Жаҳон | 16:08 / 19.05.2023
27051
17 дақиқада ўқилади

«НКВДчилар эшикларимизни тепиб синдириб киришди ва зудлик билан жўнашимизни буюришди» – қримтатар депортациясига 79 йил бўлди

1944 йил май ойи. Қримга бир неча ўн минг НКВД ходимлари ташланади. Улар тонг саҳарда хонадонларга бостириб кириб қримтатарларга зудлик билан йўлга отланишни буюришади. Жўнаш учун жуда қисқа вақт беришади, одамлар фақат кийим-кечакларни олишга улгуради. Кейин 200 мингдан ошиқ қариялар, аёллар ва ёш болалардан иборат қримтатарларни юк вагонларига ортиб Ўзбекистонга олиб келишади. Йўлда оғир шароитда уларнинг бир қисми ҳалок бўлади.

Ҳар йил 18 май куни бутун дунёдаги қримтатарлар мудҳиш сана — қримтатар халқининг депортациясини ёдга олишади. Қўйида советлар томонидан бу жафокаш халқ бошига солинган оғир кунларни эслаб ўтамиз

Усмонли турклар ва Чор Россияси ўртасидаги урушдан сўнг, 1774 йилда имзоланган Кичик Қайнаржа шартномасидан кўп ўтмай, 1783 йилда Қрим хонлигини Россия ишғол этади.

Шундан сўнг Қрим татарлари учун оғир ва машаққатли кунлар бошланади ва ўн минглаб қримтатарлар Усмонлилар давлатининг турли минтақаларига кўчиб ўтишга мажбур бўлишади.

Россия тепасига большевиклар келгандан сўнг Екатерина II даврида қримтатарларга қарши бошланган зулм ва геноцид сиёсати яна давом эттирилди. Бу миллат бошига яна оғир кунлар тушади ва улар ўз ватанидан қувғин қилинади.

Аввалбошданоқ зўравонлик устига қурилган СССРда Иосиф Сталин ҳукмронлик қилган 1922-1953 йилларда ноҳақ айбловлар билан миллионлаб инсонлар ўз уйларидан бадарға қилинади, қамалади, ўлдирилади.

Сталин ва унинг энг яқин ёрдамчиси бўлган НКВД раҳбари Лаврентий Берия ўз ватанида яшаб турган бир қанча миллатларни сотқинликда айблаб, бошқа жойларга қувғин қилади.

Жумладан:

  • Қорачой АССРда (автоном республика) яшовчи қорачойлар 1943 йил 12 октябрда;
  • Қалмиқия АССРда яшовчи қалмиқлар 1943 йил 27 декабрда;
  • Чечен-ингуш АССРда яшовчи чеченлар ва ингушлар 1944 йил 29 январда;
  • Болқор АССРда яшовчи болқорлар 1944 йил 24 февралда;
  • Қрим АССРда яшовчи қрим-татарлар 1944 йил 18 майда қувғин қилинади.

Мустабид тузум томонидан қримтатарлар, чеченлар, ингушлар, қалмиқлар, болқорлар немисларга жосуслик қилишда айбланган бўлса, месхети турклар, курдлар ва хемшинлилар Туркия фойдасига жосусликда айбланган.

Айнан қрим-татарлар ва месхети туркларидан яшаб турган ерларини олиб қўйиш учун улар мислсиз азобга мубтало қилинган. Қримтатарлар Қримдан қувилгач, у ерга кўплаб руслар кўчириб олиб борилган.

Сталин вафотидан сўнг турли миллатларнинг қувғин қилиниши хато ва жиноят бўлгани тан олинади. Уларга ватанларига қайтишга рухсат берилади. Фақат қримтатарлар ва месхети туркларга уйларига қайтишга рухсат берилмайди. Фақат 1989 йилга келиб қримтатарларга Қримга қайтишга изн берилади.

Фото: 24tv.ua

Қримтатарларнинг депортация қилиниши

Қримтатарларни ўз ватанидан қувиш режаси илк бор 1944 йил апрел ойида совет армияси немисларни яриморолдан қувиб чиқарган пайтда туғилганди. Ўша йили 22 апрелда Лаврентий Берия Сталинга ёзган ҳисоботида немисларга қарши жангларда қримтатарлар жанг майдонини ташлаб қочганини, бошқалари немислар томонида туриб уришганини маълум қилади.

Аслида бу гаплар мутлақо ёлғон бўлиб, ўша пайтда қримтатар йигитлариларнинг барчаси фронтда совет армияси ва партизанлар томонида туриб немисларга қарши жанг қилар, яриморолда фақат кекса ёшдагилар, аёллар ва болалар қолган эди.

1944 йил 10 май куни Берия Сталинга хат киритади. Хатда «қримтатарлар совет халқига хиёнат қилгани, шу боис уларни келгусида совет иттифоқининг чегара ҳудудларда қолдириб бўлмаслиги» ёзилганди.

Орадан бир кун ўтиб, 1944 йил 11 май куни Давлат мудофаа қўмитасининг «Қримтатарлари ҳақида»ги махфий қарори қабул қилинади. Унга кўра Қримда яшовчи қримтатар халқи зудлик билан яриморолдан Ўрта Осиёга, Ўзбекистонга депортация қилиниши лозим эди.

Қримтатарларни депортация қилиш 1944 йил, 18 май куни тонг пайти соат 3:00 бошланади. Қрим бўйлаб НКВДнинг 32 минг ходими ҳаракат бошлайди. Улар бутун Қрим бўйлаб аҳоли хонадонларга бостириб киради ва қримтатарларга зудлик билан жўнаш лозимлигини айтади.

НКВД ходимлари қримтатарларнинг эшикларини тепиб киришади ва уларга жўнаш учун бор-йўғи 5 дақиқа вақт берилишини, улар ўзлари билан фақат уст-бош ва йўлда ишлатиш учун идиш олишлари мумкинлигини айтишади. Жўнаш учун жуда қисқа вақт берилгани учун одамлар ҳатто кийим-кечакларини тўлиқ олишга улгурмайди.

Ўшанда НКВД ходимлари ухлаб ётган қримтатарларни уйғотиб, Давлат мудофаа қўмитасининг қарорини ўқиб беришганда улар карахт ҳолга тушишади.

Қарорга кўра, Қрим яриморолида яшовчи қримтатар миллатига мансуб аҳоли бор-йўғи икки ярим сутка ичида, 18 май, тонг соат 3:00 дан, 20 май, кечки 16:00 гача уйларини бўшатиб чиқиб кетиши керак эди.

Депортация пайтида ёш бола бўлган Айрия Багишева ўша даҳшатли кунни шундай эслаганди:

«Совет қўшинлари келиб немисларни қувганда биз ўзимизникилар келди деб хурсанд бўлганмиз. Аммо 1944 йил 18 май куни саҳар пайти кимлардир эшигимизни тепиб, синдириб, уйимизга кирди. Қарасак, совет армияси формасидаги одамлар экан. Биз немислар ўзимизникиларнинг формасини кийиб, қайтиб келди, деб ўйладик. Улар «тез жўнанглар, сизларни кўчирамиз», деб бақира бошлади. Бироздан кейин Сталин биз қримтатарларни уйимиздан, Қримдан сургун қилиш ҳақида қарор қабул қилгани маълум бўлди. Эшигимизни синдириб уйимизга кирганлар совет ҳарбийлари кийимидаги немислар эмас, НКВДчилар экан. Ўшанда бизни қисқа муддатда юк вагонларига тиқиб, номаълум тарафга жўнатиб юборишди. Юк вагонларида тиқилиб, устма-уст бўлиб кетар эканмиз, кимлардир кўз ўнгимизда турли сабаблар билан вафот этар, бекатларга етиб боргунча иссиқда сасий бошлаган ўлик билан ёнма-ён кетар эдик. Бекатларда ўликларни тушириб олиб қолишар эди. Ҳамма бурнини рўмол билан боғлаб олган, аммо вагондаги сассиқ ҳидга барибир тоқат қилиб бўлмас эди. Йўлда вафот этганларнинг аксарияти кексалар ва гўдак болалар эди».

Ўшанда айримлар НКВД ходимларининг буйруқларини бажармаслигини айтади. Бундайлар ўша заҳоти отиб ташланган. Шунингдек, қочмоқчи бўлганлар тутиб олиниб, кейинчалик ГУЛаг қамоқхона лагерларига жўнатилган.

Асосан қариялар, аёллар ва болалардан иборат 200 мингдан ошиқ қримтатарлар 250 та юк машинасига жойланади ва темирйўл томон олиб кетилади. Сўнг уларни юк вагонларига (!) жойлашади ва номаълум томонга қараб олиб кетишади.

Фото: alamy.com

Юк вагонларида шароит жуда ёмон бўлиб, вагон эшиги ёпилганда у ерда нафас олиш жуда қийин бўлган. Бунинг устига ҳожатга чиқадиган жой ҳам вагоннинг ўзида жойлашгани учун бадбўй ҳидга чидаб бўлмаган.

Йўлда кекса ёшдагилар, ёш болалар ва касаллар оғир шароитда вафот этган. Ҳар кун эрталаб қўриқчи аскарлар ўликларни йиғиштириб олган, унгача майитлар одамлар орасида турган.

Кейинчалик депортацияни ўз бошидан ўтказган қримтатарлардан бири шундай эслаганди:

«Эрталаб бизни қўриқлаб кетаётган аскарлар баланд овозда «Ўликлар борми?» деб қичқиради. Одамлар вафот этган яқинларининг жасадларини қучоқлаб йиғлар, уларни аскарларга бергиси келмасди. Бироқ ўликларни дафн этишга рухсат йўқ эди. Аскарлар жасадларни тортиб олар, ёши катталарни эшикдан, ёш болаларни деразадан ташқарига отарди. Ичимлик суви берилмас, одамлар йўлларда кўлмак сувларидан захира қилиб олишарди. Шу сабабли тиф, безгак ва қўтир касаллиги тарқалди. Ҳамма битлаб кетди. Шу аснода узоқ йўл босдик».

Қримтатарлар поездда Ўзбекистонга етказилгандан сўнг 1944 йил 4 июл куни Берия Сталинга бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот беради. Унда Қримдан 183 155 нафар одам чиқарилгани маълум қилинганди.

Шундан сўнг Қримга Россиянинг турли ҳудудларидан руслар кўчирила бошланади. Маълумотларга кўра 1944 йилда ўзида Қримга 50 мингдан ошиқ руслар кўчирилади.

Борганлар қримтатарлардан қолган ҳовлиларга жойлашиб, улардан қолган нарсаларга эгалик қилишади. Шу тариқа, депортациядан сўнг Қримда биронта ҳам қримтатар қолмайди.

Кўп ўтмай, 1944 йил охирида совет иттифоқи ҳукумати томонидан чиқарилган қарор билан Қримдаги барча жой номлари русчага ўзгартирилади.

Бериянинг ҳисоботида Тошкентга етиб келгунча қримтатарлардан 191 нафар одам ўлгани айтилган. Бироқ Сталин вафотидан кейин ошкор бўлган ҳужжатларга кўра, Берия ўлганларнинг сонини яширгани, белгиланган манзилга етиб боргунча қримтатарлардан ўн мингга яқини ҳалок бўлгани ойдинлашади. Бошқа манбаларда эса ўлганлар сони ундан ҳам кўп бўлганини айтишган.

Депортация гувоҳи бўлганлар кейинчалик одам кўп ўлишига етарли даражада овқат берилмагани, тиббий хизмат кўрсатилмагани ва одамларнинг ифлос сувни истеъмол қилгани сабаб бўлганини маълум қилишган.

НКВД ҳисоботларига кўра Қримдан 193 865 нафар қримтатар депортация қилинган. (Демак Берия Сталинга ёзган ҳисоботида уларнинг сонини қарийб 11 минг нафарга кам кўрсатган).

Улардан 151 136 нафари Ўзбекистонга, 8597 нафари Мари АССРга, 4 286 нафари Қозоғистонга жойлаштирилган. Бундан ташқари, ишга яроқли бўлган 10 555 нафари Перм, 6 743 нафари Кемерово, 5 095 нафари Горкий, 3 594 нафари Свердлов, 2 800 нафари Иваново, 1 095 нафари Ярослав вилоятларидаги турли корхоналарга жойлаштирилган.

Бироқ кейинчалик Қримдан Берия ва НКВД ҳисоботларида кўрсатилгандан кўпроқ одам қувғин қилингани маълум бўлади.

Фото: alamy.com

Ўзбекистонга келтирилган қримтатарларнинг асосий қисми Тошкент ва Самарқанд вилоятларига жойлаштирилган. Қолганлари Андижон, Қашқадарё ва бошқа вилоятларга тақсим қилинган.

«Сталин қримтатарларни сотқинга чиқариб, ватанимиздан қувиб чиқарган бўлса-да, қардош ўзбеклар бизни анча ҳамдардлик билан, илиқ кутиб олишди. Ўзлари ҳам оғир кунларни ўтказаётганига қарамасдан сўнгги бурда нонларини биз билан бўлишишди. Уйларидан жой беришди. Агар ўшанда бизни Ўзбекистонга эмас, Россиянинг кимсасиз совуқ ҳудудларига олиб бориб ташлашганида қримтатарлар миллат сифатида бутунлай йўқ бўлиб кетарди», деган эди ўша оғир кунларнинг гувоҳи бўлганлардан бири.

Ўзбекистонда қримтатарларнинг асосий қисми колхозларда ишлаган. Яна бир қисми турли қурилишларда меҳнат қилган. Уларга энг қийин ишлар топширилган.

Архив маълумотларида келтирилишича, 1946-1947-йилларда Ўзбекистонда оғир шароитда яшаган қримтатарлардан қарийб 20 минг нафари ҳалок бўлган

Бироқ бошқа манбаларда 1944-1947-йиллар оралиғида Ўзбекистонга жойлаштирилган қримтатарларнинг 40 фоизидан ошиқроғи ҳалок бўлгани ёзилган.

«Узоқ юриб бир бекатлардан бирида тўхтадик. Бизни ўша ерда тушириб баракларга ёки қаровсиз уйларга жойлашди. Кейин билсак, бизни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри яқинидаги совхозга олиб келишган экан. Кўп ўтмай онам вафот этди ва мен сингилларим билан ёлғиз қолдим. Кўп ўтмай бизни болалар уйига топшириб юборишди. Улғайганимдан сўнг Ангрендаги конда ишлай бошладим. Оила қурдим, фарзандли бўлдим. 1980-йиллар охирида Қримга қайтишимизга рухсат беришди. Ўзбекистонни ўлгунимча бизга берган меҳри учун унута олмасам керак. Фарзандларим ўша ерда туғилгани учун ўзларини ҳанузгача ўзбекистонлик деб билади. Улар Қримда туғилган набираларимга Ўзбекистон иккинчи ватанимиз эканини, ўзбекларни қаерда кўришса ҳам, ҳар қандай ҳолатда уларга ҳурмат кўрсатишни, ёрдам бериш лозимлигини таъкидлайди», дейди ҳодиса гувоҳи бўлган Айрия Багишева.

Фото: aif.ru

СССР министрлар советининг 1947 йил 21 ноябрдаги қарори ва СССР олий совети президиумининг 1948 йил 26 ноябрдаги буйруғи билан қримтатарлар ва бошқа депортация қилинган миллатлар учун жуда қаттиқ тартиб жорий қилинади.

Жумладан, улар ўзи яшаб турган жойдан бошқа исталган туманга бормоқчи бўлса фақат яқин қариндошининг чақируви билан бунга рухсат берилган. Акс ҳолда чиқиш мумкин бўлмаган.

Мабодо кимдир бу тақиққа бўйсунмаса аввалига маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Қоидани такрор бузганларга эса жиноят иши қўзғатилиб, 20 йилгача қамоқ жазоси берилган.

1953 йилда Сталин вафот этади. Кўп ўтмай унинг даврида ноҳақ қамалганлар озод қилинади. Қатағонларни содир этишда қатнашганлар маҳкамаларга тортилади. Энг биринчи Берия қўлга олиниб, суд ҳукми билан отиб ташланди.

Шундан сўнг Микоян бошчилигида махсус комиссия тузилади ва депортация қилинган миллатларни ватанларига қайтариш масаласи кўриб чиқилади. Ўшанда қувғин қилинган миллатларга ватанларига қайтишга рухсат берилади, бироқ улар орасида қримтатарлар ва месхети турклар йўқ эди.

Бу икки миллат вакиллари депортация қилинган жойидан чиқиб, СССРнинг ўзи хоҳлаган бурчагида бориб яшаши мумкин эди. Бироқ ватанга қайтишга рухсат берилмайди.

Кейинчалик Анастас Микоян ўз эсдаликларида нега қримтатарларга ўз ватанига қайтишига рухсат берилмагани ҳақида шундай ёзганди:

«Ўшанда нега Қримтатар автоном республикаси қайта тузилмади? Қримтатарларга ўз уйларига қайтишга рухсат берилмади. Гап шундаки, қримтатарлар яриморолдан қувиб чиқарилгандан сўнг уларнинг уйлари бошқалар томонидан эгаллаб олинганди. Агар қримтатарларга уйларига қайтишга рухсат берилса бу иш миллатлараро низо келтириб чиқариши аниқ эди. Шу сабабли қримтатарларга Қримга қайтишга рухсат берилмади».

Шу тариқа қримтатарлар ўз уйларига қайтишдан мосуво бўлишади. Шундан сўнг уларнинг асосий қисми Ўзбекистонда яшаб қолади. Қолганлари эса СССРнинг бошқа ҳудудлари бўйлаб тарқалиб кетишади.

Фото: milli-firka.org

Қримга қайтиш

1985 йилда СССРга Михаил Горбачёв раҳбар бўлгандан сўнг кенг миқёсда ислоҳотлар ўтказа бошлайди. Совет қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши, СССРда диний эркинлик берилиши ва бошқа яна бир қатор ишлар билан бирга 1989 йилда қримтатарларга Қримга қайтишга рухсат берилади.

1989 йил 28 ноябр куни СССР олий совети қримтатарлар масаласида қарор қабул қилади. Ушуб қарорда 1944 йилда қримтатарлар ноҳақ айблангани айтилган, депортация хато ва жиноят бўлгани тан олинган, уларнинг тарихий ватанларига қайтишга рухсат берилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги қримтатарлар ёппасига Қримга кўчиб кета бошлайди. Кетишни хоҳламаганлар шу ерда қолишади.

Шунингдек, қарорда Украина СССР таркибида Қримтатар автоном республикаси ташкил этиш белгиланган эди.

Қримга қайтиб борган қримтатарлар билан руслар ўртасида можаро келиб чиқмаслиги учун яриморолга қайтганларга уй тиклаш учун ер ва бепул қурилиш ашёлари берилади.

Маълумотларга кўра, СССР парчаланиб кетгунча Қримга 150 минг нафардан ошиқ қримтатар қайтиб боради. Бу жараён СССР парчаланиб кетгандан сўнг ҳам давом этади.

1991 йил 26 апрелда РСФСРда (СССРда Россия федерацияси шундай қисқартма билан аталган) «Қатағон қилинган халқлар ҳақида»ги қонун қабул қилинади. Мазкур қонунда Сталин бошқаруви даврида турли миллатларнинг депортация қилиниши уларга нисбатан содир этилган геноцид деб тан олинганди.

Фото: hromadske.ua

Ҳар йил 18 май куни Қрим яримороли бўйлаб ўша оғир ва машъум кунни, унинг қурбонларини хотирлаш куни бўлиб ўтади. Қримтатарлар ўша машъум кунлар гувоҳи бўлган кекса ёшдаги инсонларни йўқлайди, қатағон муносабати билан барпо этилган хотира мажмуаларига боради. Ўтганлар руҳига Қуръон тиловати қилинади. Шунингдек, бундай тадбирлар Россия ва Украинада яшовчи қримтатарлар томонидан ҳам ўтказилади.

Қримнинг Россия томонидан эгаллаб олиниши ва таъқиблар

2014 йилда бошланган Россия-Украина можароси ортидан ўша йили Россия халқаро нормаларга зид равишда Қримни аннексия қилди. Шундан сўнг бу ерда яшовчи қримтатарлар яна турли муаммоларга дуч кела бошлашди.

Россия кучишлатар тизимлари томонидан қримтатарлар орасида эҳтимолий хавф сифатида кўрилганлар ноқонуний тарзда таъқиб қилинди, қўлга тушганлари қамалди. Қримтатарларидан чиққан таниқли шахсларнинг аксариятини яриморолга кириши тақиқлаб қўйилди.

Жумладан, қримтатар халқининг раҳбари Мустафо Абдулжамил Қирим ўғлига ва қримтатарларнинг иродасини ифодаловчи Қримтатар миллий мажлиси (КТММ) раиси Рефат Чубаровга яриморолга кириш ман этилди.

Москвада Қримнинг Россияга қўшилиши бўйича битим имзоланиши жараёни.
Фото: РИА Новости

Россия томонидан Қримтатар миллий мажлиси «экстремистик ташкилот» сифатида баҳоланиб, унинг фаолияти тақиқланди. Қрим республикасининг Украина бошқаруви давридаги парламенти билан бевосита алоқада бўлган 2 500 қримтатар ва уларнинг яқинлари экстремистик ташкилот аъзоси қаторига киритилди.

Шундан сўнг Россия маъмуриятининг босими туфайли минглаб қримтатарлар яриморолни тарк этишга мажбур бўлишди.

Яриморолда қримтатар халқининг уйлари, масжидлар, болалар боғчаларига қилинган босқинлар ва «террорчи ташкилот аъзо бўлиш» айблови билан ҳибсга олишлар ҳануз давом этмоқда.

Аслида эса Россия ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг мақсади Қримнинг босиб олинишига қарши бўлган қримтатарларни топиб жазолаш бўлмоқда.

Шу туфайли бугун Қримнинг Россия томонидан босиб олинишига қарши бўлган қримтатарларнинг аксарияти яриморолдан қочиб чиқиб кетган. Уларнинг катта қисми Украинада, бошқалари хориж давлатларида яшамоқда.

2014 йил 24 феврал куни республика парламенти биноси олдига Қрим Украина таркибида қолишини қўллаб чиққан намойишчилар.
Фото: pikabu.ru

2015 йилда Украина Олий Радаси «1944 йилда Қрим-татар халқининг депортацияси»ни геноцид деб тан олди. 18 май Қримтатар халқининг геноциди қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилинди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид