Ўзбекистон | 09:42 / 16.05.2023
22223
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда вилоят прокуратураси бўлим прокурори ва ҳокимлик юрисконсульти ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан жойларда ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ хабар бермоқда. 

Видеодан кадр

Жиззах шаҳрида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида 2020 йилда банкдан 200 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олган ва ушбу маблағ ҳисобидан қорамол сотиб олиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган.

Жорий йилнинг февраль ойида кредит берган банк тадбиркор томонидан кредит маблағи мақсадсиз сарфланган деган хулоса билан вилоят прокуратурасига чора кўриш учун мурожаат қилган.

Ўз навбатида, ўрганиб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун мазкур мурожаат Жиззах шаҳар прокуратурасига юборилиб, унинг назорати вилоят прокуратураси бўлим прокурорига юклатилган. Мурожаатни ўрганиб чиққан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Лекин, вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори эса гўёки унинг ўзи тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этганлигини иддао қилиб, “хизмати” эвазига ундан 1300 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси ва 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиззах вилоятидаги туман ҳокимликларидан бирининг юрисконсульти хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, ўз ваколатига кирмаслигини била туриб, чорвачилик ва балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг бошқаруви бўйича юзага келган муаммони танишлари орқали мазкур хўжаликнинг қонуний раҳбари фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

У муқаддам Жиноят кодексининг 210-моддаси билан судланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси ва 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти ҳудудий бўлими мансабдор ходими Асака туманида фаолият юритувчи МЧЖга нефт маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланиши учун лицензия олишда зарур бўладиган хулоса тайёрлаб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари ва лицензия олиб бериш учун “Ўзнефтгазинспекция”да ишловчи танишига 10 минг АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб, МЧЖ таъсисчисидан 13 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пул маблағини ўзининг бўйсинувида бўлган ходим орқали олган вақтда, уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга оид