Ўзбекистон | 18:45 / 02.05.2023
38134
3 дақиқада ўқилади

Ҳокимларнинг ўринбосарлари сони кескин қисқариши мумкин

Президент қарори лойиҳасида 2023 йил 1 декабрдан бошлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг чекланган сони 3 нафар этиб белгиланмоқда. Ҳозирда айрим ҳудудларда ҳокимнинг ўнга яқин ўринбосари бор.

Kun.uz ихтиёрига маҳаллий ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган президент қарори лойиҳаси келиб тушди. Унда “қуйи”ни ихчамлаштириш борасида қатор вазифалар амалга оширилиши назарда тутилган.

Айрим вазирликларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳокимликларга бўйсундирилади

Ҳужжатга кўра, қуйидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмалари тегишлича вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаси ҳамда бўйсунувига ўтказилади:

  • 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Маданият ва туризм вазирликлари, шунингдек, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари;
  • 2024 йил 1 мартдан бошлаб Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари.

Белгиланишича, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмалар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди, уларнинг фаолиятини мониторинг қилади, мувофиқлаштиради ва услубий жиҳатдан таъминлайди, бўлинмалар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил этади. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳудудий бўлинмалар фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини ташкил этади, раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, фаолиятини молиявий, моддий-техник ва ташкилий жиҳатдан таъминлайди.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар доирасида ҳамда ҳудуддаги эҳтиёж ва шароитлардан келиб чиқиб мустақил равишда ҳудудий бўлинмаларнинг муайян туман бўлинмаларини ташкил этиш ёки уларни туманлараро шаклда тузиш ҳамда уларнинг тузилмаси ва штат бирликларини тасдиқлаш ваколати ҳам берилмоқда.

Ҳоким ўринбосарлари сони қисқаради

Қарор лойиҳасига кўра, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг чекланган сони 3 нафар этиб белгиланади.

Бунда, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг қуйидаги соҳалар бўйича шахсий жавобгарлиги ўрнатилади:

  • иқтисодий ривожланиш соҳаси (молия-иқтисодиёт, тадбиркорлик, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришга оид масалалар);
  • ижтимоий ривожланиш соҳаси (аҳоли бандлиги, спорт, ёшлар сиёсати, туризм ва маънавий-маърифий ишларга оид масалалар);
  • инфратузилмани ривожлантириш соҳаси (қурилиш, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, экологияга оид масалалар).

Шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо, Ёшлар сиёсати ва спорт, Маданият ва туризм вазирликларининг Тошкент шаҳридаги туман бўлинмалари уларнинг вазифа ва функцияларини тегишли Тошкент шаҳар бош бошқармаларига ўтказган ҳолда тугатилади. 

Маълумот ўрнида, ҳозирда энг кўп ўринбосарга эга ҳоким Тошкент шаҳар ҳокими ҳисобланади: пойтахт ҳокимида 9 нафар ўринбосар бор. Вилоят ҳокимликларида эса 6-8 нафар ўринбосар фаолият юритади.

Мавзуга оид