Спорт | 12:52 / 13.04.2023
41605
17 дақиқада ўқилади

«Реал» навбатдаги кубокка интилмоқда. «Челси» — ҳеч қаерга. ЕЧЛда кун ўйинлари

Мадридликлар жамоаси катта қийинчиликсиз лондонликларни мағлуб этди ва амалда бош еврокубокнинг яримфинал йўлланмасини нақд қилди.

Фото: Реал Мадрид

ЕЧЛ. 1/4 финал. 12 апрел
Биринчи ўйинлар
Реал — Челси 2:0
Голлар: Бензема (22), Асенсио (74).

Реал – Куртуа, Карвахал, Алаба, Милитао, Камавинга (Рюдигер, 71), Модрич (Себальос, 81), Кроос (Тчуамени, 84), Вальверде, Винисиус, Родриго (Асенсио, 71), Бензема.
Челси – Аррисабалага, Жеймс, Силва (Маунт, 76), Кулибали (Кукурелья, 55), Фофана, Чилуэлл, Ковачич, Канте (Галлаҳер, 75), Фернандес, Стерлинг (Ҳавертц, 65), Фелиш (Чалоба, 65).
Огоҳлантиришлар: Фофана (5), Камавинга (7), Милитао (83), Карвахаль (87), Ковачич (87).
Четлатиш: Чилуэлл (59).

Боэлининг ҳаддан ташқари ишонч билан берган прогнози

«Бугун биз ғалаба қозонамиз. Қандай ҳисоб биланми? 3:0!» — «Челси» хўжайини Тодд Боэли қулоқли кубокнинг амалдаги соҳибига қарши ўйиндан олдин шундай ўта оптимистик прогноз қилди. Бундай қуруқ мақтаниш ҳеч кимни ҳайрон қолдирмагани тайин: лондонликлар клуби босси қарийб бир йилдан буён мускулларини кўз-кўз қилишдан бошқа иш қилаётгани йўқ — трансферлар бозорида ҳам, баёнотларида ҳам.

«Челси» — бу мавсумда жаҳон футболи нашрлари учун энг асосий янгиликлар манбайига айланди. «Реал»га қарши ўйин олдидан ҳам ижтимоий тармоқларда кўклар ўйини қанчалик ўзгариши эмас, Боэлининг прогнози муҳокама этилди.

«Челси» хўжайини одатдаги каби ўзининг бу ҳаракати билан жамоани сояда қолдирди. Лекин жамоада эътиборга молик жиҳатлар талайгина эди. «Челси»га қайтганидан кейинги иккинчи ўйинида Фрэнк Лэмпард ихтиёрида яхшигина таркиб пайдо бўлди. Н'Голо Канте ва Тияго Силва (у жароҳати туфайли АПЛнинг охирги турида заявкадан ҳам ўрин олмаганди) сафга қайтишган, қанотларда Бен Чилуэлл ва Рис Жеймс илк дақиқалардан ҳаракат қилиши мумкин эди. Мураббий футболчилар жойлашувида радикал ўзгаришларга қўл урди: Ҳаверцни захирада қолдирди ҳамда «Вулверҳэмптон» билан ўйинда ўзини оқламаган 4-3-3 ўрнига 3-5-2 схемасини танлади. Меҳмонлар мураббийлар штаби майдон марказини Фернандес, Канте ва Ковачич билан тўлдириш орқали «Реал»нинг марказий яримҳимоячиларини тўхтатига умид қилди. Бундан ташқари, Лэмпард ҳимоя чизиғидаги танлови орқали очиқ ишора берди: жамоа тўпга эгалик қилмоқчи эмас.

Кўкларнинг стартдаги тезкорлиги

Эҳтимол лондонликлар ўйинидаги тактик қайта қурилиш «Қироллик клуби»даги ҳушёрликни сусайтиргандир: Мадрид дебютда муваффақиятсизликка учради. Карло Анчелотти бу сафар ҳеч қандай оригинал нарса ўйлаб топмади ва ҳатто Камавинга мудофаанинг чап қанотида тушиши ҳам олдиндан кутилган ўзгариш эди. Лэмпард ҳам буни билган ҳолда дебютда рақибни ҳайрон қолдиришга қаратилган кўрсатмалар берди. Ва унинг ўйлаганлари майдонда амалга ошди.

Дастлабки етти дақиқаликда меҳмонлар деярли бир хил кўринишдаги учта кескин қарши ҳужум уюштиришди: «Реал» рақиб мудофаасида бўш ҳудудларни қидириш билан овора бўлганида уч марта йўқ жойдан тўп йўқотди. Мадридликлар ўтиш фазасида чиндан ҳам заиф кўринди ва «Челси» бундан фойдаланишга ҳаракат қилди. Стратегия нуқтайи назаридан барчаси тўғри эди, аммо Лэмпарднинг бахтига қарши кўкларда бу мавсумда форвардлар ва вазиятлардан фойдаланишда жуда жиддий муаммолар юзага келган. Биргина Эрлинг Ҳоланд АПЛда урган голлар сони «Челси»нинг барча голларидан кўпроқлиги ҳам муаммо даражасини кўрсатади.

Мадриднинг устунлиги

Жоау Феликс ва Стерлинг ҳужумчилар жуфтлиги сифатида танланиши бир вақтнинг ўзида баҳсли ва мантиқий қарор эди (Ҳаверцнинг «Ливерпул»га қарши ўйиндаги ҳаракатларидан келиб чиққан ҳолда). Лэмпардни ўйиндан кейин хато танлов қилганликда айблаш осон, чунки португалиялик ҳам, англиялик ҳам бир неча голли вазиятларни йўққа чиқарди, аммо захира ўриндиғида муқобил номзодлар ҳам йўқ эди.

Дастлабки етти дақиқани кузатган Боэли прогнозлари тўғри чиққани ҳақида табриклар ола бошлаган бўлса ажаб эмас. Аммо шундан кейин вазият кўклар учун ёмонлаша борди ва ташаббусни қўлга олган мезбонлар ўйин охиригача уни рақибга қайтариб бермади. «Челси» рақибни анча ичкарида қарши олди ва ҳимояланишда 5-3-2 схемаси бўйича аниқ тизилди. Аммо бу ҳолатда аниқлик — салбий хусусиятдир. Меҳмонларда чизиқлар орасида шу қадар катта бўшлиқ юзага келдики, «Реал» футболчилари ҳужумларни ривожлантириш учун бир неча векторларни танлаши мумкин эди.

Кўп ўтмай вазиятлар ҳам яратила бошланди. Аввалига Бензема ўткир бурчакдан туриб Аррисабалагани синовдан ўтказди, кейин Вальверденинг зарбаси бироз хато кетди, 21-дақиқада эса гол ҳам урилди — Кепа Винисиуснинг зарбасини тўсди, аммо Карим тўпга эга чиқиб, қаршиликсиз уни дарвоза тўрига жойлади.

«Челси» дарҳол ўйинга қайтиши мумкин эди, аммо Куртуа Стерлингга гол уришга имкон бермади, кейин эса Тиагу Силва тўпни дарвоза чизиғи олдида қайтариб юбориб, ҳисоб 0:2 кўринишига келишининг олдини олди. Шу палладан ўйин фақат «Реал»нинг устунлигида ўта бошлади ва мадридликлар танаффусга иккинчи голни ура олишмаганидан хафа ҳолда чиқиб кетишди. Бўлим якунларига кўра дарвоза соҳасига аниқ йўлланган зарбалар нисбати 8:2 кўринишида эди.

Чилуэллнинг четлатилиши ва Асенсионинг голи

Танаффусдан қайтиб кўклар яна фаол ўйнашга қарор қилди, аммо «Реал» энди ҳушёр эди, шунинг учун «Челси» жавоб голини уришга яқин ҳам келмади. Модрич эса 50-дақиқада шедевр гол уришгга жуда яқин эди: у тўпни «тўққизлик» сари айлантириб йўллади, аммо бир неча сантиметрга адашди.

Лэмпард таваккалчиликка қўл урди — майдонни тарк этишга мажбур бўлган Кулибалининг ўрнига Кукуреляни майдонга ташлашдан ташқари футболчиларни 4-4-2 схемаси бўйича жойлаштирди. Бу эса хато бўлиб чиқди: биринчидан, шундан кейин «Челси» чизиқлари орасидаги бўшлиқ янада кенгайиб кетди, иккинчидан испаниялик ҳимоячи Родригони ўтказиб юборди, натижада Чилуэлл дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган рақибни жарима майдонига киришда ушлаб қолиб, ўйин якунига ҳали ярим соат борлигида «сўнгги умид фоли» учун қизил карточка олди. Агар биринчи бўлимда меҳмонлар мудофаасида фақат Фофананинг ҳаракатлари (у 5-дақиқадаёқ Винисиусга қўполлиги учун сариқ олганди, биринчи гол урилган вазиятда эса ушбу футболчини яхши қўриқлай олмади, ундан кейин ҳам кўп вазиятларда тўпни осонлик билан йўқотди) қўрқинчли кўринган бўлса, танаффусдан кейин лондонликлар мудофааси умуман тўзиб кетди.

Лэмпард футболчилари бир киши кам бўлиб қолгач дарҳол реакция кўрсатди: форвардлар сонини қисқартирди (Феликс ўрнига Чалоба тушди) ва 5-3-1 схемасига ўтди (Жеймс, Фофана, Силва, Чалоба ва Кукуреля ҳимоя бешлигини ташкил этди). Иккинчи бўлим бошида Фрэнк ҳеч бўлмаганда дурангга эришмоқчи эканини кўрсатган бўлса, бу ўзгариш минимал ҳисобдаги мағлубиятни сақлаб қолиш умидини очиқ кўрсатиб турарди. Аммо ўхшамади. «Челси» иккинчи голни бурчак зарбаси ижро этилганидан кейин ўтказиб юборди, шундай экан, бу ўринда футболчилар етишмаганини баҳона қилиб бўлмайди. Бу вазиятда лондонликларнинг барча футболчилари дарвоза атрофида тўпланганди, лекин жарима майдони ташқарисида ҳеч ким қолмаганди. Асенсиога яқин бурчакка йўлланган айланма зарбаси билан ҳисобдаги фарқни ошириш қийин бўлмади. Бу унинг ЕЧЛда захирадан тушиб урган тўққизинчи голи бўлди - бу турнир рекорди.

Ўйин охирида «Реал» футболчиларининг ҳаракатлари мухлисларни хавотирга солиб қўйди. Мадридликлар афтидан аллақачон ўзларини яримфиналда ҳис қила бошлашди ва рақибни бутунлай яксон этишга ҳаракат қилишмади.

Лэмпард эса Силванинг ўрнига Мэйсон Маунтни тушириш орқали ўйинни сақлаб қолишга уринди, у эса 90+3-дақиқада яхши вазиятга эга бўлди, аммо омади келмади. Бу ўйин давомида «Челси» ҳимояси уч бор қайтадан қурилди - чунки Кулибали, Чилуэлл ва Тияго Силва турли сабабларга кўра майдонни тарк этишга мажбур бўлди.

Лондондаги жавоб ўйини 18 апрел куни ўтказилади. Бу жуфтлик ғолиби кейинги босқичда «Бавария» ёки «Сити»га тушади, инглизлар яримфиналда ўйнаши учун ўз майдонида Боэли айтган 3:0 ҳисобида ғалаба қозониши талаб этилади. Лекин бу фантастик сценарий - «Челси» сўнгги 5 ўйинда 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этди. Уларнинг 4 тасида гол уролмаган, бу эса 1993 йилдан буён қайд этилган энг ёмон серия. 

«Милан» Италиянинг энг яхши жамоасини ўн кун ичида иккинчи бор мағлуб этди

Милан — Наполи 1:0
Гол: Бинносир (40).

Милан – Меньян, Калабрия, Кьер, Томори, Эрнандес, Крунич, Бинносир (Салемакерс, 67), Диас (Ребич, 80), Тонали, Леау, Жиру.
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Рраҳмани, Ким Мин Чжэ, Руй (Оливера, 81), Лоботка, Зелиньски (Ндомбеле, 81), Замбо-Ангисса, Элмаз, Лосано (Распадори, 69), Кварацхелия (Политано, 81).
Огоҳлантиришлар: Зелиньски (38), Бинносир (60), Ди Лоренцо (70), Замбо-Ангисса (70), Ким Мин Чжэ (78).
Четлатиш: Замбо-Ангисса (74).

Пасайиш, инқироз, иштиёқсизлик — булар «Милан»нинг чемпионлик мавсумидан кейинги муваффақиятсизликларини изоҳлаш учун ишлатилган сўзлар. Аммо Стефано Пиоли давридаги «россонерилар» нокдаунлардан кейин оғриқни ҳис қилмайди ва яна ўрнидан туради. Қанчалик кучли зарба берилмасин, улар, афтидан, бундан фақат куч олади. Мураббийнинг скудетто ғолиблигига йўл «Аталанта»дан учралган 0:5 ҳисобидаги шармандали мағлубиятдан бошлангани тўғрисидаги сўзларини эслаш ўринли.

«Милан» жорий мавсум давомида ҳам қайсидир паллада тубга тушди. Суперкубок учун дербида 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва ўз уйида «Сассуоло»дан бешта гол ўтказиб юборди. Аммо кейин бир неча ойни ўтказиб юборган Менян дарвозага қайтди, Эрнандес жаҳон чемпионатидан ўзига келди, Рафаэл Леау яна ўтган мавсумдаги каби ақлли ўйин кўрсата бошлади.

Ўн кун муқаддам Неаполда кечган ўйинда «Милан» мавсумдаги энг яхши ўйинини намойиш этиб,
Лучано Спаллетти жамоасини 4:0 ҳисобида яксон этди. Бу натижага қараб, миланликлар Италиянинг энг яхши жамоаси - А Серия турнир жадвалида катта фарқ билан илгарилаб кетган жамоани ер билан битта қилганига ишониш қийин. Жамоа етакчиси Хвича Кварацхелия эса ўша оқшомда майдонда кўзга ташланмади. Аммо бу ҳам ҳали миланликлар «Сан-Сиро»даги ЕЧЛ ўйинида яна шу ишни такрорлашини кафолатламасди.

Спаллетти бу ўйин олдидан муҳим муаммони ҳал қилиши талаб этиларди. У жамоанинг асосий ҳужумчиси Осимҳен ортидан Симеонени ҳам лазаретга жўнатишга мажбур бўлди, Распадори — ҳам тиббий сабабларга кўра тўлиқ ўйнай олмасди. Яъни «Наполи»да марказий ҳужумчи амплуасидаги бирорта футболчи қолмаганди, мураббий эса бу муаммони Элмасни «алдамчи тўққизлик» ролида тушириб ҳал этишга қарор қилди.

Ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ – меҳмонлар тотал устунликка эга бўлишди. Бу 10 кун муқаддам ўз уйида «Милан»га енгилган иложсиз жамоа эмасди. Диққатини жамлаган ва тажовузкор «Наполи» меҳмонларни кучли прессинг қилиб, тўпни тезда ўзига олди ва «россонерилар»ни тезлик бобида ортда қолдирди. Кварацхелия илк дақиқадаёқ супервазиятга эга бўлди, «Милан» ҳимоячиси Томори ишончсиз ҳаракат қилиб, қулай позицияда турган рақибга тўпни топшириб қўйди. Аммо Хвичанинг зарбаси Томорининг ўзига қарата йўлланди. Кўп ўтмай Кварацхелия англиялик ҳимоячини алдаб ўтиб, шеригига вазият яратиб берди. Зелиньски эса жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан Менянни қаҳрамонлик кўрсатишга мажбур қилди, дарвозабон тўпни тўсин остидан чиқариб юборди. «Милан» тўпсиз қолдирилди ва ҳимояланишга мажбур қилинди, бундай вазиятда «Наполи»нинг голи вақт масаласидек кўринаётганди.

«Милан»нинг олдинги чизиқда тўп учун курашиш учун уринишлари муваффақиятсизликка учради ва орқада бўшлиқлар юзага келтирди. Тўпга эгалик қилинаётганда таянч яримҳимоячиси Крунич учинчи марказий ҳимоячи позициясига ўтиб, рақибнинг марказий ҳавбекини ҳам ўзи билан олиб кетишга уринди, аммо Пиоли жамоасига ўрта чизиқда боғловчи футболчи етишмади. «Россонери»ларда биринчи вазият фақат 25-дақиқага келиб яратилди ва бу фақатгина Леаунинг индивидуал ҳаракатлари эвазига бўлди. Португалиялик футболчи тўпни ўз жамоаси томонида эгаллаб, рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетди, аммо унинг олис устун томон йўллаган зарбаси бироз хато кетди. Бу вақтга келиб «Милан» зарбалар бўйича – 0:9 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 0:3) ҳисобида ортда қолаётганди.

«Россонери»лар сабр қилишди ва ўз имкониятини кутишда давом этишди. Танаффус яқинлашгани сари «Наполи»нинг прессинги узилиб қола бошлади. Спаллетти шогирдлари юқори интенсивлик туфайли ҳолдан тойишганди ва «Милан»да ҳужум қилиш учун бўш ҳудудлар очила бошлади. 40-дақиқада Диас ҳам Леау қилгани каби тўпни майдоннинг ярмидан олиб ўтди, у Леау ва Бинносир билан уюштирган комбинация жазоирлик ҳавбек яқин бурчакни аниқ нишонга олиши билан якунланди. Меҳмонлар жарима майдони атрофида учга уч нисбатига чиқиб боришди. Мезбонларнинг биринчи бўлимда дарвоза соҳасига аниқ йўллаган ягона зарбаси голга айланди. Неаполликлар ўзига келишга уринаётганида ҳисоб 2:0 кўринишига келиши ҳам мумкин эди, аммо бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Кьернинг зарбаси тўсиндан қайтди.

«Наполи» иккинчи бўлимни ҳам биринчиси каби кучли бошлади. А Серия етакчиси макимал тезликни ёқди, «Милан» эса сабр қилиб, ўз устунлигини сақлаб қолиш учун ўйнади. Кварацхелия тўп сўради ва эпизодларни ҳал қилишга уринди, аммо гуржистонлик вингерга жарима майдонида Осимҳен етишмади. Элмас марказий форвард эмаслиги кўриниб қолди. Македониялик футболчи «россонери»лар дарвозаси томон илк зарбасини фақат танаффусдан кейин йўллай олди, аммо бу эпизодда Менян тўсин остига бораётган тўпни назорат қилиб турганди. 60-дақиқада эса Хвича Кьерни алдаб ўтиб, пенальти ишлашга уринди – ҳакам Ковач эса «Наполи» дриблёрига ишонмади.

Спаллетти жамоаси ўйиннинг 60 фоиздан ортиқ қисмида тўпга эгалик қилди, босим уюштирди, зарбалар бўйича ҳам (15-12), дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар сони (5-2) ва бурчак зарбалари бўйича ҳам (10-3) устунлик қилди. Аммо таблодаги рақамлар ўзгармади. Жанубликлар мураббийи заявкадаги сўнгги форварди – Распадорини майдонга ташлади. Элмаса ҳам майдонда қолиб, қанотга кўчди. Лучано бу ўзгартириш билан Распадорининг ушбу турнирдаги омадига умид қилган бўлиши ҳам мумкин: ёзда харид қилинган бу футболчи А Серияда биргина гол урган, Чемпионлар лигасида – тўртта! Лекин Спаллеттининг барча режаларини Ангиссанинг майдондан четлатилиши барбод қилди, у тўрт дақиқа ичида икки сариқ карточка олди.

«Наполи» ўн киши бўлиб қолгач, Кварацхелия ҳам алмаштирилди. Спаллетти уни кейинги ўйин учун асраши ва бу ўйинда ҳисоб йириклашиб кетмаслиги учун янги кучлар билан ҳаракат қилиши керак эди. Хвича «Сан-Сиро»да тўп билан 54 бор муомила қилди, икки зарба берди, икки бор зарба учун пас узатди, рақибларни олти марта алдаб ўтди (саккиз уринишда) ва 20 бор яккакурашдан 10 тасида устун келди. Ушбу вингер аслида ёмон ўйин ўтказмади, аммо футболчи гол ёки голли пас муаллифи бўла олмади ва жамоаси натижага эришмади.

«Сан-Сиро»да ўн киши бўлиб қолган «Наполи» ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатлари билан ўйин охирида дурангга эришиши ҳам мумкин эди. Аммо Менян Ди Лоренцонинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарди, Оливеранинг зарбаси эса бироз юқоридан кетди. Голга яқин келинди, аммо айни вақтда яримфиналда Милан дербиси бўлиши эҳтимоли ҳам яқин.

Мавзуга оид