Жаҳон | 17:39 / 24.05.2023
5633
2 дақиқада ўқилади

Британия мудофаа вазири Киевга борди

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес эълон қилинмаган ташриф билан Киевга борди ва у ерда Украина мудофаа вазири Олексий Резников билан учрашди. 

Фото: Reuters

Муҳокама мавзулари Украинанинг НАТОга қабул қилиниши истиқболлари, шунингдек, Ғарб ҳамкорлари томонидан Киевни кейинги ҳарбий қўллаб-қувватлаш ва Украинанинг ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув истиқболлари ҳақидаги қарашлари бўлди, деб ёзди Резников Twitter’да.

Украинанинг Liga.net интернет-нашри ёзишича, Уоллес ўз мамлакати Украинага берган Storm Shadow қанотли ракеталарини Ғарб ҳамкорлари томонидан Киевга тақдим этилган «шундай турдаги биринчи қурол» деб атаган. 

Ўз навбатида, Олексий Резников Бен Уоллеснинг шахсий иштироки туфайли Украина Storm Shadow’дан ташқари «бошқа кўплаб нарсаларни» олганини таъкидлади. У бу ҳақда ҳозирча очиқ айтолмаслигини билдирди.

Буюк Британия Украинанинг Лондон Киевга топширган узоқ масофали Storm Shadow ракеталаридан фойдаланганидан хабардор. Бу ҳақда Лондонда Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес норвегиялик ҳамкасби Бьорн Арилд Грам билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтганди. 

«Фақат айтишим мумкинки, улар Украинага жўнатилаётгани ҳақида эълон қилганимиздан кейин ҳам фойдаланишда бўлган, менинг маълумотларимга кўра, улар аввалроқ қўлланган. Лекин тафсилотларни келтира олмайман», - деди Уоллес. 

Унинг сўзларига кўра, «жанговар қирувчи самолётлар каби узоқроқ масофадаги нишонлар вайрон бўлишини таъминлайдиган» Storm Shadow ракеталари Украинага ҳали тақдим этилмаган замонавий самолётларнинг етишмаслигини қисман қоплаш имконини беради.

Мавзуга оид