Жаҳон | 21:12 / 27.05.2024
4163
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия конституциясини янгилаш зарурлиги ҳақида гапирди

Туркия раҳбари амалдаги конституция давлат тўнтарувчилари томонидан ишлаб чиқилганини таъкидлади. 

Фото: Anadolu Agency

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған янги конституцияни қабул қилиш зарурлигини айтди, чунки амалдаги конституция «сиёсатга ишончни сусайтиради» ва «олға боришимизга имкон бермайди», деб хабар берди NTV Haber. 

«Конституция меъёрлар иерархиясининг энг юқори поғонасида туради... Агар 1921 ва 1924 йиллардаги конституцияларни истисно қилсак, барча конституцияларимиз васийлик кўрсатмалари асосида яратилган ва халққа тиқиштирилган. Биз амалдаги конституция билан олдинга силжишда давом эта олмаймиз, унинг асоси давлат тўнтарувчилари томонидан ишлаб чиқилган, тили эса муаммоли элитанинг консенсусини акс эттиради. Мен буни миллий бурч деб биламан», деди Эрдўған 1980 йилда мамлакатдаги ҳарбий тўнтариш санасига бағишланган «Кучли Туркия» симпозиумида. 

Эрдўған Туркияга либерал конституция зарурлигини қўшимча қилди. Шунингдек, у мамлакатдаги барча сиёсий кучларни ўзгаришларни тайёрлашда иштирок этишга чақирди. 

Мамлакатнинг амалдаги конституцияси, деди Эрдўған, «миллатнинг ғоялари, талаблари ва муаммолари ҳисобга олинмаган ҳолда» яратилган. 

Туркияда амалдаги конституция 1982 йилда умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган. Унинг матни муаллифлари давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келган ҳарбийлар эди. 2007, 2010 ва 2017 йилларда ҳужжатга ўзгартиришлар киритилди. Эрдўған янги конституция ҳақида 2021 йилдан бери гапирмоқда.

Мавзуга оид