«Уларни йўқ қилиш керак». Москва ва Киевда Кремлга дронлар ҳужумига қандай реакция қилишмоқда?
Россиялик депутатлар ва пропагандачилар Киев ва Зеленскийнинг қароргоҳига зарба беришга чақирмоқда. Украина «фақат мудофаа уруши олиб бораётгани»ни таъкидламоқда.
Кремл матбуот хизмати 3 майга ўтар кечаси Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига дронлар ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берди. Россия президенти бу вақтда у ерда бўлмаган. Шундан сўнг россиялик шарҳловчилар Кремлни «режа асосида ва шафқатсизлик билан» жавоб зарбалари йўллашга чақира бошлади. Киев ҳодисага алоқадорлигини рад этиб, бундай йўл тутса, бу Россияга Украинада тинч аҳолига ҳужумларни оқлаш учун асос беришини таъкидламоқда.
Кремлдаги бинолардан бири устида қора тутун ҳосил бўлгани акс этган дастлабки видео москваликлар гуруҳида тунда пайдо бўлган. Кун давомида Кремл матбуот хизмати «Кремлдаги қароргоҳга учувчисиз учар қурилмалар билан ҳужум қилишга уриниш» бўлгани ҳақида хабар берди. Шундан сўнг дронлар зарбаси акс этган яна бир қанча видеолар тарқалди.
Ҳодисага Москв ва Киевда қандай муносабат билдирилмоқда?
Жавоб зарбаларига ташналик
«Россия томони ўзи хоҳлаган жойда ва вақтда жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», дейилади Кремл хабарида.
Россиялик сиёсатчилар ва ҳукуматпараст z-блогерлар ҳам Украинага ҳужумларни кучайтиришга чақирмоқда, уларнинг фикрича, Киев «қизил чизиқ»ни босиб ўтган.
«Президентга нисбатан содир этилган теракт — бу Россияга ҳужумдир», деди Давлат думаси спикери Вячеслав Володин. Унинг сўзларига кўра, «Киев режими» (у Киевдаги ҳукуматни террорчи деб атаган) «Россия, Европа, бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солмоқда».
«Зеленский режимини қуроллар билан тўйинтирган Ғарб мамлакатлари сиёсатчилари англаши керакки, улар террорчилик фаолиятининг нафақат ҳомийси, балки тўғридан тўғри иштирокчиси ҳам бўлиб қолишди», деган у ва «Киевдаги террорчи режимни тўхтатиш ва йўқ қилиш»га қодир қуролни қўллашни талаб этган.
Давлат думасининг Қримдан бўлган депутати Михаил Шеремет Володимир Зеленскийнинг Киевдаги қароргоҳи бўйлаб зарба беришга чақирган. «Киевда террорчилар ўтириб олган, улар билан эса, барчага маълумки, музокара ўтказишдан маъно йўқ. Уларни фақат йўқ қилиш керак, зудлик билан ва шафқат қилмасдан. Зеленскийнинг Киевдаги қароргоҳига ракета зарбаси йўллаш вақти келди. Координаталарни беришга тайёрман — Банковая кўчаси, 11, ўша ерда Украина президенти администрацияси жойлашган», деган депутат.
Депутат Алексей Журавлев ҳам Киев марказини нишонга олиб зарба беришни таклиф қилган: «Президент офисини йўқ қилиш, Олий Рада, Бош штаб, Украина махсус хизматлари жойлашган биноларни бутунлай вайрон қилинг».
Россиянинг собиқ президенти, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам Украина президенти Володимир Зеленскийни «жисмонан йўқ қилиш» тарафдори эканини маълум қилди.
Ҳарбий мухбир Александр Коц Банковая кўчасига зарбалар йўллашдан маъно кўрмаслиги, «марказларга эмас, қарор қабул қилаётган одамларнинг ўзига зарба бериш кераклиги»ни айтган. Коц бу ишни «қатъий тартиб билан, режа асосида ва шафқатсиз» амалга оширишни маслаҳат қилган.
«Справедливая Россия» партияси раҳбари Сергей Мироновнинг фикрича, Кремлга ҳужум - «ҳақиқий уруш учун баҳона» ҳисобланади. «Бизда уларнинг бункерларига йўллаш учун нимадир бор. Ҳаракат қилиш вақти келди! Ортиқча мулозаматни бас қилишнинг ҳам!» дея ёзган Миронов ва бўлиб ўтган ҳодиса «Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига саволлар туғдириши»ни қайд этган.
«Балки, энди чинакамига бошланар?» дея савол қўйган RT телеканали раҳбари Маргарита Симоньян телеграм-каналида.
«Единая Россия» аъзоси, депутат Олег Морозов Володимир Зеленскийни террорчи деб эълон қилиш лозимлигини айтган. «Душманни Россияда бундай ҳаракат учун ўлим билан жазолаш имконияти борлигига амин қилувчи зарба керак», деб ҳисоблайди у.
Таниқли z-блогер Герман Куликовскийнинг «Старше Эдды» каналида Кремлга охирги марта 80 йил муқаддам ҳужум қилинганига эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, Кремлга зарба йўлланиши Украина қуролли кучларининг имкониятларидан хабардор бўлганлар учун кутилмаган ҳолат бўлмади. Канал россиялик ҳарбийларнинг «душманнинг муҳим инфратузилмалари»ни йўқ қилишни «бошлаш ва якунламаслик» амалиётини танқид қилади.
ВГТРК ходими Андрей Медведев ҳам Кремлга зарба берилиши олдиндан кутилган ҳол эди деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу уруш якунига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, ҳужумнинг ўзига эса «уч баҳо». «Ҳеч қандай фалокат йўқ. Фақат таҳқирловчи, ёқимсиз вазият бор. Аммо бу ўлдирмайди. Жанг қилишда давом этиш керак. Ўз хатоларингдан хулоса чиқариш керак», дея ёзган Медведев.
Киевнинг реакцияси
Шимолий Европа мамлакатлари саммитида чиқиш қилган Украина президенти Володимир Зеленский Киевнинг Кремлга ҳужумга алоқадорлигини рад этди.
«Биз Путинга ҳам, Москвага ҳам ҳужум қилмаяпмиз, биз ўз ҳудудимизда жанг қиляпмиз, қишлоқ ва шаҳарларимизни ҳимоя қилмоқдамиз. Бунинг учун қуролимиз ҳам етарли эмас... Шунинг учун биз уни [ҳали] бошқа жойда қўлламаймиз. Ўзимизда тақчиллик. Биз ниманидир қаердадир ишлата олмаймиз. Шунинг учун биз Путинга ҳужум қилганимиз йўқ, буни [халқаро] трибуналга қолдирамиз», деди Украина президенти Ҳелсинкида.
Ундан олдинроқ эса Кремлга ҳужум ҳақидаги хабарлар ортидан Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ўз телеграмм-каналида ўзига хос реакция қилганди, у оловни ифодаловчи уч эможини жойлаштирган, аммо кейин бу хабарни ўчириб юборганди.
Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров ҳам Киевнинг Кремлга зарбаларга алоқадорлигини рад этган.
«Бизда Кремлга тунги ҳужумлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо, президент Зеленский бир неча бор таъкидлаганидек, Украина барча мавжуд куч ва воситаларни ўз ҳудудларини озод қилишга, бошқаларга ҳужум қилмасликка йўналтиради.
Террорчи давлат сўзлари алоҳида таажжубга сабаб бўлади. Аслида теракт деб Днипро ва Умандаги уйлар подъездлари ёки Краматорскдаги вокзал ўққа тутилиши ва бошқа кўплаб фожиаларга айтилади. Кремлда содир бўлган воқеа эса шунчаки 9 май арафасида вазиятнинг кескинлашувидан далолатдир», деган у.
Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк бу ҳодисани - Россиянинг «кенг кўламли террорчилик актига тайёргарлик кўриши» деб атади.
«Украина фақат мудофаа уруши олиб бормоқда ва Россия Федерацияси ҳудудидаги объектларга ҳужум қилмаяпти. Бу бизга нега керак? Бу ҳеч қандай ҳарбий масалани ҳал қилмайди. Аммо Россияга ўзининг тинч аҳолига ҳужумларини оқлашга имкон беради», деган Подоляк.
Унинг сўзларига кўра, Россиядаги энергетика объектлари ёки Кремл атрофида номаълум дронлар пайдо бўлиши маҳаллий қаршилик кучларининг ишларидан далолат беради, холос. «Маълумки, дронларни исталган ҳарбий дўкондан сотиб олиш мумкин», дея хулоса қилган Подоляк.
Украинадаги «Слуга народа» партияси раиси Давид Арахамия ўз инсайдларига таяниб, Кремлга ҳужум Путин сабаб санкциялар остида қолиб кетган россиялик олигархлар буюртмаси билан содир этилганини тахмин қилди.
«Бу «аразлаганлар гуруҳи»нинг биринчи коллектив ўйини бўлди ва охиргиси бўлмаганига умид қиламан», деб ёзган Арахамия.
Украина ҳаво кучлари қўмондонлиги спикери Юрий Игнат бу номаълум учар жисмлар ҳужуми бўлиши мумкинлигини айтиб киноя қилди.
«Агар Россия Украина томонидан эскалацияни кўрсатишга ҳаракат қилса, Россия доим шундай қилади. Пойтахтнинг қоқ марказида бундай ишлар бўлиши — бу менга камида ғалати кўринмоқда», деган у.
Дронларга тақиқ
Кремлнинг ҳужум ҳақидаги хабаридан бироз олдинроқ Москва мэри Сергей Собянин пойтахтда дрон учиришга тақиқ жорий этди. Фақат «давлат ҳокимияти органлари қарори билан фойдаланиладиган» аппаратлар учун истисно қилинган.
Депутат Александр Хинштейн учувчисиз учиш аппаратларни қонунчилик билан тартибга солишни таклиф этди. «Шубҳасиз, хавфсизлик масалаларига бавосита дахлдор бўлган ушбу муҳим масаланинг барча соҳаларини қатъий тартибга солувчи қонунлар мажмуасини зудлик билан ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур», дея ёзган депутат.
Бошқа бир депутат Алексей Журавлев «Кремлда ва бошқа жойларда дронларни тўсувчи эскадрилья шакллантириш»ни таклиф қилди.
Парад бекор қилинмайди
Кремля ҳужум «Ғалаба куни, кўплаб хорижий меҳмонлар ҳам иштирок этиши кутилаётган 9 май байрами арафасида» амалга оширилганига эътибор қаратган. Шу билан бирга, президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков парад барибир ўтказилиши ва Путин 9 майни нишонлашда иштирок этишини маълум қилган.
Шунингдек, Песков Путин одатий режимда ишлашда давом этаётгани, бугун - Ново-Огареводаги қароргоҳида ишлаётганини айтган.
Мавзуга оид
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
15:13 / 21.12.2024