Жамият | 10:20 / 22.04.2023
44167
8 дақиқада ўқилади

“Сизга пул топиш қийин эмас-ку, биздан қизғаняпсизми?” – ўз қизларидан рўшнолик кўрмаган мусофир аёл ҳикояси

“Юрагимни ушлаб йиқилганимни биламан, у ёғини эслолмайман. Кўзимни очсам устимда иккала қизим ўтирибди. Ойи, шу машмашалар сизга нимага керак, уйни сотиб пулини иккимизга тенг бўлиб беринг, ўзимиз қарайверамиз сизга. Бир кун биримизникида, яна бир кун бошқамизникида яшайверасиз, деган гапларни эшитиб ич-ичимдан хафа бўлиб кетдим”.

Фото: Kun.uz

Ҳар бир инсон боласини ўзидан кўпроқ яхши кўради, ўзи емай едиради, киймай кийдиради. Мен кўрмаган кунларни кўрсин, бахтли яшасин деб ўзини ўққа, чўққа уради.“Ҳаётий ҳикоялар”нинг бу галги қаҳрамони умрини фарзандларига фидо қилган, уларга тўкин ҳаёт яратиб бериш учун мусофир юртларда ишлаган аёллардан.

“Икки фарзандли бўлганимизда ҳам ижарада яшардик. Эрим уйимиз яқинидаги заводда қоровул бўлиб ишларди. Навбатчилиги йўқ бўлган кунлари мардикорлик қилиб пул ишларди. Мен уйда болаларимдан ортиб у бу нарса пишириб сотардим. Рўзғоримизга ҳарна, ёрдам бўлади, дердим.

Баъзида қўшниларимизникига меҳмон келса чиқиб ишларига қарашар, улар чиқарадиган майда-чуйдаларга болаларим қорни тўйганига хурсанд бўлардим.

Қизларимиз юқори синфга ўтганида ҳам турмушимиз ўнгланмади. Аксинча, кундан кунга болалар билан уларнинг харажатлари ҳам ўсиб борар, квартира пулини ҳам базўр тўлардик.

Ҳадемай бўйи етади, биров эшигимни тақиллатиб келадиган уйимиз ҳам йўқ, қизларимнинг келажаги нима бўлади деб эр-хотин кечаси билан ўйланиб чиқардик. Ўйлаб-ўйлаб ахийри мен чет элга кетадиган бўлдим. Эримнинг соғлиғи яхши эмасди, чет элга боргани билан эркак кишига енгил иш бўлмаса. Қора ишда ишлолмайди.

Тоби қочса мусофир юртда ким корига ярайди? Аёллар бола қараб, уй тозалаб ҳам яхши ҳақ олишади-ку, деган қарорга келдик. Сўраб-суриштириб танишлар орқали уйига хизматчи излаётган чет эллик аёл билан боғландим.

Ўртада турган танишим гаплашиб берди. Иш ҳал бўлди. Қарз-ҳавола қилиб билет олдик. Қизларимнинг бири 12, бири 14 ёшда эди. Уларни ташлаб кетиш осон бўлмади. Бир кўнглимни оилам билан қолдириб уларнинг келажаги учун умримда кўрмаган, билмаган юртимга ишлаш учун кетдим. Худога шукур, алдамаган экан, яхши инсонларнинг қўлига тушдим. Уйда хизматчи бўлиб ишлаганим учун ётоқ жойи, еб-ичишга пул сарфламасдим.

Аввалига билет пулини тезроқ тўплаб қарзимдан қутулишини ўйлаган бўлсам, кейин энди уйга йиғинишим керак, деган ўй тунлари уйқу бермасди. Ҳаммасидан оилам соғинчи азоб берарди. Қизларимни бирам соғинардим.

Ҳар гаплашганимизда мендан хавотир олманглар мен яхшиман, дердим. Гарчи осон бўлмаса-да, хавотир олишларини истамасдим. Бир йил битта жойда ишладим. Қарасам бу аҳволда ҳали-бери уйга етадиган маблағ тўплай олмас эканман. Иккинчи йилдан яна бир жойдан иш олдим. Энди иккита ишда ишлай бошладим. Ёшман, қувватим, ғайратим бор. Ишлайвердим. Тезроқ уйга етадиган пул жамғарсам-да оилам бағрига қайтсам.

Икки йил деганда Ўзбекистонга қайтдим. Бутунлай эмас, бир ойга келдим. Не кўз билан кўрайки, шунча вақт ишлаб жўнатган пулларим йиғилмаган. Қизларимнинг шкафи кийимларнинг кўплигидан ёриламан дейди. Ҳар бирининг қўлида қиммат телефон. Уйда овқат қилмай қўйишибди. Буюртма қилиб ейишаркан.

Мен бир ватанли бўлай деб мусофир юртда одамларнинг хизматини қилиб, кир-чирини ювиб юрсам, булар бу ёқда ялло қилиб, пулни ҳавога совуриб юришибди. Дадасига бу нима аҳвол десам, онаси ёнида эмас, қизларимнинг кўнгли ўксимасин, дедим дейди.

Сизга пул топиш қийин эмас-ку, биздан қизғаняпсизми, деб қизларим хафа бўлса бўладими? Нега қийин бўлмайди, қаерда пул сочиб қўйган экан? Фарзандларим қийналиб меҳнат қилаётганимни кўрмай катта бўлаётгани учунми менга ичи ачимаётган эди уларнинг.

Дадасига энди пул жўнатмаслигимни, ойлигини рўзғорга яратиб туришини айтиб, яна ишга отландим. Бир кўнглим қизларингнинг олдида қол, улар айни тарбиянгга муҳтож. Ҳозир тарбия қилмасанг кейин кеч бўлади, деса яна бир кўнглим энди пул йиғиб уй олгунингча сабр қил, болаларингнинг келажаги учун ҳам бу керак дерди.

Хуллас, кетдим. Уч йил ишладим. Тиш-тирноғим билан пул йиғдим. Шу уч йилда, ишонмаслигингиз мумкин, битта ҳам янги кўйлак олиб киймадим.

Қайтганимдан сўнг ўзимиз яшаб турган жойнинг иккинчи қаватидан уч хонали уй олдим. Мендан бахтли одам бор эканми ўша лаҳзада. Энди ўз уйим бор, квартирада юриш азобидан қутулдим. Энди эрим топганига қаноат қилиб, қизларимнинг тарбияси билан шуғулланаман, дедим.

Лекин бизнинг режаларимиз доим ҳам амалга ошавермас экан. Бу орада турмуш ўртоғим вафот этди. Улар ишлаган заводга фаррош бўлиб ишга кирдим. Соғлиғимни анча йўқотган эдим. Айниқса, хўжайинимнинг вафоти менга ёмон таъсир қилди. Узоқда юрганимда ҳам уларнинг борликларини ҳис қилиб турардим...

Қизларим ҳам бўй етиб қолганди. Вақти-соати билан сепларини қилиб узатдим. Ана шундан кейин ҳақиқий машмашалар бошланди. Кичик қизимнинг сепи учун олган қарзларимни узиб бўлмасимдан қайнонаси эрига қўшиб қувиб юборди. Сеплари ёқмаган эмиш.

Бир муддат меникида туришди. Ўз уйимда ўзим хижолат бўлиб яшайдиган бўлиб қолдим. Куёвим истаганча ухлайди, устида битта майкаси билан ҳам овқатлангани чиқади. Рўзғорга битта нон ҳам кўтариб келмайди.

Охириям чидолмадим, қизим хафа бўлма, квартира олиб чиқиб кетинглар, қайнонангга ҳам инсоф бериб қолар. Ўзи мазам йўқ. Уйимда бемалол дам ололмаяпман, яшолмаяпман, дедим.

“Ойи, шу уйни сотиб бир хонали бўлсаям уй оберинг, қолган пулига ўзизга уй оласиз”, дейди. Бу гапни дарагини катта қизим қайдандир эшитиб етиб келибди. Уйни сотсангиз ярим пулини менга берасиз, унга бериб менга бермайсизми, мениям ҳаққим бор, деди.

Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Юрагимни ушлаб йиқилганимни биламан, у ёғини эслолмайман. Кўзимни очсам устимда иккала қизим ўтирибди. Ойи, шу машмашалар сизга нимага керак, уйни сотиб пулини иккимизга тенг бўлиб беринг, ўзимиз қарайверамиз сизга, бир кун биримизникида, яна бир кун бошқамизникида яшайверасиз, деган гапларни эшитиб ич-ичимдан хафа бўлиб кетдим.

Наҳотки шу қизларни мен туғган бўлсам, қайси гуноҳим учун булар шунчалар бемеҳр бўлиб улғайишди. Шуларни деб беш йил тиним билмай ишлаб соғлиғимни йўқотдимми? Илтимос, кетинглар. Ўлсам кейин уйни бўлишиб олаверасизлар. Унгача яшаб туришимга қўйинглар. Келмасаларинг ҳам майли. Бу ерда мени неча йиллик қўшниларим бор. Шулар ҳолимдан хабар олиб туришибди.

Уйни сотганимдан кейин кимни юзига сарғаяман. Икковинг ҳам, кет, илтимос дедим-у, юзимни ўгириб ётавердим. Иккиси ҳам кетди. Бир оғиз кечирим сўрашга ярамади.

Шу уйда эрим яшамади, ким билади мен ҳам қанча яшайман? Болаларимга тарбия беришим керак бўлган вақтда кетганимга минг пушаймонман. Вақтида беролмаган тарбиямнинг азобини энди умримнинг охиригача тортсам керак. Энди уларни ўзгартиролмайман. Айни дунёқараши шаклланадиган вақтда ёнида бўлолмадим. Уларга она эмас, таъминотчи вазифасини ўтадим, холос.

Ўлсам ҳам ўлигим сен сол, мен сол бўлмаса эди. Шунда ҳам қизларим биринчи навбатда келиб уй талашади”, дея хўрсиниб ҳикоясини якунлади аёл.

Чарос Маннонова суҳбатлашди

Мавзуга оид