Ўзбекистон | 12:05 / 17.05.2023
8205
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда шоли майдонларини фақат чекка ҳудудларда жойлаштириш режалаштириляпти

Вазирлар Маҳкамасининг “Сув танқислиги шароитида Қорақалпоғистон Республикасида шоли экинларини оқилона жойлаштириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти барқарорлигига эришиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, ўтган йилнинг август-сентябрь ойларида ўтказилган текширишларда 19 минг 45,6 гектар ер майдонларига ноқонуний шоли экилганлиги, ушбу ер майдонларига 304 млн м3 сув шартномасиз лимитдан ортиқ етказиб берилганлиги, оқибатда 977 гектар аҳоли томорқаларига ҳамда 111 минг гектар бошқа экинларга сув етиб бормасдан, аҳоли, фермер ва деҳқонлар манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги, миллиардлаб сув солиқлари ундирилмасдан қолганлиги аниқланган.

Мазкур қарор лойиҳаси билан қуйидаги асосий талаблар белгиланмоқда:

- шоли экилмайдиган бошқа туманларда норозилик келиб чиқишининг олдини олиш, сув талон-торожлигига чек қўйиш мақсадида шоли экин майдонларини фақат чекка ҳудудлар – Бўзатов, Мўйноқ ва Тахтакўпир туманларига жойлаштириш;

- ушбу туманларда белгиланган шартнома асосида шоли экишга бошқа ҳудуддаги деҳқон ва фермер ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи бошқа ташкилотларга (корхона, муассаса, кластер, бирлашма ва кооперациялар) ҳам имкон яратиш мақсадида танлов комиссияси тузиш;

- белгиланган ҳудудларда ноқонуний шоли экилишининг олдини олиш бўйича туман ишчи гуруҳлари ва республика штабини тузиш;

- халқимизнинг гуруч маҳсулотларига бўлган талабини инобатга олган ҳолда ҳажмини 20 минг гектаргача қатъий чегаралаш;

- озиқ-овқат хавфсизлигини реал таъминлаш мақсадида “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясининг дон қабул қилиш ташкилотларига имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда олинган ҳосилнинг 25 центнерини мазкур ташкилотларга топшириш бўйича фермерлар билан шартномалар тузиш.

Мавзуга оид