Путинга ўхшатилган Эрдўған, руслардан фарқли турк электорати ва мухолифат унутган учинчи омил
Эрдўғанни Владимир Путин билан таққослашади: ҳар иккиси ўз давлатларидаги мураккаб даврда одамларга барқарорлик ваъда қилиб ҳокимият тепасига келган. Икковиям анъанавий қадриятларни ёқлаб чиққан.
Лекин қандай қилиб Туркияда Россиядан фарқли ўлароқ, ҳамон рақобатли сайлов имконли бўлиб қолмоқда ва сайлов комиссияси амалдаги президентга 70–80 фоизлик рақамларни чизиб бермаяпти? Жавоб оддий: гап мамлакат етакчисида эмас, сайловчиларда.
Эрдўғанни иккинчи тур кутмоқда
Шунга қарамасдан, биринчи тур натижаларини унинг ғалабаси деб ҳисоблаш мумкин. Барча овозлар санаб чиқилганидан сўнг Эрдўған 49,5 фоиз овоз тўплагани маълум бўлди. Унинг асосий рақиби Камол Қиличдорўғли эса 44,89 фоиз. Бу асло мухолифат умид қилган натижа эмасди.
Социологлар ҳам, Қиличдорўғлининг ўзи ҳам Эрдўғанни биринчи турдаёқ доғда қолдиришини таъкидлашаётган эди. Лекин бу содир бўлмади. Парламент сайловларини-ку, асти қўяверинг, Қиличдорўғли бошлиқ алянс бор-йўғи 35,1 фоиз овоз тўплади ва бу 600 кишилик парламентда 213 ўрин дегани. Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси етакчилик қилаётган блок эса 49,4 фоиз овоз тўплади — бу яқин 5 йилда ҳукмрон партия ўзини бемалол ҳис қилиши учун етарли ҳисобланади.
Сўнгги ойларда экспертларнинг аксарияти сайловларга таъсир ўтказиши мумкин бўлган иккита омилга кўпроқ тўхталишди.
Биринчиси — бу иқтисодий таназзул. Туркия билан боғлиқ ҳолатда Эрдўғаннинг иқтисодий сиёсатга изчил бўлмаган қарашлари ва марказий банкка таъсир ўтказишлари ортидан қўлдан яратилди.
Иккинчиси — февралдаги зилзилалар. Ҳаттоки ҳукуматга ён босувчи нашрлар ҳам вайронкор зилзилалар сайловолди кампаниясини «офатгача» ва «офатдан сўнг»га ажратиб юборганини тан олишди: ўн минглаб одамлар қурбон бўлди, миллионлаб кишилар бошпанасидан айрилди. Бу кўргуликларнинг барчаси анъанавий тарзда Эрдўғанни қўлловчи вилоятларда рўй берди. Амалдаги президент бу қадар қурбонлар рўй берганини қурувчиларнинг виждонсизлигига ағдарди, мухолифат эса барчасига Эрдўғаннинг коррупцияси айбдор деб турди.
Лекин биринчи тур якунларига қараб, ҳамма эътиборсиз қолдирган яна бир муҳим омил ўртага чиққанига гувоҳ бўлиш мумкин. Афтидан, Эрдўған сайлов иқтисодиёт учун эмас, миллий ўзлик учун бўлганига сайловчиларни ишонтира олган. Мухолифат учун бу жуда ёмон хабар.
Реал овозлар: Эрдўғанни мамлакатнинг ярми қўллайди
Эрдўғанни авторитаризмда, жамиятнинг барча жабҳалари устидан назорат, ҳокимият тизгинини ўз қўлларига жамлаш, коррупция ва таниш-билишчилик ҳукмрон бўлган тизимни яратишда (ҳақли равишда) айблашади. Кимнидир эслатиб юбормаяптими?
Лекин Путин билан унинг фарқли тарафлари жуда кўп.
Очиқ сиёсий кураш борасида заррача тажрибаси бўлмаган Владимир Путиндан фарқли ўлароқ, Эрдўған — сиёсатда жуда катта йўл босиб ўтган одам. У ҳаттоки ўз қарашлари туфайли бир муддат қамоқхонада ҳам ўтирган, сўнг аста-секин ўз олдига қўйган марра сари чиқиб борган. Буларнинг барчасига халқнинг ҳаққоний қўллови билан эришган.
Туркия бу маънода Россияга асло ўхшамайди, гарчи кўплаб институтлар ўз мустақиллигини йўқотган бўлса ҳам. Бироқ, сайловчилар уларнинг асосий қуроли — сиёсатга таъсир ўтказиш ва ўз овозларини бериш ҳамон ўз қўлларида эканини билишади.
Пропаганда нимаики билан шуғулланмасин, Россия фойдаланаётган усулларни Туркияда ишлатиш имконсиз. Оммавий овоз сохталаштиришлар фақат бир нарсага олиб келади — миллионлаб инсонлар кўчага чиқиб кетади, кучишлатар тизимлар эса Эрдўған учун халқига қарата ўқ узишга тайёр эмас.
Ҳа, қандайдир қонунбузилишлар доимо мавжуд. Сайловларда кузатувчилар айрим участкаларда Эрдўған учун аввалдан муҳр босилган бюллетенлар пайдо бўлганини қайд этишди, лекин бу ҳодиса оммавий кўринишга эга бўлмайди, Туркияда сайловларнинг ҳалоллиги даражасини кузатиб туриш ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Эрдўған сайлов комиссиясига таъсир ўтказиши ҳам мумкин, лекин кимдир рақамларни чизишни хаёлига келтириш даражасида эмас, албатта. Айнан шунинг учун ҳар икки номзод ва сайловчилар натижаларни борича қабул қилишди.
Натижалар эса бир нарсага ойдинлик киритди: жамият бўлинган ва сиёсий фаол. Айнан шунинг учун сайлов участкаларида узундан узун навбатлар пайдо бўлди. Одамлар ўзлари овоз бериш учун келишди, қария ота-оналарини ҳам олиб келишди, Туркия Эрдўған ҳокимияти остида қолиши ёки янги йўналиш олиши учун овоз беришни соатлаб кутишди.
Энди нима бўлади? Ким ютади?
Сайловларнинг иккинчи тури 28 май куни бўлиб ўтади.
Мухолифатда сайловчиларни ўз томонига оғдириш учун вақт кам. Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, бунинг фақат битта йўли бор: барча муаммоларни четга суриб, фақат иқтисодий мавзуни гапириб туриш, ҳар куни одамларга озиқ-овқат ва транспорт нархлари нақадар ошиб кетганини эслатиб туриш керак.
Ҳаттоки Россиянинг Z-блогерлари ҳам туни билан ухламасдан Эрдўғанни — балким Владимир Путин билан ўзгача муносабатларга эга, бироқ Украинани «Байрактар» дронлари билан таъминлаётган инсонни қизғин қўллаб туришди. Яқин ўртада ҳеч ким россияликларнинг бу қадар қўллаб-қувватлашига эришмаган, 2020 йилдаги Доналд Трамп ҳисобга олинмаса.
Бундай синчков эътиборнинг ҳеч бир ҳайрон қоларли жойи йўқ. Туркия ҳозир Россиянинг асосий иттифоқчиларидан бири. Лекин Россия унутмаслиги керакки, Туркия Украина ва Ғарб давлатлари, араб ва Африка мамлакатлари билан ҳам мустаҳкам алоқаларга эга. Демак, сайловга қизиқиш ҳамма жойда юқори.
Қиличдорўғлида ҳали ғалаба қозониш имконияти борлиги айтилаётган кўплаб прогнозларга қарамасдан, Эрдўған биринчи турни ишончли якунлади. Бу ерда унчалик муваффақиятли бўлмаган номзод танлангани (ҳолбуки, мухолифатда машҳурроқ фигуралар бор эди), шунингдек, Қиличдорўғлининг рейтинглари доимо баланд кўрсатилган сўровномалар нотўғри бўлиб чиққани рол ўйнаши мумкин.
Туркия бўйича етакчи экспертларидан бири, болгариялик Димитар Бечев ушбу овоз бериш жараёнлари якунларини шундай таърифлади: «Эрдўған ҳукмронлиги халқ қўлловини сақлаб турибди, шу сабабли у яна бир марта синовдан муваффақиятли ўтиши эҳтимоли катта». Бу қўллов яқин кунларда иккинчи тур билан синалади.
Мавзуга оид
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:52 / 17.12.2024
WSJ: АҚШ Сурия чегарасида турк қўшинлари тўпланаётганидан хавотирда
16:24 / 15.12.2024