10 йиллик уруш якуни: НАТО томонидан Югославиянинг бомбардимон қилиниши нотўғри бўлганми?
1999 йилда НАТО самолётлари Югославияни бомбардимон қилади. Бундан мақсад Болқон яриморолида зўравонлик қилаётган сербларни тийиб қўйиш эди. Бомбардимон оқибатида Югославия таркибида бўлган Сербиянинг кўплаб ҳарбий объектлари, давлат ташкилотларининг бинолари вайрон бўлади. Шундан сўнг серблар Косоводан ўз ҳарбийларини чиқариб олади ва минтақада узоқ кутилган тинчлик ўрнатилади.
1990-йиллар бошида Евросиёда иккита йирик иттифоқ парчаланиб кетди. Улардан бири, узоқ вақт мобайнида дунёнинг иккинчи қутби сифатида АҚШга рақобат қилган СССР бўлса, иккинчиси Болқон ярим оролида жойлашган Югославия социалистик федератив республикаси эди.
Ўша пайтда айрим ҳудудлардаги кичик тўқнашувларни айтмаганда СССР нисбатан тинч парчаланди. Бироқ Югославиянинг парчаланиши қарийб 10 йил давом этган этник урушларга сабаб бўлди.
СССРда бўлгани каби Югославия таркибидаги иттифоқдош республикалар ҳам 1991 йилда ўз мустақиллигини эълон қила бошлайди. Бу иш Югославияда асосий ҳукмдор бўлган Сербия республикаси ва мамлакатни бошқараётган серб раҳбарларга маъқул келмайди. Улар ўз қўл остидаги ҳудудларни йўқотишни истамасди.
Шундан сўнг расмий Белград мустақиллик эълон қилган республикаларнинг танобини тортиб қўйиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлайди.
Шу тариқа кенг миқёсда қуролли можаролар бошланади. Гарчи давлат парчаланиб кетган бўлса-да, ўзини ҳануз Югославия деб аташда давом этаётган Сербия ҳарбийлари бир вақтнинг ўзида Босния, Хорватия ва Словенияга бостириб киради.
Кўп ўтмай қуролли можароларга Сербия таркибида бўлган, асосан мусулмон албанлар яшайдиган Косово аҳолиси ҳам қўшилади. Шу тариқа серблар бир нечта фронтда уруш олиб бориб, этник тозалашлар ўтказади ва кўплаб одамларни қириб юборади.
Ҳарбий тўқнашувлар қарийб 10 йил давом этади. Охир-оқибат 1999 йил баҳорда БМТнинг тегишли резолюцияси билан НАТО самолётлари Югославияни бомбардимон қилади. Шундан сўнг ҳолдан тойган серблар тинчлик битимини имзолашга мажбур бўлади.
Югославия иттифоқининг тарихи
Биринчи жаҳон урушигача Югославия деган давлат бўлмаган. Болқон ярим оролида жойлашган Босния Австрия-Венгрия империяси таркибида, Сербия ва Хорватия алоҳида давлатлар бўлишган. Ўша урушда серблар Антанта томонида туриб урушади.
Урушда Германия енгилгач унинг иттифоқчиси Австрия-Венгрия парчаланиб кетади. Шундан сўнг Сербия қироллиги ўз атрофидаги Хорватия, Босния, Словения ва Чергория ҳудудларини ўзига бўйсундиради. Иккинчи жаҳон урушигача вазият шундай бўлиб келади. Уруш пайтида хорватлар бир муддат мустақил қироллик бўлишади. Бироқ уларнинг мустақиллиги узоққа бормайди.
Уруш тугагач серб коммунистлари совет армияси ёрдамида Югославия таркибидаги ҳудудларни мустақил бўлишига йўл қўйишмайди. Олтита иттифоқдош республика – Сербия, Хорватия, Босния, Черногория, Македония ва Словения ягона Югославия социалистик федератив республикасига айлантирилади.
Гарчи бу давлат ҳам расмий равишда СССРдагидай «тенг ҳуқуқли республикалар»дан иборат бўлса ҳам амалда бошқа халқларда ҳеч қандай ҳуқуқ бўлмаган.
Мамлакатдаги бошқарув расмий равишда федерация кўринишида бўлса ҳам, СССРда руслар ҳукмрон миллат бўлгандай, Югославияда серблар ҳукмрон эди. Иттифоқдош республикалар инон-ихтиёри пойтахт Белград измида бўлади. 1980-йиллар охиригача Югославия аҳолиси шу тахлитда яшайди.
1990 йилда СССР таркибидаги республикаларида мустақиллик учун бошлаган ҳаракатларнинг акс-садоси Югославияга ҳам етиб боради. Бу давлат таркибидаги иттифоқдош республикаларда ҳам мустақиллик ҳаракатлари бошланади.
Ана шундай вазиятда аввалига 1991 йил 25 июнда Словения ва Хорватия, 8 сентябр куни Македония, 1992 йил 28 февралда Босния ўз мустақиллигини эълон қилади.
Югославия иттифоқи таркибида Сербия ва Черногория қолади. Серлар қўл остидаги йирик давлатнинг парчалинишига ва иттифоқдош республикаларнинг мустақил бўлиб кетишига асло рози эмасди.
Улар ўзбошимча республикаларни қурол кучи билан тийиб қўйишга киришади. Оқибатда собиқ Югославия республикалари ўз мустақиллигини қон тўкиб, жон бериб ҳимоя қилишга мажбур бўлади.
Қуролли низолар бошланиши
Ўша пайтда собиқ иттифоқдош республикалар аҳолисининг маълум қисмини ҳам серблар ташкил этар. Улар Югославиянинг парчаланишига қарши эди.
Сербия ана шундан ҳам фойдаланади ва бошқа республикалар таркибида яшаб келган сербларни қуроллантиради. Шунингдек, Югославия таркибидаги республикалар аҳолисининг бир қисми мусулмонлар, яна бир қисми насронийликнинг католик мазҳабига эътиқод қиларди. Улар мустақилликни ёқлаб чиққанди.
Насронийликнинг православ мазҳабига эътиқод қилган серблар мустақил бўлган республикаларни ўзига бўйсундиришни хоҳлар экан, улар мусулмонларга ва католикларга қарши қурол кўтариб чиқишади.
Шу тариқа иттифоқдош республикаларнинг мустақиллик эълон қилиши ортидан бошланган уруш этник ва диний тус олади. Энг кучли тўқнашувлар ва этник тозалашлар Боснияда содир бўлади.
1991 йил маълумотларига кўра, бу ерда аҳолининг 31,2 фоизи мусулмон боснияликлар, 17,4 фоизи серб-православлар, 17,4 фоизи хорватлар (уларнинг бир қисми мусулмонлар қолгани католиклар), қолгани эса черногорияликлар, албанлар, словенлар, лўлилар бўлишган.
1992 йилда Босния ўз мустақиллигини эълон қилади ва БМТга қабул қилинади. Шундан сўнг бу давлат таркибида яшаётган насроний серблар Боснияда Серб республикаси тузилганини эълон қилади. Улар айрим ҳудудларни ўзлариники деб даъво қилишади ва у ерлардан католик хорватларни ва мусулмон сербларни қувиб чиқара бошлашади.
Мусулмонлар Босния мустақиллигини, Серб республикасини тузганлар эса Югославия таркибида қолишни ёқлаб чиқишади. Икки ўртада қуролли можаро келиб чиққач, расмий Белград Серб республикаси армиясига ҳарбий ёрдам бера бошлайди. Мусулмонлар эса ҳимоясиз қолиб кетишади ва қатлиом қилинади.
Жумладан, 1992 йил бошида Сребреница шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлар Ратко Младич бошчилигидаги Серб республикаси армияси томонидан босиб олинади ва кўплаб қатлиомлар ўтказилади.
Ана шу қатлиомларда Сребреница шаҳри ва унинг атрофида яшовчи 10 мингга яқин мусулмон ўлдирилади ва булдозер ёрдамида кўмиб юборилади.
Сребреницадаги оғир вазиятни халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ диққат билан кузатиб турарди. 1993 йил 6 май куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши 824-сонли резолюцияни қабул қилади. Унга кўра, шаҳарча қуроллардан холи ҳудуд деб эълон қилинади БМТ тинчликпарвар кучлари жойлаштирилади.
Бироқ серблар резолюцияни тан олмайди ва унинг шартларини бажармайди. Шунингдек, Сребреницага жойлаштирилган БМТ тинчликпарвар кучлари кўз ўнгида мусулмонларни қатлиом қилишда давом этади.
Сребреницадаги хунрезлик Европада Иккинчи жаҳон урушидан буён кузатилган илк йирик оммавий қотиллик бўлганди.
Бундан ташқари, серблар Хорватияга бостириб киради ва бу ерда ҳам тинч аҳоли вакилларини қирғин қилади.
1995 йилда халқаро ҳамжамиятнинг босими билан Югославия Хорватия ва Босния билан тинчлик сулҳи имзолайди.
Тинчлик келишуви имзоланиши бўйича конференция АҚШнинг Оҳайо штатидаги Дейтон шаҳрида ўтказилади. Конференцияда Югославия президенти Слобадан Милошевич (кейинчалик этник қирғинларда айбланиб Ҳаагада суд қилинган) Босния президенти Али Иззатбегович ва Хорватия президенти Франо Тужман билан тинчлик сулҳи имзолайди.
Шундан сўнг Югославия Хорватия ва Босниядан қўшинларини олиб чиқиб кетишга рози бўлади. Бироқ кейинчалик серблар бу келишувни бир неча марта бузишади ва кичик тўқнашувлар содир бўлади.
Косоводаги вазият
Косоводаги вазият Босниядагидан бироз фарқ қиларди. Бу ўлка Иккинчи жаҳон урушигача Албания қироллиги таркибида эди. Урушдан сўнг уни Югославия куч билан ўз таркибига қўшиб олади.
Ўша пайтда Косово аҳолисининг асосий қисми мусулмон албанлар, озроқ қисми серблардан иборат эди. Серблар ўлканинг асосан Сербия билан чегараси томонда яшашарди.
1980-йиллар охиригача Косово албанлари ўлкани Югославия таркибидан озод қилиш бўйича бир неча марта норозилик намойишлари ўтказишади. Бироқ ҳаракатлар натижасиз тугайди.
1988 йилда Сербия раҳбарлигига Слобадан Милошевич келади. Бу одам радикал миллатчилик қарашлари билан машҳур эди. Шундан сўнг Косово албанлари яна бош кўтаришади.
1989 йилда Сербияда референдум ўтказилади ва унинг натижасига кўра, мухторият ҳуқуқига эга бўлган ҳудудлар миллий ўлкалар деб қайта номланади. Шу жумладан Косово ҳам. Косоволиклар бу референдумни бойкот қилишади ва унинг натижаларини тан олишмайди.
1991 йил 22 сентябр куни Косово ўз мустақиллигини эълон қилади. Иброҳим Ругова унинг биринчи президенти этиб сайланади. Албания дарҳол Косовонинг мустақиллигини тан олади.
Шундан сўнг Сербия Косовога ҳам ўз ҳарбийларини киритади ва албан партизанлари билан серб ҳарбийлари ўртасида қуролли можаролар бошланади.
Ўша пайтда кучлар тенг эмасди. Шу сабабли серб ҳарбийлари Косовонинг асосий қисмини босиб олишади ва Боснияда бўлгани каби бу ерда ҳам этник тозалашлар ўтказишади.
1996 йилга келиб Косово раҳбарияти турли партизан отрядларини ягона армияга бирлаштиради ва Косовони озод қилиш армияси тузилганини эълон қилади.
Ўшанда серблар Косоводаги кўплаб исломий маданиятга тегишли бино ва иншоотларини вайрон қилишади. Жумладан, бу ердаги 600 та масжиддан қарийб ярми, яна 65 та кутубхона вайрон қилинади ва қарийб бир миллион дона турли тарихий китоблар ёқиб юборилади.
Сербларнинг Косоводаги ҳарбий ҳаракатлари давомида қарийб 15 минг мусулмон албан ўлдирилгани маълум қилинган. Бироқ косоволиклар ўлдирилганлар ва бедарак йўқолганлар сони бундан бир неча баробар кўплигини айтишади.
Серб ҳарбийларнинг зўравонликлари авж палласига чиқққандан сўнг Ғарб давлатлари собиқ Югославиядаги урушга якун ясаш бўйича бирдамлик кўрсатишади. Икки ой ўтиб НАТО авиацияси БМТ Хавфсизлик кенгаши рухсати билан Босния ва Косоводаги серб ҳарбийлари позицияларига зарбалар бера бошлайди.
Югославия иттифоқи республикасининг бомбардимон қилиниши
1999 йил 24 март куни НАТО бош котиби Хавьер Солана ташкилотнинг Европадаги қўмондони АҚШлик Уэсли Кларкка Югославияга авиазарбалар беришга буйруқ беради.
Ўша куни тунда НАТО самолётлари Югославия пойтахти Белград, шунингдек серб ҳарбийлари жойлашган Приштина, Ужице, Нови-Сад, Крагуевац, Панчево, Подгорица ва бошқа ҳудудлардаги ҳарбий ва стратегик объектларга зарба бера бошлайди.
НАТО ҳарбийларига Албания, Болгария, Венгрия, Руминия ва Македония ҳарбийлари ёрдам беришади. 25 март куни Адриатика денгизида турган Гонсалес крейсеридан «Томагавк» ракеталари билан Югославиядаги энг йирик ҳарбий-стратегик объектлар жойлашган Нише шаҳрига зарба йўлланади.
28 март куни АҚШ президенти Бил Клинтон НАТОдаги иттифоқчилар билан маслаҳатлашиб авиаударлар сонини оширишга рухсат беради.
3 апрел куни Белградда жойлашган Югославия ички ишлар вазирлиги биносига, 6 апрел куни Приштинадаги аэродромга зарба берилади.
Шу тариқа НАТО самолётлари июн ойи бошларигача Югославиянинг кўплаб ҳарбий ва стратегик объектларини вайрон қилади. 3 июн куни Югославия президенти Милошевич капитуляция эълон қилади ва серблар қаршилик кўрсатишни тўхтатишади.
10 июн куни БМТда Косовога халқаро миссияни киритиш бўйича резолюция қабул қилинади. 11 июн куни Косово маъмурий маркази Приштина шаҳрига НАТО ҳарбийлари киради. 20 июн куни Югославия армияси Косовони ташлаб чиқади. Шу тариқа Косовода сербларнинг хунрезликларига барҳам берилади.
Шундан сўнг Косоводан қочиб чиққан албан қочоқлари ўз уйларига қайта бошлашади. 1999 йил декабргача қарийб бир миллион Косово албанлари уйига қайтади.
Бомбардимон натижасида...
НАТО бомбардимони туфайли Югославия иттифоқи республикасининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати жуда ёмонлашади.
Энг кўп авиазарбалар Приштина (374 та), Призрен (232 та), Белград (212 та), Урошавец (205 та), Жаковицу (190 та), Кралево ҳамда Ужице (145 тадан) ва Нови-Сад шаҳарларига (114 та) берилади.
Косово НАТО ҳарбийлари бошчилигидаги халқаро кучлар бошқарувига ўтади.
Кейинчалик 2008 йилда Косово ўз мустақиллигини эълон қилади ва унинг ҳудудига АҚШ ҳарбий базаси жойлаштирилади.
Уч ойлик бомбардимонлар вақтида НАТО ҳисоб-китобларига кўра, Югославия 5 минг нафардан ошиқ ҳарбий ва яна кўплаб полициячидан айрилади.
Бундан ташқари, 120 та танк, 220 та зирҳли машина, 450 та артиллерия қурилмалари йўқ қилинади.
Бомбардимондан сўнг
Югославия НАТО томонидан бомбардимон қилингач серблар мағлубиятга учрайди ва сулҳга рози бўлади.
1999 йил 3 июн куни Югославия президенти Милошевич мағлубият ҳақидаги ҳужжатни имзолагач ордан бир ҳафта ўтиб, 9 июн куни Югославия армияси ва НАТО ўртасида сулҳ келишуви имзоланади.
Келишувга кўра:
- Югославия армияси Косоводаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатади;
- 11 кун ичида Югославия армияси Косоводан олиб чиқиб кетилади;
- НАТО Югославияни бомбардимон қилишни тўхтатади;
- Югославия ва Косово чегарасида эни беш километр бўлган хавфсизлик йўлакчаси ташкил этилади;
- Косовога БМТ нинг тинчликпарвар кучларини жойлаштириш;
- 10 июн куни Югославия Косоводан ўз ҳарбийларини олиб чиқа бошлайди. Энг сўнгги ҳарбийлар – зирҳли танк бригадаси 18 июн куни чиқиб кетади.
Шундан сўнг Косово БМТ тинчликпарвар кучлари назоратига ўтади ва ўлкада узоқ кутилган тинчлик ўрнатилади.
НАТОнинг Югославияни бомбардимон қилиши нотўғри бўлганми?
Бугун Россиядаги жуда кўплаб ОАВ, сиёсатчилар ва бошқалар 1999 йилда НАТО Югославияни ноҳақ бомбардимон қилган деб билишади.
Уларга кўра бомбардимон вақтида одамлар ҳалок бўлган, аҳоли манзиллари вайрон бўлган. Бироқ улар серблар томонидан содир этилган қатлиомлар ҳақида лом-лим дейишмайди.
Россияликлардан фарқли равишда бошқалар агар ўшанда НАТО Югославияни бомбардимон қилмаса Болқондаги қуролли можаролар ва қатлиомлар тўхтамас эди деб ҳисоблайди.
Чунки собиқ Югославия ҳудудида қуролли можаролар бошланган ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида бу ерга БМТ тинчликпарвар кучлари киритилган. Бироқ улар қуролли можароларни на тўхтата олишди, на тинчлик ўрнатишди.
Масалан, Сребреницадаги қатлиомлар БМТ тинчликпарвар кучлари назорати остидаги ҳудудда содир бўлган. Бу шаҳарни серблар эгаллагач унинг яқинига Нидерландия ҳарбийларидан иборат БМТ тинчликпарвар кучлари жойлаштирилади. Ўшанда ҳаддидан ошган серблар босниялик мусулмон аҳолини нидерландиялик ҳарбийлар кўз ўнгида қатлиом қилади.
Шу сабабли кейинчалик 2017 йилда Ҳаага халқаро суди БМТ тинчликпарвар кучлари таркибида бўлган нидерландиялик ҳарбийларни 1995 йилда Сребреницада рўй берган қирғин вақтида қатлиом қилинган 7 800 босниялик мусулмоннинг ўлимига жавобгар деб топади.
1999 йилда НАТО бомбардимони Болқон ярим оролида қарийб ўн йилдан буён давом этиб келаётган қуролли можароларга чек қўяди. Серблар ўз қўшинларини олиб чиқишади. Ҳудудга узоқ кутилган тинчлик ўрнатилади.
НАТО бомбардимонига бу йил 24 йил бўлади. Ўша ишдан кейин қарийб 10 йил давомида вайронага айланган ва иқтисодиёти издан чиққан собиқ Югославия республикалари жуда катта тараққиётга эришди.
Масалан, аҳолиси бор-йўғи 3,5 миллион кишидан зиёд бўлган Босниянинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми сўнгги йилларда 20 миллиард доллардан ошмоқда. Аҳолиси 4 миллион атрофида бўлган Хорватия ЯИМ ҳажми эса 70 млрд доллардан ошган.
Бу кўрсаткич Словенияда (аҳолиси 2 млн) 60 млрд, Черногорияда (аҳолиси 600 минг) 5,5 млрд, Македонияда (аҳолиси 2 млн) 13 млрд доллардан ошиқроқни ташкил этади.
Бугун аксарият сиёсий таҳлилчилар НАТО Югославияни бомбардимон қилмаганда Болқон ярим оролидаги қуролли можаролар узоқ йилларга чўзилиши мумкинлигини таъкидлашади.
Уларга кўра НАТО бомбардимони сербларнинг зўравонлигини тўхтатган ва собиқ Югославия республикаларида тинчлик ўрнатилишида муҳим рол ўйнаган.
Югославия иттифоқининг батамом парчаланиб кетиши
1990-йиллар бошида Югославия таркибида бўлган Хорватия, Босния, Словения ва Македония ўз мустақиллигини эълон қилган, яна бир иттифоқдош республика Черногория эса унинг таркибида қолган эди.
Гарчи тўртта иттифоқдош республика мустақиллик эълон қилган бўлса ҳам Черногория серблар қўл остида қолгани учун Югославия ўз номини сақлаб қолади ва Югославия иттифоқ республикаси деб қайта номланади.
Кейинчалик, НАТО бомбардимонидан 4 йил ўтиб, 2003 йилда Югославия иттифоқ республикасининг номи Сербия ва Черногория иттифоқи деб ўзгартирилади.
2006 йилда Черногория ўз мустақиллигини эълон қилгач Сербия ва Черногория иттифоқи иккита алоҳида мустақил давлатга бўлинади ва шу тариқа сербларнинг Болқон ярим оролидаги иттифоқ давлати ва ҳукмронлиги тарихга айланади.
Ҳозир собиқ Югославия социалистик федератив республикаси ўрнида еттита мустақил давлат бор. Улардан олтитаси – Сербия, Хорватия, Босния, Словения, Шимолий Македония ва Черногрия БМТнинг тўлақонли аъзолари ҳисобланади.
Косово республикасининг мустақиллигини эса дунёнинг юзга яқин давлати тан олган. Бироқ у ҳозирча БМТГа аъзо эмас. (Маълумот учун, Россия, Беларус ва бошқа собиқ иттифоқ республикалари каби Ўзбекистон ҳам Косово мустақллигини тан олмаган).
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
15:01 / 20.12.2024
Олаф Шолц НАТО бўйича иттифоқчиларни Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди
07:52 / 19.12.2024
НАТО Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди
21:58 / 16.12.2024
Россия мудофаа вазири армияни НАТО билан урушга тайёрлашни буюрди
19:58 / 13.12.2024