Эрдўған ҳақида фактлар. Футболчиликдан Туркиянинг алмашмас ҳукмдорлигига йўл
20 йилдан буён ҳокимиятда қолаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған биринчи бор сайлов якунларига кўра ўз постини бой бериш хавфи остида қолди. Қуйида мамлакатнинг алмашмай келаётган етакчиси ҳақидаги асосий фактлар келтирилади.
Ражаб Тоййиб Эрдўған 1954 йил 26 февралда, Истанбул шаҳрида соҳил қўриқлов хизматчиси оиласида дунёга келган, 13 ёшига қадар Ризо шаҳрида яшаган.
Болалигидан диндор бўлган, диний лицейга қатнаган. Истанбулдаги Мармара Университетининг иқтисодиёт факултетида ўқиш чоғида исломий Миллий нажот партияси ёшлар қанотига аъзо бўлиб, ўз қарашларини узил-кесил белгилаб олган ва шу ерда сиёсий фаолиятини бошлаган.
1969 йилдан 1982 йилга қадар бўлган муддатда футбол билан шуғулланган, ярим профессионал даражадаги клубларда тўп сурган, аммо тўлиқ сиёсат билан шуғулланиш учун спортдаги фаолиятини тўхтатган.
У ҳокимиятга қандай келганди?
Майдон ўртасида жойлашган кичик саҳнада турган костюм кийган ва галстук таққан ўрта ёшли киши шеър ўқийди. «Масжидлар — бизнинг казармаларимиз, уларнинг гумбазлари — бизнинг дубулғаларимиз, миноралар — бизнинг найзаларимиз, ва иймонимиз — бизнинг аскарларимиз», — дейди у ишонч билан микрофонни тутган қўлларини осмонга кўтариб. «Аллоҳу акбар», — дея овоз келади йиғилганлардан. Бу воқеа — консерваторларнинг 1997 йил 6 декабрида Сиирт шаҳрида ўтказган митингида бўлганди, саҳнадаги эркак эса — Истанбул шаҳрининг ўша вақтдаги мэри Ражаб Тоййиб Эрдўған эди. У айтган жанговар сатрлар туркиялик шоир ва педагог, пантуркизм мафкурачиларидан бири Зиё Гўкалпдан иқтибос эди.
Бу вақтга келиб Эрдўған таниқли сиёсатчига айланиб улгурганди. У 1994 йилдан 1998 йилга қадар Истанбулга ҳокимлик қилади ва маҳаллий аҳоли уни харизмали сиёсатчи ва бошқарувчи сифатида биларди. Қолаверса, имомлар мактабини битирган Эрдўған ислом қадриятлари ҳимоячиси сифатида ҳам намоён бўлганди, алкогол сотувига қисман чеклов ўрнатади.
Найзалар, иймон ва аскарлар ҳақидаги шеър учун Эрдўған тўрт ойни қамоқда ўтказишига тўғри келади: 1998 йил сентябрида суд уни «миллатлараро низо ва адоват қўзғатиш»да айбдор деб топади, ҳолбуки исломий мазмундаги бу шеър Туркияда тақиқланмаганди ва мамлакат таълим вазирлиги томонидан ўқиш учун тавсия этилган тўпламларга киритилганди.
Шу тариқа, камолчилик тарафдорлари — замонавий Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг дунёвий мафкураси тарафдорлари исломчиларнинг кучайиб бораётган фаоллигини сўндиришга ҳаракат қилганди. Бунинг учун уларда имконият мавжуд эди: камолчилик ҳарбийлар, жумладан юқори мартабали ҳарбий бошлиқлар орасида кенг тарқалган, ўша вақтда армиянинг Туркия ҳаётида тутган ўрни эса беқиёс эди. Бундан ташқари, камолчиларда судга тўғридан тўғри босим ўтказиш воситалари мавжуд эди.
Бу суд жараёни Эрдўғанга кучли таъсир кўрсатгани айтилади: у ҳокимиятга келганидан кейин ҳарбийларни сиёсий жиҳатдан кучсизлантириш учун жуда кўп иш қилади. Аммо Туркия ҳаётида катта рол ўйнаган яна бир воқеа бўлиб ўтганди. Бу 1997 йил 28 февралида рўй беради ва тарихга «постмодерн давлат тўнтариши» сифатида киради — ўшанда мамлакатда ҳокимият ўзгариши учун авваллари бўлганидек ҳарбийлар ҳаракат қилиши шарт бўлмаган, уларнинг сўзлари етарли бўлганди.
Ўша куни ҳарбий орган — Туркия Миллий хавфсизлик кенгаши — фавқулодда йиғилиш ўтказади ва ўша вақтдаги ҳукмрон партия бўлган исломий «Рифоҳ» партиясини (Фаровонлик партияси) ҳокимиятдан четлатишни қатъий тавсия қилади. Бу партия 1983 йилда, турк жамиятида яна ислом ғоялари оммалаша бошлаётганида тузилганди. Аъзолари сафида Эрдўған ҳам бўлган «Рифоҳ» Туркияда шариат нормаларини ёйиш тарафдори эди. 1994 йилда Эрдўған Истанбул мэрлигига шу партиядан сайланганди.
«Постмодерн давлат тўнтариши» оқибатида Туркия ҳукумати истеъфога кетади, «Рифоҳ» тугатилади, бир неча йил ўтиб Туркияда исломчилар икки лагерга ажралади. Биринчиси — «анъаначилар»нинг консерватив қаноти «Саодат» партиясини тузади (Бахт партияси деб ҳам аталувчи бу партия бугунги кунда Эрдўғанга қарши мухолифат коалициясига кирди). Иккинчиси — ҳаракатни сиёсий янгилаш ва бошқа кучлар ҳамкорликка чақирган мўътадил ислом тарафдорлари бўлган «янгиловчилар» эди.
«Янгиловчилар» Эрдўған бошчилигида «Адолат ва қалқинма» (Адолат ва тараққиёт партияси) партиясини тузишади. Бу вақтга келиб у радикалликдан чекинган ва мўътадиллик линиясини тутганди. Нолинчи йиллар бошида эса ҳеч қанақасига исломчи эмаслигини қатъий туриб айтган. Унинг Адолат ва тараққиёт партияси ўзини бозор иқтисодиёти ва Европа Иттифоқига қўшилиш тарафдори бўлган консерватор демократларни бирлаштирувчи куч сифатида намоён этади. Кейинроқ, бош вазир бўлиб олганида Эрдўған халқ унга ва унинг тарафдорларига «демократия миссиясини амалга ошириш»ни ишониб топширганини айтади.
Унинг партиясининг машҳурлиги тезлик билан ошиб боради ва кўпчилик буни Эрдўғаннинг шахсияти билан боғлайди. 2002 йилда партия парламент сайловларида иштирок этади ва сайловолди кампанияси вақтида унинг етакчиси фаолиятини Истанбул кўчаларида сув, лимон ва бўлка сотиш билан бошлаган қашшоқ оиладан чиққанига урғу қаратилади. Аммо Эрдўғаннинг харизмаси унинг партияси муваффақиятининг ягона сабаби эмасди. Туркиядаги ўша сайловларга сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир молиявий инқироз сабаб бўлган, шунингдек, бир неча йил олдин, 1999 йилда қарийб 20 минг кишини ҳаётдан олиб кетган вайронкор зилзила рўй берганди. Ҳукуматнинг бу вазиятга реакцияси турк жамоатчилигининг ҳафсаласини пир қилган ва одамлар уларни қора кунлардан олиб чиқувчи етакчига эҳтиёж сезаётганди.
Натижада ўша вақтда 48 ёшда бўлган Эрдўған ва унинг ёш партияси 34,3 фоиз сайловчилар ишончини қозонади ва партия ҳамон Туркияда ҳокимият тепасида қолмоқда.
Адолат ва тараққиёт партиясининг сайловлардаги ғалабасидан бир йил ўтганида Эрдўған парламентга аъзо бўлиш имкониятини кутаётганди — судлангани унга Буюк миллий йиғилиш депутати бўлишига имкон бермасди, ўз навбатида бош вазир бўлишига ҳам (у депутатлар орасидан сайланарди). 2003 йилда қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан кейин у аввалига депутат бўлади, кейин эса бош вазирлик лавозимини эгаллайди. Унгача ҳукуматга унинг ўринбосари Абдуллоҳ Гул раҳбарлик қилаётганди.
У 2014 йилдан 2017 йилгача, уч ярим йил давомида Адолат ва тараққиёт партияси аъзолигини тўхтатганди, чунки Туркия қонунчилиги президентга қайсидир сиёсий куч вакили бўлишга йўл қўймасди. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумдан кейин бу банд бекор қилинади ва Эрдўған яна партия раҳбарлигига қайтади.
2016 йил 15 июлида Эрдўған Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берганини эълон қилади ва бунда барча айбни АҚШда яшовчи имом Фатҳуллоҳ Гулен ва унинг турк ҳарбийлари орасидаги тарафдорлари зиммасига юклайди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилади ва бу икки йил мобайнида сақланиб қолади. 13 мингдан ортиқ киши давлат тўнтаришига алоқадорлик бўйича айбловлар билан қўлга олинади. Қуролли кучларни бошқариш тизими ислоҳ этилади: армия Бош штаб бўйсунувидан чиқарилиб, Туркия мудофаа вазирлиги бошқарувига ўтказилади.
Эрдўған 20 йилдан буён ҳокимият тепасида: 2003 йил 14 мартидан 2014 йил 28 августига қадар бош вазир бўлган ва Туркияни парламентар бошқарувдан президентлик бошқарувига ўтказиш ғоясини фаол тарғиб этган. Қонунчиликка тўғридан тўғри президентлик сайловлари фойдасига хизмат қилувчи ўзгартиришлар киритиш ташаббускори бўлган. Бундай биринчи сайлов якунларига кўра 52,59 фоиз овоз олган ва 2014 йил 28 августида қасамёд қилган. 2018 йилда иккинчи муддатга қайта сайланган. 2017 йилда ўтказилган Конституция бўйича референдум натижасида учинчи бор номзодини илгари суриш имкониятини қўлга киритган.
Эрдўған 1978 йилда уйланган, тўрт нафар фарзанди бор: икки ўғли, икки қизи, саккиз набираси. Президентнинг куёви Берат Албайроқ 2018-2020 йилларда молия вазири бўлган.
Мавзуга оид
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:52 / 17.12.2024
WSJ: АҚШ Сурия чегарасида турк қўшинлари тўпланаётганидан хавотирда
16:24 / 15.12.2024