Жаҳон | 21:49 / 16.05.2023
8457
4 дақиқада ўқилади

2022 йилда дунёда 883 киши суд қарори билан қатл этилди 

Amnesty International 2022 йилда дунёда ўлим жазосининг қўлланилиши бўйича ҳисоботини тақдим этди.

Фото: Getty Images

Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда дунё бўйлаб камида 883 киши суд томонидан қатл этилган. Қатллар бўйича йиллик ҳисоботини эълон қилувчи Amnesty International ташкилоти маълумотларига кўра, бу 2021 йилга нисбатан 53 фоизга кўп ва бу 2017 йилдан буён жаҳон учун рекорд кўрсаткичдир. 

Amnesty International ҳисоботига кўра, ўтган йили 20 мамлакатда (Хитойдан ташқари) 883 киши қатл этилди. Бу 18 мамлакатда 579 киши қатл этилган бир йил аввалги кўрсаткичдан анча юқори. 2022 йилдаги ўсиш Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида қатл этилганлар сонининг сезиларли даражада ошиши билан боғлиқ. 

Ташкилот маълумотларига кўра, 2022 йилда Хитойда ўлим жазоси энг кўп қўлланган. Аммо Хитойда қатл этилганлар сони эълон қилинмагани, давлат сири бўлгани учун аниқ рақамлар маълум эмас. Amnesty International қурбонлар сони минглаб эканини тахмин қилмоқда. 

Эронда 2022 йилда камида 576 киши қатл этилган, бу 2021 йилга нисбатан 83 фоизга кўп. Бу ўсиш қотиллик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловлар бўйича ҳукмлар сони кескин кўпайганидан кейин содир бўлди. 

Саудия Арабистонида бир йил ичида қатл этилганлар сони уч баробарга ошиб, 196 та ҳолатга етди, бу мамлакат учун сўнгги 30 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Бундан ташқари, ўтган йили Саудия Арабистони расмийлари бир кунда 81 нафар маҳкумни қатл қилди. 

Қатл этилганлар сони бўйича Миср кучли учликдан катта фарқ билан «орқада бормоқда», у ерда 24 киши қатл этилган. Бу бир йил олдингига нисбатан 71 фоизга кам, аммо Мисрда ўлимга ҳукм қилинганлар сони йил давомида 51 фоизга ошган. 

Қўшма Штатларда 2022 йилда 18 киши қатл этилган, бу 2021 йилга нисбатан 64 фоизга кўпдир. Аммо бу рақамлар АҚШ тарихи учун энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. 

Шу билан бирга, ўтган йили Ироқда камида 11 киши, Сингапурда 11 киши, Қувайтда 7 киши, Сомалида камида 6 киши, Жанубий Суданда камида 5 киши, Фаластинда 5 киши, Яманда камида 4 киши, Бангладешда 4 киши, Мянмада 4 киши, Беларусда 1 киши ва Япония ҳам 1 киши қатл этилди. 

Шимолий Корея ва Вьетнам ҳам худди Хитой каби қатл этилганлар сонини ошкор қилмайди. Amnesty International ҳисоб-китобларига кўра, бу мамлакатларда ҳам «қатллар сони кўп». 

Ҳисоботда келтирилишича, 2022 йил декабрь ҳолатига кўра, дунёнинг 112 та давлати барча жиноятлар учун ўлим жазосини, 9 давлат эса оддий жиноятлар учун ўлим жазосини бекор қилган. 

Бундан ташқари, Қозоғистон, Папуа-Янги Гвинея, Сиерра-Леоне, МАР, Экватор Гвинеяси ва Замбияни ўз ичига олган 6 та давлатда 2022 йилда ўлим жазоси (барча ёки оддий жиноятлар учун) бекор қилинди. 

Бундан ташқари, Либерия ва Ганада ўлим жазосини бекор қилиш бўйича баъзи қонунчилик чоралари кўрилди. Шри-Ланка ва Малдив ороллари расмийлари ўлим жазосини қўлламасликка ваъда беришди. Малайзияда мажбурий ўлим жазосини бекор қилиш бўйича қонун лойиҳалари парламентда кўриб чиқилмоқда. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йилда бекор қилинган.

Мавзуга оид