Жамият | 15:09 / 17.05.2023
19918
13 дақиқада ўқилади

Ҳаётий ҳикоя: Қарзсиз яшашга нима етсин?

Ўз шахсини сир тутган қаҳрамоннинг мураккаб вазиятга тушгани ва ундан чиқишга уринаётгани ҳақидаги ҳаётий ҳикоя муштарийларга манзур бўлади деган умиддамиз. Унда бугунги кунда кўпчилик дуч келаётган қарз муаммоси қаламга олинган.

Ҳаётда йигит кишини елкасидан эзадиган энг катта юклардан бири – қарз. Қарз худди шилимшиқ, ёпишқоқ унсурга ўхшайди. Бир марта қўлингни теккизиб кўрдингми, тамом. Ундан қутуламан деганинг сари бошқа бармоқларинг ҳам елимга ботиб боравераркан.

Албатта, қарз билан боғлиқ жараён ҳаммада ҳам бундай кечмайди. Менда ҳам даставвал бунақа бўлмаган. Кимдан қарз олсам, эртароқ беришга ёки зарур бўлса ишлатарсиз, дея олган миқдоримдан бироз кўпроқ қилиб қайтаришга ҳаракат қилардим.

* * *

...Уйимиз йўқ эди. Бир нотурар жойда яшардик. Отам далада ишчи, онам мактабда ўқитувчи бўлиб ишларди. Билмадим, негадир ўша кезлари отам ичкиликка берилиб қолди. Балки шунданми, уй-жой қилишга ҳаракати бўлмади. Мен ва укам ҳали ёш бола эдик. Албатта, бу тақдир. Мен отамни айбламайман. Тўғри, ҳали ўқувчи пайтларим синфдошларим билан мактабдан қайтаётганимизда кўчада маст ҳолда келаётган отамни кўриб, сабоқдошларим олдида роса уялардим. Ўша пайтлари ичимда отамни кўп ичгани учун айблаганман.

Вақт ўтиб, университетни битирганимда ҳам қишлоқда ўз уйимиз йўқ эди. Ўқишга контракт асосида кирганим учун онамнинг ойлиги ўқишим учун тўловга сарф бўларди. Қолаверса, ундан ортган пул рўзғорга кириб кетарди. Ўша йиллари мен турли таҳририятларда аввал курьер, кейинроқ мусаҳҳиҳ ва мухбир бўлиб ишлаб юрдим. Ўқишдан чиқиб газетага ишга борардим. Ойлигим пойтахтда ижара пулига, йўл ҳақи, озиқ-овқат, кийим-бош дегандек, шу каби харажатларга амал-тақал етарди. Етмасди, десам рост айтган бўламан. Лекин бир амаллардим. Ҳаётимнинг қарз дахл қилган пайтлари шу даврда бошланди.

Баъзан ижара ҳақига пул бўлмай қоларди. Баъзан қайсидир синфдош дўстим уйланарди. Тўсатдан пул керак бўлиб қолганда, таниш-билишдан қарз олиб, ойлик ё стипендия чиққанда қайтарардим.

Одам боласи улғайиб боравергани сайин унинг эҳтиёжлари ҳам катталашиб бораверар экан. Афсусланарлиси шундаки, эҳтиёж билан бирга ойлик маош ҳам параллел катталашиб бормас экан.

Кейинчалик эҳтиёжларимга, ўзим ва вилоятдаги оиламизнинг сарфига пул етказа олмай қолдим. Талаба бўлганим боис газетада тўлиқ штатга ишга олишмасди. Ярим, баъзан 0,25 штат бирлигида ишлаб, амаллаб кун кўрардим.

Синфдошимга қўшилиб Юнусободдаги “мойка”да машина ювардим баъзан. Ўқиш битди. Лекин ўзим ўйлагандек катта маош олиб ишлайдиган иш тополмадим. Ўша пайтлари ўзи журналистлар кўп ойлик олмасди таҳририятларда. Яхши ойлик берадиган газеталар саноқли ва уларга Тошкентнинг арзанда “прописка”сисиз ишга кириш қийин эди.

Мен ҳам кўп қатори кун кўра бошладим. Шу орада укам ўқишга кириш ўрнига, Россияга ишлагани кетди. Укам юборган пулга қишлоғимиздаги бир одамдан участкасининг ярмини, қуруқ ернинг ўзини сотиб олдик. Ўша ерга пойдевор қуриб, ихчамгина уй кўтара бошладик. Уй битди. Укам 3 йил ишлаб, уйни битирди. Кўчиб ўтдик.

Мен бакалаврни битиргандан кейин 2 йил ўтиб, магистратурага ўқишга кирдим. Бу сафар бюджетга. Биринчи курсни тугатаётганимда уйланмаган синфдошлар икки киши қолган эдик. Шундай қилиб, синфдошлар ичида охирги бўлиб мен уйландим.

Уйланганимда ҳам хотиним олиб келган мебелда ётишни истамай, мебелларни кредитга олдим. Пул кетса кетсин, ғурур ўлмасин, дедим. Камхарж, одмироқ қилиб ўтказдик тўйни.

Ўша пайтларда бир ташкилотнинг матбуот хизматига ярим штат ишга, оддий ходим бўлиб ўтдим. Жуда кам ойлик берарди. Магисратурада ўқиганим боис, бошқа иш тополмадим.

Маълум жамғармаси бўлмаган мендек ношуд одам ана энди қарзга кўп мурожаат қиладиган бўлди. Шу даражага бориб етдики, оладиган маошимни тўлиғича тарқатсам ҳам қарзларни қоплашга етмай қолди. Шу орада қарздан қутулиш учун яна қарз оладиган, бошқача қилиб айтганда, Алининг дўпписини Валига кийдириб, хижолатли вазиятдан чиқадиган, қарз муддатини бироз бўлса-да узайтириш чорасини кўрадиган бўлдим. Очиғи, бошқа бирор иложини тополмадим ўшанда.

* * *

Хайриятки, Худо бандам, деди. Уйланганимдан кейин бир ижодкор устоз ўзининг бўш турган янги тўрт хонали квартирасини менга фойдаланишга берди. Текинга. Ўша пайтлари энг арзон бир хонали ихчамгина ижара уйнинг ойлик тўлови ойлигимнинг 80-90 фоизига тенг миқдорда нархланарди. Табиийки, мен бу ойлик билан пойтахтда бир кун ҳам ижарада яшолмасдим.

Кейин Аллоҳнинг марҳамати, қолаверса кўп яхши одамларнинг кўмаги билан 20 йиллик ипотека кредити асосида ўзим уй олдим. Фақат уй ҳали тўлиқ битмаганди.

Ўша уй олган илк дамларни кўп эслайман. Қисқаси, менинг номимга уй чиққан. Тезда бошланғич тўловни тўлаш керак. Ёнимда ҳатто 200 минг сўм ҳам йўқ ўша пайтлари. Ваҳоланки, мен салкам 40 млн сўм уй учун бошланғич тўлов қилишим керак. Ўшанда телефоним хотирасида жамики бор рақамларга эринмасдан телефон қилиб, баъзиларига SMS хабар ёзиб, ҳаммадан имкон бўлса борича қарз бериб туришини, кейинчалик ишлаб узишимни айтиб, пул сўраб чиқдим.

Ҳаёт қизиқ-да, уй оламан, деб ҳаракат қилиб юрган пайтларим, бирор давраларда, кимнингдир тўйида кўришиб, кам, аммо самимий мулоқотда бўлганларим — узоқ танишлар кўпроқ ёрдам берди. Яқинлар ҳам қарашди, лекин ўша узоқ танишлар кўпроқ миқдорда қарз ёки эҳсон беришди. Уларнинг аксари чет давлатда ўқиб, ишлаб юрган танишларим эди. Юртга қайтганимда қайтарарсан, деб менга зарур пулнинг учдан бирини юборишди. Кейин қолганига онамнинг ва бир ҳамқишлоғимнинг номига микроқарз олиб, бир амаллаб бошланғич тўловни тўладим. Ўзиям 4 ёки 5 га бўлиб тўладим бошланғич тўловни. Топганимни олиб бориб тўлайвердим.

Уйга бошланғич тўловни тўлаган, устоз ижодкорнинг уйида яшаётган пайтимда катта ўғлим туғилди. Аллоҳ ҳаммани ризқи билан яратади, дейишади. Бу гапга зарра шубҳам йўқ. Чунки ўзи кам маош билан базўр рўзғор тебратаётган камина — талаба-отанинг елкасида энди салкам 40 млн сўмлик қарз турарди. Лекин шукурки, ўғлимнинг ризқини Аллоҳ бериб турди.

Ёзга келиб, ўқишни битирдим. Бу пайтда юртимизда қаттиқ карантин бошланиб қолди. Уйнинг бош тўлови учун олинган иккита микроқарзнинг бирини онам ўқитувчиликдан топган ойлиги билан тўларди. Бировнинг номига олинган кейинги кредитни мен тўлардим.

Карантинда зарурат туфайли банкнинг мобил иловаси орқали кичик суммали иккита кредит олдим. Янги қурилган бўлгани учун мен вақтинча яшаган устознинг уйида ҳам, унинг ёнидаги қурилаётган ўзимнинг уйимда ҳам газ плитаси йўқ эди. Устознинг уйида электр чойнак ва электр плита билан чой-овқат қилиб бир йил яшадик. Уйимизга газ плитаси сингари техникаларнинг энг зарурларини бўлиб тўлаш эвазига харид қилдим. Хуллас, шу тахлит аста-секин қарзга ботиб боравердим.

Ҳамма ойлик олган куни хурсанд бўлса, менинг бошим оғрир эди. Ойликни қайси бирига берсам экан, дея бошим қотарди. Кам маош қарзларимга етмасди. Шунда ойлигим етмагани учун ваъда қилинган кунда беролмаган қарзларимдан қутулиш учун ҳамкасблардан, танишлардан ойликкача деб қарз олардим. Олган пулимни аввалги қарзларимга берардим.

Маошим ҳар ой катталашиб бораётган қарзларимга етмай қолди. Ойлик тушарди, шу кунинг ўзида тарқалиб тугарди. Уйга етиб бормасди маошим.

Орадан бир йил ўтиб, ўз уйимга кўчиб ўтдим. Энди ҳар ой уй учун ҳам кредит тўлардим. Шу билан тўлайдиган катта-ю кичик кредитларим сони еттитага етди. Кредит еттита, маош эса битта. Тўғри, 2-3 та кредитим 2-3 млн сўмлик банкнинг мобил иловаси орқали олинган микроқарзлар эди. Лекин барибир унинг ҳам ойлик тўлови бўларди. Бири 6 ойга, бири 1 йилга ва каттароқлари 2 йил муддатга олинган жами еттита кредит. Ундан ташқари, эски ҳамда бош тўлов учун олинган қарзлар...

Энг ёмони, у кредитларнинг аксари бировларнинг номига олинган эди. Ҳар ой тўлов муддати ўтиб, кечикиброқ пул тўлаганимда, банкдагилар кредитни тўланг, муддати ўтди, деб уларни безовта қилганда жуда хижолат бўлардим.

Шу қарзларни қисқартириш учун қўшимча иш ола бошладим. Таҳририятда имло хатоларга масъул мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаб юрганимда дизайнерлик – газета саҳифалашни ҳам сал-пал ўрганган эдим. Кейин шу қўлимдан келса-келмаса, таваккал қилиб, ойда икки марта чоп этиладиган бир-иккита газетани саҳифалаш ишини олдим. Иш масофадан ва ҳар ойда бир ё икки марта бўлгани боис, ойлиги кўп эмасди. Лекин ҳарна, харажатларнинг бир чеккасини кўтаришга яраб турарди.

Таниш, дўстлар билан учрашиб қолсак, “Оз-оз ойлик берадиган 50та жойда ишламасдан яхши ойлик берадиган бир жойда ишласанг-чи”, дея ҳазил-чин аралаш кулишарди. Иложим қанча, бор ишни амаллаб турибман, яхши ойлик берадиган бир жойда ишласам қанийди, деб орзу қилардим.

Мен қарзга қарши кураш эълон қилдим. Лекин ҳар сафар уни бутунлай енгаман, деб турганимда нимадир бўлиб, яна унга имконни бой берардим. Аллоҳ берганича, қўлимдан келганича ишлаб пул топдим. Бу орада кредитларни кечикиб бўлса-да ёпдим. Онам анча қарашди. Оиламдагилар ёрдамлашди. Ҳатто бир сафар қайнотам вилоятдан таксининг юкхонасини тўлдириб, бозорлик бериб юборибди. Пулсиз, аммо ғурурли эркак сифатида ундан жуда хафа бўлдим. Ўша куни кечроқ қайнотам телефон қилиб, “Бу ҳаёт, унда ҳар хил вазият бўлади. Бирда бор, бирда йўқ, дегандек. Йигит кишининг бошига турли синов тушади. Сиз бу ишимга хафа бўлманг, мен ҳам вақтида қийналганман. Сизни тушунаман. Қолаверса, қишлоқдан бориб, пойтахтда яшашнинг ўзи катта гап. Ота-она болаларига шундай пайтда тиргак бўлмаса, қачон қарашади”, деб узоқ тушунтирди. “Раҳмат”, дедиму, лекин барибир юрагимда бир оғриқли нуқта пайдо бўлгандек, гўё ўзимни камситилган одамдек сездим.

* * *

Бугун бир пайтлари орзу қилганимдек яхши ойлик берадиган битта жойда ишлаяпман. Бир неча бўлакка бўлиниб, қўшимча ишлар олиб, арзимас маош эвазига у ишдан бу ишга қараб чопаётганим йўқ, шукур.

Лекин қарз – қарзни чақирар, деган нақл рост шекилли. Қарзларимдан ҳанузгача бутунлай қутулиб кетолганим йўқ. Орада ука-сингилларнинг тўйи, кредитлар, эски қарзларни ёпиш эвазига ҳосил бўлган қарзлар ҳамон елкамни босиб турибди.

Бировдан қарз олсам қачон қайтариш муддати, қанча қарз олдим, барини ёзиб қўяман. Тезроқ шу қарзлардан қутулишни ўйлайман. Онамнинг тавсияси билан Воқеа сурасини ўқийман-да, Худодан қарзларимга нажот беришини, ҳамма қарзларимдан қутулиб, хотиржам яшаш насиб қилишини сўрайман.

Фақат дуо билан иш битмайди, ҳаракат ҳам зарур, дея таниш нашриётлардан ўқиб, имло хатоларини қараб беришга китоб оламан. Ишдан уйга борганда, бир-икки соат уйқудан кейин 30-40 бет матн ўқийман. Лекин бу қўшимча иш ҳам ҳар доим бўлавермайди...

* * *

Вақтингизни олиб, шунча гапиришимдан мақсад, сиз менга ҳавас қилманг, имкон қадар бу йўллардан ўтманг. Иложи бўлса, қарз олмаслик пайида бўлинг.

Зарур ё нозарур буюм-нарсани, деб кимдандир пул олиш арафасида турган юртдошларимизга жуда эҳтиёж бўлмаса қарз олмасликни айтган бўлардим. Қарз баракани қочиради. Топган ойлик маошингизнинг уйга келадиган миқдори камайиб бораверади.

Баъзан ўй ўйлаб, ўзимни хаёлан ботқоқда кўраман. Қарз аталмиш бу ботқоқ, ундан қутуламан, дея ҳаракат қилганинг сайин домига тортиб кетаётгандек туюлади гўё.

Дунёда энг улуғ бахт – кўнгил хотиржамлиги. Қарз деган бало шу бахтиёрликка соя солиши шубҳасиз.

Ана шу кўнгил хотиржамлигини орзу қилиб яшаётганлардан бири сифатида шу гапларни айтиш борасида ўзимни қарздор сезиб, шуларни ҳикоя қилдим.

Якунда шуни ҳам айтиб ўтмоқчи эдим: кимгадир қарз берсангиз-у, у муддатида қайтара олмаётган, кечикаётган бўлса, у ҳақида ҳар хил хаёлга боришга шошилмаган маъқул. Тўғри, беш қўл баравар эмас. Лекин имкони билан ихтиёри бир-бирига тўғри келмай, қийналаётган қарздорлар ҳам йўқ эмаски, улар қарзини қайтаришни ўйлаб ҳаракат қилаётир...

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид