Жаҳон | 13:02 / 17.05.2023
5856
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Гуржистоннинг Россияга парвозларни тиклаш қарорини танқид қилди

Гуржистон яна бир авиакомпания - Georgian Airways учун Москвага парвозларга рухсатнома берди. Европа Иттифоқи бу қарорни қоралади.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Гуржистон расмийларининг Россия билан ҳаво алоқаларини тиклаш қароридан афсусда, деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича расмий вакили Питер Стано 16 май, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда. "Россиянинг Украинага қарши ноқонуний уруши туфайли Европа Иттифоқи давлатлари ва бошқа бир қатор давлатлар Россия авиация секторига қарши санкциялар жорий қилди. Биз ва ҳамкорларимиз Россиядан парвозлар амалга оширишга, Россияга ва Россия устидан парвоз қилишга рухсат бермаймиз”, дея қўшимча қилди Стано.

Бир неча соат аввал Гуржистоннинг Georgian Airways авиакомпанияси 20 майдан бошлаб Тбилисидан Москвага тўғридан тўғри рейсларни амалга оширишни бошлаши маълум бўлди. Бу ҳақда Гуржистон фуқаро авиацияси агентлигига таяниб, ТАСС хабар берди. Бир кун олдин регулятор Россиянинг "Азимут" авиакомпаниясига тегишли рухсатнома берди.

10 май куни Россия президенти Владимир Путин 15 майдан Гуржистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилиш ва Россия томонидан 2019 йилдан бери жорий қилинган Россиядан Гуржистонга ҳаво қатновига қўйилган тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили тақиқнинг бекор қилинишини провокация ва Кремлнинг мамлакатда ўз таъсирини кенгайтиришга уриниши деб атади. Россия Федерацияси Украинада уруш олиб бораётган ва Гуржистон ҳудудини босиб олган бир пайтда тўғридан тўғри рейсларни қайта тиклашни қабул қилиш мумкин эмас, деди Зурабишвили.

Ўз навбатида, ЕИ Гуржистонни Россия Федерациясидан техник жиҳатдан "ишончсиз самолётлар"ни киритмасликка ва ҳаво қатнови соҳасида Москвага қарши Европа санкцияларига қўшилишга чақирди.

Мавзуга оид