Ўзбекистон | 07:20 / 02.05.2023
449844
20 дақиқада ўқилади

Янги конституция. 10 та асосий ўзгариш

Ўзбекистоннинг 65 фоизга янгиланган ва анча “тўлишган” бош қомуси 1 майдан эътиборан кучга кирди. Kun.uz ўзгаришларнинг энг муҳимларини санаб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди. Бунга 30 апрел куни бўлиб ўтган референдум натижасига кўра 11 та моддадан иборат тегишли қонуннинг қабул қилиниши асос бўлди. Бу қонуннинг 1-моддасига Конституциянинг янги таҳрири илова қилинган.

Бунга қадар 1992 йилдан буён констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман, расмийларга кўра, конституция 65 фоизга янгиланган.

Қуйида Kun.uz назаридаги энг муҳим ўнта йўналишда рўй берган ўзгаришлар ҳужжатдаги кетма-кетлик бўйича келтириб ўтилади.

1. Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат

Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи қуйидагича ўзгартирилмоқда:

  • Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Бошқарувнинг республика шакли – давлат ҳокимиятининг олий органлари халқ томонидан муайян муддатга сайланишини англатади. (Конституция нормаларига расмий шарҳлар ҳозирча йўқ, шу сабабли ундаги норма ва тушунчаларга таҳририят умумқабул қилинган доирада, мустақил изоҳ бериб ўтмоқда).

Суверен давлат – ўз ҳудудида тўла-тўкис мустақил ҳукмронлик ва мутлақ юрисдикцияга эга бўлиш демакдир.

Демократия эса халқ ҳокимиятини ифода этиб, давлат бошқарувида сайланиш ва ўз вакилларини сайлаш орқали барчанинг тенг ҳуқуқли иштироки таъминланишини кўзда тутади.

Ҳуқуқий давлатда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.

Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.

Дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позицияни эгаллайди.

Янги конституциянинг 154-моддаси билан, 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди шунингдек, 154-модданинг ўзидаги айнан шу қоидадан иборат банд ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Бошқача айтганда, бу норма – Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.

2. Конституция тўғридан тўғри амал қилади

15-моддага қуйидагича қўшимча қўшилди:

  • Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан судга мурожаат қилишга имкон беради.

Референдумда қабул қилинган қонунга биноан, Олий суд 3 ой ичида тегишли Пленум қарорини қабул қилиши керак. Бу қарор асосида судлар томонидан конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти жорий этилади.

3. Имтиёзлар қонунда ёзиб қўйилиши шарт эмас

Янги конституциянинг 19-моддаси (аввалги 18-модда) – фуқароларнинг жинси, миллати, мавқейи ва ҳоказолардан қатъи назар қонун олдида тенглиги ҳақида. Бу модданинг 2-қисми қуйидагича ўзгармоқда:

  • Эски: Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
  • Янги: Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.

Бу билан конституциянинг амалда ишламай келган нормаларидан бири реал воқеликка мослаштирилмоқда. Амалиёт шундайки, турли жабҳалардаги имтиёз ва преференциялар нафақат қонунлар асосида, балки кўп ҳолатларда қонуности ҳужжатлар – қарор ва фармонлар асосида бериб келиняпти.

4. Барча ноаниқликлар – инсон фойдасига

Конституциянинг янги таҳририга асосан:

  • Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Ижтимоий муносабатлар чексиз шаклларга эга, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ кодификация қилиб чиқиш амалда имконсиз.

Эндиликда, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.

Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.

5. Инсон ҳуқуқлари ижтимоий ахлоқ ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида чекланиши мумкин

Ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланиши масаласи аввалги конституцияда қуйидаги иккита норма билан тартибга солинган эди:

  • Инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
  • Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Конституциянинг янги таҳририда юқоридаги иккита норма деярли ўзгаришсиз сақлаб қолинди. Шу билан бирга, қуйидагича янги норма қўшилди:

  • Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Ҳуқуқлар чекланишига доир бу меъёрлар, янги конституциянинг бошқа бир моддасига асосан, сўз эркинлиги ҳуқуқига ҳам тегишли. Яъни ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи фақат конституциявий тузумни, аҳоли соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик мақсадида чекланиши мумкин.

Таъкидлаш лозим, “ижтимоий ахлоқ” тушунчаси Ўзбекистон қонунчилигига ҳали киритилмаган. Ушбу тушунча ҳамда мазкур модда бўйича инсон ҳуқуқлари “жамоат тартибини таъминлаш мақсадида” чекланиши бўйича ваколатли органнинг ҳуқуқий шарҳига зарурат бор. Ҳуқуқлар таъминланиши билан ижтимоий ахлоқ ва жамоат тартибини сақлаш ўртасидаги олтин ўрталик аниқ белгилаб қўйилиши керак. Шу билан бирга, юқорида айтганимиздек, конституцияга биноан эндиликда барча ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилади.

Шу ўринда, намойишларга оид моддани ҳам эслатиб ўтиш ўринли. Бу модда аввалги ҳолида, ўзгаришларсиз сақлаб қолинди:

  • Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

6. Ўқитувчилар алоҳида эътирофда

Конституцияга ўқитувчилар ҳақида модда қўшилди. У икки банддан иборат:

  • Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
  • Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Шу тариқа, устозлар ҳуқуқ соҳаси вакили бўлмаган, лекин олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди. Конституцияда номи келтирилган ўқитувчилардан бошқа касб эгаларининг барчаси – ҳуқуқ соҳаси вакиллари (судялар, прокурорлар ва адвокатлар). Бошқа ҳолатларда касб эгалари эмас, соҳалар ҳақида гап кетган (масалан, оммавий ахборот воситалари, турли жамоат бирлашмалари).

7. Ер хусусий мулк бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2022 йилдан эътиборан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бошланган. Шу билан деярли бир вақтда, ўтган йили эълон қилинган янги конституция лойиҳасининг бирламчи версиясида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хусусийлаштириш мумкин эмаслигига ишора қилинган эди. Якуний талқиндан бундай чеклов олиб ташланди ва ерни хусусийлаштиришга оид норма қуйидагича шаклга келтирилди:

  • Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Бош қомуснинг ўтган йили эълон қилинган биринчи лойиҳасида унга қуйидагича жумлани киритиш таклиф этилган эди: “Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди”. Якунда бу борадаги нормалар қуйидагича кўриниш олди:

  • Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади.
  • Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.

Ҳужжатнинг бирламчи лойиҳасида мавжуд бўлган: “Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди” деган нормани конституцияга киритмасликка қарор қилинди. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликда ҳам бунақа қоида йўқ.

8. ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади

Аввалги конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” номли боби битта моддадан иборат эди. Унда шундай дейилганди: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.

Янги конституцияга кўра, бу боб иккита моддадан иборат бўлди:

  • Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.
  • Цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Асосий янгилик – ОАВ фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарлик конституция даражасида белгиланди. МЖтК ва Жиноят кодексларига тегишли жавобгарлик киритилиши ҳақида 4-5 йилдан бери гапириб келинади, лекин уларнинг барчаси оғизда ва қоғозда қолиб кетмоқда.

Эндиликда, референдумда қабул қилинган қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликни янги конституцияга мослаштириш дастурини 2 ой муддат ичида ишлаб чиқиб, парламентга киритиши керак.

9. Давлат бошқарувидаги ўзгаришлар. Президентнинг ваколат муддати 7 йил бўлди

Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясига биноан:

▪ Президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Президентнинг “давлат бошлиғи” мақоми сақлаб қолинди. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ президент бўлиши мумкин эмаслиги, президентнинг қасамёди матни ва президентга тааллуқли бошқа аксарият нормалар ҳам ўзгаришсиз қолдирилди. Маълумот учун, президентнинг ваколат муддати 2003 йилда ҳам 5 йилдан 7 йилга узайтирилган, 2011 йилда эса қайтиб 7 йилдан 5 йилга туширилган эди.

▪ Бош вазир номзодини энди ғолиб партия эмас, президент тақдим этади. Президент бош вазир номзодини тақдим этишдан олдин парламентга кирган барча партияларнинг фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши белгиланди. Қонунчилик палатаси президент тақдим этган номзодни кўриб чиқади, агар депутатларнинг ярмидан кўпи маъқулласа, бош вазир лавозимга тасдиқланади. Агар депутатлар номзодни уч марта рад этса, президент бош вазирни тайинлаб, Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли. Эслатиб ўтамиз, аввалги тартибга кўра, бош вазир номзодини Қонунчилик палатасида энг кўп ўринни эгаллаган партия таклиф қилар, президент маъқуллагач, номзод икки палата томонидан тасдиқланиши талаб этиларди.

▪ Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга туширилади. 14 та ҳудуддан 6 нафардан эмас, 4 нафардан сенатор сайланади, президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони 16 нафардан 9 нафарга қисқаради. Бу ўзгариш 2024 йилда бўладиган парламент сайлови вақтида кучга киради. Қонунчилик палатаси депутатлари сонини (150 нафар) оширмасликка, ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилинди.

▪ Бош вазирни тайинлаш ва унга ишончсизлик вотуми билдиришда Сенатнинг иштироки бекор қилинди. Эндиликда бунинг учун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисми овоз бериши етарли (аввал ҳар икки палата аъзоларининг учдан икки қисми овоз бериши зарур эди; эслатиб ўтамиз, ишончсизлик вотуми эълон қилинса, президент бош вазирни лавозимидан озод этади). Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш ҳам қуйи палатанинг ваколатига ўтказилди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ваколатига эга бўлди.

▪ Коррупцияга ва монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларини президент тақдимига биноан сайлаш Сенатнинг ваколатига киритилди. Сенат, шунингдек, энг юқори рангдаги суд мансабдорларини сайлайди, бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раислигига номзодларни кўриб чиқиб маъқуллайди, ДХХ раислигига номзод бўйича президент билан маслаҳатлашув ўтказади, Марказий банк раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, хориждаги асосий дипломатларни тайинлайди ва лавозимидан озод этади (буларнинг барчаси президент тақдимига биноан амалга оширилади). Бундан ташқари, Сенат маҳаллий кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ваколатига эга бўлди.

▪ Қонунчилик палатаси қонунлар бўйича қўшимча ваколат олди. Унга кўра, эндиликда Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида 60 кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси қонунни президентга юборади. Қонунларнинг президент томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун белгиланган муддат 30 кундан 60 кунга узайтирилди. Президент томонидан қайтарилган қонун парламент палаталари томонидан яна қабул қилинган тақдирда, президентнинг бу қонунни имзолаш ва эълон қилиш муддати ўзгаришсиз (14 кун) қолдирилди.

▪ Президент муддатидан илгари президент сайловини тайинлашга ҳақли экани белгиланди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ва Сенатга ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати берилди (палата аъзоларининг камида учдан икки қисмининг овози талаб этилади). Шунингдек, жиддий воқеалар рўй берганида, икки палата қўшма қарор қабул қилган ҳолда парламент текшируви ўтказиши мумкинлиги ёзиб қўйилди.

▪ Судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Конституцияга қўшилган бу норма бўйича ҳам ҳуқуқий шарҳга зарурат бор. “Судлар тўғрисида”ги қонунда “ҳисобдор” тушунчаси учрамайди. Судяларнинг ўзлари чиқарган қарорлари бўйича ҳисобдор бўлмаслиги одил судловни таъминлашга қандай таъсир қилиши – изоҳталаб ҳолат, бизнингча. Бу каби мавхум қоидалар пировардида янги конституцияни унинг тарғиботида кўп марта айтилган ва ҳужжатнинг ўзида ҳам белгиланган тўғридан тўғри ишлайдиган қонун бўлишини савол остида қолдиради.

▪ Конституциявий суд судялари 10 йил муддатга сайланади ва қайта сайланиши мумкин бўлмайди. Аввалги тартибга кўра, бу муддат биринчи марта сайланганида 5 йил, кейингисида 10 йил эди.

Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ битта лавозимни эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида, президентдан ташқари, Сенат раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Олий суд раиси ва ўринбосари, Судьялар олий кенгашининг раиси ва ўринбосари, Марказий сайлов комиссияси раиси, бош прокурор, ҳокимлар ва кенгашлар раисларига нисбатан ҳам татбиқ этиладиган бўлди.

Референдумда қабул қилинган қонуннинг 7-моддаси билан, барча даражадаги давлат мансабдорларининг айни пайтга қадар эгаллаб келган муддатлари ноллаштирилди. Улар лавозимларини эгаллаб келаётганининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар, бошқа фуқаролар билан тенг равишда худди шу лавозимларга сайланиш ва тайинланишга ҳақли, деб белгиланди.

10. Маҳаллий давлат ҳокимиятидаги ўзгаришлар. Ҳокимлар кенгаш раислигидан кетади

Маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик ва ижро этувчи органлар бир-биридан ажратилмоқда. Бу борадаги ҳозирги тартиб ҳокимиятнинг бўлиниш ва ҳокимият бўғинларининг ўзаро тийиб туриш принципига зид. Бош қомуснинг янги таҳририга асосан, бунга барҳам берилиб, маҳаллий кенгашлар сайланадиган вакиллик органлари, ҳокимликлар эса ижро органлари деб белгиланмоқда.

Шунга мувофиқ, қуйидаги саналардан бошлаб, ҳокимларнинг кенгашларда раислик қилишига барҳам берилади:

  • вилоятларда ва Тошкент шаҳрида 2024 йилги депутатлик сайловлари якунлари бўйича;
  • туман ва шаҳарларда 2026 йил 1 январдан бошлаб.

Маҳаллий кенгашлар раислари кенгаш депутатлари орасидан 5 йил муддатга сайланади. Ҳокимлар эса 5 йил муддатга тайинланади, тайинланган ҳокимни кенгашлар тасдиқлайди. Шу тариқа, кенгаш раислари ҳам, ҳокимлар ҳам тўғридан тўғри аҳоли томонидан сайланмайди.

Кенгашларнинг ваколатларига, жумладан, қуйидагилар киради:

  • маҳаллий бюджетни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, унинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини тасдиқлаш;
  • ҳокимни лавозимга тасдиқлаш, унинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш.

Ҳокимларнинг ваколатлари эса, жумладан, қуйидагилардан иборат бўлади:

  • конституция ва қонунларни, парламент палаталарининг қарорларини, президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари кенгашларининг қарорларини бажариш;
  • ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш.

Ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби бўйича алоҳида қонунлар қабул қилинади. Маҳаллий масалалар бўйича уларнинг ваколатлари қандай тақсимланиши ана шу қонунларда акс этади.

***

Юқоридагилардан ташқари, конституцияга бошқа кўплаб нормалар ҳам қўшилган, жумладан:

  • Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади.
  • Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
  • Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
  • Ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
  • Давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев конституция ислоҳоти ҳақида 2021 йил 6 ноябр куни, иккинчи президентлик муддатига киришиши юзасидан инаугурация маросимидаги нутқида биринчи марта айтиб ўтган эди. Давлат раҳбари ўша йили декабр ойида, конституция байрами арафасида халққа йўллаган табригида: “конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаш” зарурлигини таъкидлаган эди. 2022 йил май ойида конституциявий комиссия тузилиб, ҳужжатни янгилаш жараёни бошланди.

Расмийларга кўра, конституция қабул қилинган кун сифатида бундан кейин ҳам 1992 йил 8 декабр санаси эътироф этилади, 8 декабр – байрам санаси ўзгармайди.

Комрон Чегабоев тайёрлади.

Мавзуга оид