш учун сабаб бўлади. Бу воқеа ростдан содир бўлганми, содир бўлган бўлса қаерда ва ким томонидан содир этилган?» деган Путиннинг расмий вакили.

Олий раданинг собиқ депутати, ҳозирда Донбасс айирмачилари етакчиларидан бири бўлган Олег Царёв аскарлар боши кесилишини жиноят деб атаган ва жиноятчилар жазоланишига умид билдирган.

Россиянинг урушни ёқловчи телеграм-каналлари украиналик аскарларнинг боши кесилган видеоёзувларга эҳтиёткорлик билан муносабат билдирди. Баъзилар россиялик ҳарбийларнинг ўлдирилиши акс этган видеони эслади, бошқалар эса «бу кимга керак ва нима учун бу видео айнан ҳозир пайдо бўлди» деган руҳдаги саволларни берди.

Донбассда Россия томонида туриб жанг қилаётган россиялик неонацистларнинг ҳарбий отряди командири Алексей Милчаков бу борада анча очиқроқ баёнот берди. «Яна қанча шундай видео аста-секинлик тарқалишига ҳайрон қоласиз», дейилади «ДШРГ Русич» гуруҳининг телеграм-каналида. Постга мамнунликни ифодаловчи эможи ҳам қўшилган.

Илья Барабанов, BBC Россия хизмати мухбири:

Агар олдин бош кесиш ИШИД террорчилари билан боғланган бўлса, энди бу Россия армияси билан боғланади.

Бу Z-пропагандачилар эриша олган ягона эффект бўлиб, уларнинг каналларида эҳтимол, уруш бошланганидан бери энг шафқатсиз видео пайдо бўлди. Унда рус аскарлари асирга олинган украиналикларнинг бошини кесиб ташлаган.

Қатлда иштирок этган шахсларни аниқлаш ёки видео суратга олинган ҳудуднинг геолокациясини топиш деярли имконсиз. Фақат барча воқеа ўтган ёзда содир бўлган деб тахмин қилиш мумкин, чунки кадрларда яшил барглар кўп.

Украинанинг эҳтимолий қарши ҳужуми бутун дунё бўйлаб муҳокама қилинаётган бир пайтда, ким ва нима учун бу видеони ҳозир тарқатишга қарор қилгани — жиддий савол. Аммо, эҳтимол, бу ерда бирор сабабни излашнинг ҳожати йўқ. «Вагнер»га алоқадор каналлар Евгений Нужиннинг қуволда билан қатл этилгани видеосини эълон қилганда, уларнинг аниқ мақсади бор эди — бошқа асирларни таслим бўлмаслик учун қўрқитиш.

Урушда баъзан видеога тушиб қолувчи жиноятлар ҳар куни содир бўлади. Шунчаки уруш бўлгани учун.

Ушбу видео бутун дунёга Россия армияси томонидан босиб олинган ҳудудларда аллақачон содир этилган ҳарбий жиноятларни эслатади.

Бу тинчлик музокараларига чақираётган сиёсатчиларга ИШИД усулларига ўхшаш қатл усулини қўллаётганлар билан музокара ўтказиш мураккабликларини, бу урушни бошлаган Россия раҳбарияти эса фақат видеоёзувларни «текшириш»га чақириш ҳамда ҳамма нарса уларнинг номаълум режаси бўйича кетаётганини кўрсатишда давом этишгагина қодирлигини эслатади.

Мавзуга оид