Жамият | 21:50 / 26.04.2023
28799
7 дақиқада ўқилади

“Отамиз борлигини ҳис қилмай улғайяпмиз” — мигрантларнинг болалари

Қарийб 2,5 млндан ортиқ ўзбекистонлик – меҳнат миграциясида. Уларнинг аксарияти – эркаклар. Оиласидан олисда яшашга мажбурлик фақат уларнигина эмас, фарзандларини ҳам қийнайди. Чунки ота-онасидан алоҳида болалар мунтазам руҳий босим остида вояга етади.

Маҳфуза, 23 ёш, Навоий вилояти:

— Қишлоғимизда ҳар уч хонадоннинг биридаги эркаклар мусофирчиликда. Йўлкиралар қимматлиги, ишлаб турган ишини йўқотмаслик учун ҳадеганда келиб-кетишлари муаммо. Мана, 11 йилдирки ота-онам хорижда. Мени, синглим ва укамни бувимнинг қарамоғида қолдиришган. Бундан 5 йил аввал, яъни 18 ёшимда у ердан укам ва синглимни олиб ижарага чиқиб кетишга мажбур бўлдим.

Бу ҳаракатимни ҳамма қоралади. Ота-онам ҳам бошида рухсат беришмади. Лекин тўғри тушунишларини ва бутун масъулиятни зиммамга олишни айтдим. Чунки етарлича сабаб бор эди. Онамнинг укаси – тоғамда менга нисбатан ғалати ҳолатлар содир бўла бошлади. Ҳоли қолганимизда тегажоғлик қиларди. Бир неча марта огоҳлантирдим, уришдим – фойдаси бўлмади. Ўз шаънимни ўзим асрашим кераклигини тушундим.

Ота-онамнинг ўртасига совуқчилик туширмаслик учун буни уларга айта олмадим ва ижарага чиқишни тўғри деб билдим. Фақат онам келганда буни ётиғи билан тушунтирдим. Ҳозир ҳам ўзимни хавфсиз ҳис қилмаяпман. Қураётган уйимиз битишига оз қолди, контрактимни эса ўзим ишлаб тўлашга ҳаракат қиламан. Фақат ота-онам ёнимизда бўлишса бўлди.

Асадбек, 19 ёш, Наманган вилояти:

— 1-синфга чиқаётган йилим дадам Россияга кетди. Бошида бир йилда бир марта келиб турарди. Кейинчалик бу муддат чўзилди. Мана, 4 йилдирки, келмаяптилар. Шу йил бораман, келаси йил бораман деб ишдан ортмаяптилар.

Дадам бизни моддий томондан ҳам жуда тўла-тўкис таъминлаганларини билмайман. Чунки кетганларидан бери онам билан пул масаласида тортишиб қолишларини сезаман. Онам отам юборган пулларни етказа олмаётганликларини айтиб жанжал қилганларини эшитаман.

Ўзимни дадамга кераксиздай ҳис қилардим, ҳозир бунга кўникдим. Лекин укаларимда шунақа бўлаётганини сезаман. Негадир оила деганда кўз олдимга фақат онам ва иккита укам келадиган бўлиб қолган. Сабаби биз отамиз борлигини ҳис қилмай улғайдик. Ҳадемай уйланаман, лекин оилада эркак киши мақоми, ота қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунчам етарли эмас, деб ўйлайман. Яхши оила бошлиғи бўлишга ҳаракат қиламан дейман-у, бунинг учун нима қилишни билмайман.

Насиба, 38 ёш, Қашқадарё вилояти:

— 13 йилдирки турмуш ўртоғим хорижда ишлайди. Кетганида бир ўғлимиз бор эди. Ҳозир қизимиз ҳам бор. Орада бир йилда бир ойга келиб кетади, баъзида 2 йилда ҳам келиши мумкин. Болаларимиз катта бўлаётгани сари ёнимда унинг йўқлигидан қийналаман. Чунки болага оилада отанинг борлиги катта аҳамиятга эга экан. Айниқса маълум муддатларда, яъни ўтиш даврида отасининг қадри жуда билинди. Ўғлим бу даврда жуда асабий, жиззаки бўлиб қолди. Ўзини доим ҳақ деб биладиган, ўзича ниманидир исботлашга ҳаракат қиладиган, бошқаларнинг, айниқса менинг фикрларим билан ҳисоблашмайдиган ўсмирга айланди. Мактабда уришмаган ўқитувчиси, ёқалашмаган боласи қолмади. Ҳар қанча ҳаракат қилмай, тилини тополмаяпман, қаттиқроқ гапирсам, уйдан қочиб кетиб куйдиради.

Отаси ҳали қайтмоқчи эмас, чунки эндигина уй қуриб битказиб, кўчиб чиқдик, ҳали машина олишимиз керак. “Шунга яраша пул тўплаб, кейин қайтаман” дейди. Лекин у қайтгунча ўғлим бутунлай ўзгариб, ҳаётини издан чиқариб қўймаса эди деб қўрқаман. Тезроқ келиб болалар тарбиясида ёрдам берса дейман-у, тирикчиликни ҳам ўйлаб иккиланиб қоламан.

***

ЮНИСЕФ ўтказган “Миграциянинг болаларга салбий таъсири” деб номланган тадқиқот натижаларига кўра, кўплаб муҳожир оилаларнинг (45 фоиз) камида икки нафар фарзанди васийлар қарамоғида қолишади. Ушбу болаларнинг деярли 63 фоизи оналари билан яшайди, чунки муҳожир оталар кўпроқ ишлаб, оилаларига кўпроқ пул юборишади.

Ўсмирлар ва болалар психологи Розалия Габдулҳақовага кўра, ота-оналарнинг миграцияси болаларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Уларнинг узоқдалиги болада хавотир ҳиссини уйғотади, улар ўзларини бахтсиз ҳис қилишади. Болаларда хотиржамлик йўқолиб, елкаларидаги масъулият ортгани уларнинг кайфиятига таъсир қилади. Отаси олисга кетиб онаси билан яшаётган болалар ҳам ўзларини асосий ҳимоячисиз қолган деб билишади.

“Болаларнинг қийналишига сабаб оналарининг қийналаётганини кўриш ҳам бўлади. Чунки бу оналар ўзлари ишламасалар ҳам, ҳам она, ҳам ота вазифасини бажараётган бўлишади. Ўз жуфти ёнида бўлмагани учун хотиржамлик ҳис қилмайди. Оилани бошқариш аёлнинг табиатига мос бўлмагани учун онага осон бўлмайди. Турли муаммолар, руҳий ҳолатлар ичида она боласидан кўпроқ жавобгарликни ҳис қилган ҳолда психологик жавобгарлик талаб қилади. Буни кўрган бола онасини аяб эртароқ катта бўлгиси, пул топгиси, ўз муаммоларини ўзи ҳал қилгиси келади ва бу жиззакиликни келтириб чиқаради. Айни шу пайтда отанинг ёнида эмаслиги, асосий ҳимоячининг йўқлигини ҳис қилишади.

Баъзи оталар болаларнинг таъминотига пул юбордим, бўлди деб ўйлашади. Оналар эса мусофирчиликда юрган одамни ҳадеб безовта қилавермай деб баъзи муаммоларни уларга айтишмайди. Телефон орқали суҳбатларда ҳам кўпинча одатий ҳол-аҳвол сўраш ва юборилган пуллар ҳисоби ҳақида гаплашилади”, – дейди психолог Розалия Габдулҳақова.

Узоқда туриб фарзандларга меҳрни етказиш учун нима қилиш керак?

Руҳшуносга кўра, болалар билан боғлиқ муаммолар, уларнинг мактабдаги ҳаёти, ўқишдаги ўзгаришлари ҳақида ота билан мунтазам суҳбат қилиниши керак.

“Албатта, бу отадан ҳам тоқат, вақт, эътибор талаб қилади. Бу пайтда отанинг реакциялари жуда муҳим. Агар бунга муаммо деб қаралса, унга ечим излаш ва топиш мумкин. Виртуал тарзда ҳам отани оила ҳаётига аралаштириш керак.

Шу ўринда ота-онанинг ўзаро муносабати ҳам болага катта таъсир кўрсатади. Улар масофа узоқлиги сабаб бир-бирларидан узоқлашишса, фақат моддий эҳтиёж туғилгандагина гаплашишса, болада носоғлом фикр уйғотади.

Оилада ҳар куни ҳамма учун қулай бўлган маълум бир пайтни мўлжаллаб, ота билан онлайн суҳбатлар уюштириш керак. Шунда бола худди отаси ёнида эканини, уларга бефарқ эмаслигини ҳис қилади. Тўлиқ оилада ўсаётган болалардай отаси билан бир дастурхон устида ўтиргандай бўлади, йўқотишлар камаяди.

Оналар ҳам тушунишлари керакки, онага қанчалик қийин бўлмасин, буни бола тушунмайди. Болага отаси узоқдалигини ҳис қилдирмаслик улардаги юкни енгиллатади. Болада асабийлик камайиб, хотиржамликка эришади”, дейди болалар психологи.

Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенцияда “Боланинг шахсияти тўлиқ ва уйғун ривожланиши учун у бахт, меҳр ва мурувват тўла оилавий муҳитда ўсиши шарт”, деб белгиланган. Буни инобатга оладиган бўлсак, шундай руҳий босим билан улғайган болаларнинг жамиятда тутадиган ўрнидан хавотир оладиган пайт келган.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид