Жаҳон | 12:50 / 11.05.2023
11197
2 дақиқада ўқилади

Лондондаги разведка: Россия Мудофаа вазирлиги маҳбусларни ёллаяпти

Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги 2023 йил бошидан бери Украинага қарши уруш олиб бориш учун маҳбусларни жалб қилмоқда. 

Фото: Vladimir Smirnov / TASS

Илгари "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси маҳкумларни урушга ёллаш билан шуғулланганди. 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, фақат 2023 йил апрел ойида 10 000 га яқин маҳбус фаол армия бўлинмалари сафига қўшилган бўлиши мумкин. 

Ушбу кампания Россияда аҳоли орасида номақбул бўлган янги сафарбарликнинг олдини олиш учун ходимлар сонини ошириш мақсадида бошланган, дейилади хабарда.

Аввалроқ "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси Россияда спорт клублари негизида бир нечта ёллаш марказларини очганди. Бу ҳақда 4 март куни Россиянинг Украинага қарши уруши воқеаларини ҳар куни сарҳисоб қилиб борувчи Америка урушни ўрганиш институти (ISW) маълум қилган. 

Хабарда таъкидланганидек, "Вагнер" ХҲКга қабул қилиш пунктлари Ростов-Дон шаҳридаги "Антарес" спорт клубида, Тюменда бокс федерацияси биносида, Самарада "Динамо" спорт жамияти биносида очилган. Бундан ташқари, "Вагнер гуруҳи"нинг ўз маълумотларига кўра, Москвадаги саккизта спорт клуби негизида қабул қилиш марказлари иш бошлаган.

ISW "Вагнер" ХҲК маҳбусларни ёллашдаги тўсиқлар туфайли янги ишга қабул қилиш каналини яратмоқда, деб ҳисоблайди. Пригожин 9 февралдаёқ бу қарор сабабларини тушунтирмасдан, хусусий ҳарбий компания маҳбусларни ёллашни бутунлай тўхтатганини эълон қилди. Март ойи бошида у, шунингдек, ХҲК "шахсий таркиб билан, шу жумладан маҳбуслар билан тўлдирилишига йўл қўйилмаслигини" айтди. 

Мавзуга оид