Ўзбекистон | 11:22 / 10.05.2023
21431
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Вилоят ССБнинг аввалги бошлиғи Тўрақул Арзиқулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Улуғбек Абдуфаттоҳович Абдуғаниев Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Улуғбек Абдуғаниев 2008 йил Тошкент тиббиёт академиясини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Бекобод туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида жарроҳ-шифокор сифатида бошлаган.

Кейинчалик Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг катталар қабул бўлими ва жарроҳлик бўлими жарроҳи, Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси хирургия бўлими шифокори, Бекобод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ҳамда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари каби вазифаларда хизмат қилган.

39 ёшли У. Абдуғаниев тайинловга қадар Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятида шуъба бош мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тошкент вилояти ССБга 2018 йил январидан буён Тўрақул Арзиқулов раҳбарлик қилиб келаётганди. У энди қайси лавозимга ўтказилгани маълум эмас.

Мавзуга оид